Душанба куни “Бунёдкор”нинг Япониядаги навбатдаги машғулоти бўлиб ўтди.
Жамоа аъзолари “Big Arch Football Stadium” стадионига қарашли майдонларнинг бирида шуғулланди.
Жамоа машғулотига яқинда “қалдирғочлар” билан шартнома тузган Марко Блажич қўшилди. У кеча кечқурун Анталия-Токио-Хиросима йўналиши бўйича етиб келди. Ҳозирча Марко билан суҳбат қуриш маврида эмас. Боиси футболчи айни дамда оғир бўлган соатлар ўзгаришини бошидан ўтказмоқда. Шундай бўлса-да, у машғулот давомида анчайин фаол иштирок этди.
Бугунги машғулот олдингиларидан кескин фарқ қилди. Асосий эътибор ўйин вазиятларига қаратилди: ҳимояланиш, ҳужумга ўтиш, комбинациялар ташкил этиш ҳамда рақиб дарвозаси олдида юзага келадиган ҳар қандай имкониятни голга айлантириш каби тактик режалар синаб олинди.
Хиросимадаги об-ҳаво кун саъйин исиб бормоқда. Бугун кечагидек ёқимсиз шамол бўлгани йўқ.
ОАВ хабарларига кўра Хиросимада қор ёғиши мумкин экан. Шимолий Аомори худудида бошқа жойларга қараганда кўпроқ қор ёғган. Маълумотларга қараганда тоғли худудларда қорнинг қалинлиги 5,5 метргача бўлган. Бу мутлақо рекорд кўрсаткичдир. Баъзи жойларда қорнинг қалинлиги туфайли темирйўл ҳаракатлари тўхтатилган.
Транспорт ҳаракатлари муаммолари сабаб Япониядаги олийгоҳлар имтихонлари бошқа муддатга қолдирилган.
Мухлисларимиз ташвишга тушмасалар ҳам бўлаверади: Хиросимада қор йўқ! Қуёш кўринаётган бўлса-да, ҳали-вери қиздирадиган даражада эмас. Умид қиламизки, бизни кўпроқ қуёш ҳарорати эмас “қалдирғочлар”нинг чиройли ўйини қиздирсин.
Эслатиб ўтамиз, Миржалол Қосимов шогирдлари 27 февраль куни Япония чемпиони – “Санфречче Хиросима” клубига қарши тўп тепишади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 15:00да старт олади.
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев,
Хиросима, Япония