Маълумотларга қараганда, «Машъал» академиясининг 1996 йилда туғилган футболчилари ўтган йили Биринчи лигада иштирок этган «Ёшлик» жамоаси шарафини ҳимоя қилишади.
«Машъал» жамоасининг биринчи лигага тушиб кетганлиги учун клуб раҳбарияти шу қарорга келишди. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, ўтган йили "Ёшлик" жамоаси иқтисодий муаммолар сабаб биринчи лиганинг иккинчи давра ўйинларида иштирок этишни тўхтатганди. Унинг ўрнига иккинчи босқичда Самарқанднинг "Регистон" жамоаси иштирок этганди.
Маълумки, ЎзПФЛ регламентига кўра, битта лигада битта ПФКнинг иккита жамоаси (асосий ва фарм) иштирок этиши мумкин эмас. "Машъал" биринчи лигага тушиб кетиши муносабати билан "Машъал-Академия" мусобақасиз қолиб кетганди. Муборакликлар мана шундай йўл билан клуб тарбияланувчиларига ўйин амалиётини тақдим этишни режалаштиришган.
"Ёшлик" клубининг ўзи эса ундан аввал Биринчи лигада иштирок этган "Ерқўрғон" клубининг ўрнига мусобақада иштирок этаётганди ("Ерқўрғон" клуб банкрот деб эълон қилиниб, унинг ўрнига янги жамоа — "Ёшлик" ташкил қилинганди). "Ерқўрғон"нинг ЎзПФЛ ва футболчилар олдида мавжуд бўлган 120 млн. сўм қарзини эса ЎзПФЛ "Ёшлик" клуби зиммасига юклаганди. Натижада "Ёшлик" ҳам Биринчи лигадаги фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.