Лига ва "Сурхон" клуби ўзаро келишган ҳолда Термиздаги "Сурхон" аренада бўлди. Учрашувда Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ҳамда Миллий телерадиокомпания мутахассислари ҳам иштирок этди.
Таъмирлаш ишлари маълум босқичга етгани ҳисобга олиниб, Лига талаби бўйича техник ҳудуд қандай бўлишини келишиш лозим эди. Футболчилар ва ҳакамлар кийим алмаштириш хоналари, комиссар фаолият олиб борадиган хона, ОАВ учун медиа трибуна ва матбуот анжумани зали, ВИП ҳамда CИП секторлар қаерда ва қандай жойлашиши каби масалалар ҳал этилди. Захира ўриндиғи қандай кўринишда бўлиши келишиб олинди.
Шунингдек, ВАР ҳамда телевидение техникаси жой олиши лозим бўлган нуқта, мазкур нуқталар учун зарур бўлган стадион техникаси масаласи муҳокама қилинди. Келажакда ВАР мутахассислари ишлаши учун стадионнинг ўзида алоҳида хона бўлиши белгилаб олинди. Телевидение камералари жой оладиган нуқталар, мазкур нуқталарга етказиб берилиши лозим бўлган техника, нуқтанинг мухлислардан алоҳида ажратилиши ва жиҳозланиши масалалари келишилди.
Сир эмаски, "Сурхон" раҳбарияти ВИП секторга қарама-қарши трибуналар ортидаги ҳудудда ҳам янги майдон барпо қилмоқда. Келажакда мазкур майдон нафақат машғулотлар, балки U21 жамоаси учрашувларига ҳам мезбонлик қилиши кўзда тутилган. Шундан келиб чиқиб, трибуна остида қўшимча кийим алмаштириш ва бошқа зарур хоналарни жиҳозлаш, майдон атрофини Лига талаби даражасида ўраб олиш, техник ҳудуд, захира ўриндиқлари масаласи ва мухлислар жой олиши учун кичик трибуна ҳозирлаш масалалари юзасидан келишилди.
Лига медиа бўлими аввалроқ "Сурхон" аренада бўлиб, қуйидаги видеолавҳани улашганди. Сурхон арена мавсумнинг иккинчи даврасидан бошлаб ишга тушиши режалаштирилган.