Янги мавсумга Туркияда пухта ҳозирлик кўраётган «Нефтчи» бугун яна бир бор «Сочи» клуби билан назорат ўйинини ўтказди.
Биринчи бўлим аввалида вакилларимиз фаол ўйнаб, 5-дақиқада Жасур Жалолиддиновнинг маҳорати ва кучли зарбаси эвазига ҳисобни очишга муваффақ бўлдилар — 1:0. Киритилган голдан сўнг ўйин сурати бироз тенглашди ва ҳар иккала жамоада ҳам гол уриш учун имкониятлар юзага келди. Лекин, танаффусга қадар ҳисоб ўзгармай, минимал устунлик билан вакилларимиз майдонни тарк этишди.
Иккинчи бўлимда мураббийларимиз таркибни деярли тўлалигича алмаштиришга қарор қабул қилиб, захирадаги ўйинчиларни майдонга туширдилар. Ўйинга қўшилган футболчилар анча фаоллик билан ҳаракатланиб, бир неча бор рақиблар дарвозасига хавф солишга уринишди. Аммо, беллашувнинг 61-дақиқасида бурчак зарбасига эга чиққан россияликлар жавоб тўпини киритишди — 1:1.
Шундан сўнг футболчиларимиз ўйинида жонланиш юзага келди ва учрашувнинг 80-дақиқасида ўнг қанотдан оширилган аниқ узатмага Беҳруз Облақулов тўпни тўхтатмасдан кучли зарба билан «Сочи» дарвозасига чиройли гол киритди — 2:1.
Ҳисобни ўзгартириш навбати энди россияликларга ўтгандай бўлди ва улар тез-тез қарши ҳужумга зўр бердилар. Беллашувнинг 84-дақиқасида ҳимоячиларимиздан ўзиб кетган «Сочи» вакили дарвозамизни иккинчи бор ишғол этиб, ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди.
Учрашувнинг қолган дақиқалари ўзгаришсиз ўтди ва ўйин дуранг 2:2 натижаси билан якун топди.
Халқаро назорат учрашуви
«Нефтчи» – «Сочи» 2:2
Гол: Жасур Жалолиддинов 5′(1:0), Г. Сауль 62′(1:1), Бехруз Облоқулов 80′(2:1), К Заика 85′(2:2)
«Нефтчи»: Ботирали Эргашев, Зоир Журабоев, Анвар Ғофуров, Мирзохид Ғофуров, Аббос Ғуломов, Жавохир Қахрамонов, Хусайн Норчаев, Мухсин Убайдуллаев, Жасур Жалолиддинов, Каталин Карп, Михай Роман
Захирадан қўшилганлар: Билолхон Тошмирзаев, Диёр Туропов, Дониёр Валиев, Ғулом-Ҳайдар Гуламов, Санжар Қодирқулов, Жалолиддин Жумабоев, Шоҳруз Норхонов, Манучеҳр Сафаров, Бехруз Облақулов, Хуршид Мухторов
«Нефтчи» матбуот хизмати