Бугун "Локомотив" футбол клуби матбуот анжумани ташкил этиб, жамоаларга қабул қилинган янги футболчиларни кенг оммага таништириш билан биргаликда, жамоа мураббийлари ва раҳбариятининг мавсумдаги мақсадлари борасида маълумот берди.
Матбуот анжумани 3 қисмдан иборат бўлди. Дастлаб жамоа бош мураббийи ва спорт директори "Локомотив"нинг мақсадлари ва режалари ҳақида сўзлашган бўлса, ундан кейин клуб бош директори журналистларнинг саволларига жавоб берди. Маросимнинг сўнгги қисмида янги футболчиларга футболкалар топширилди.
Биринчи қисм
Ҳаким Фузайлов (клуби бош мураббийи вазифасини бажарувчи):
— Биз мавсумга тайёргарликни ўтган йилнинг 18 декабрида бошладик ва дастлабки ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун БААга йўл олдик. Амирликдаги йиғинимиз самарали ўтди. Ўтган йилги таркибни сақлаб қолган қолган ҳолда, яна бир неча футболчиларни таркибга қўшиб олдик. Улар жамоанинг янада кучайишига ёрдам беради. Бунга шубҳа қилмайман.
— Санжар Турсунов қайси жиҳати билан сизни ўзига тортди.
— Санжар Ўзбекистоннинг 2012 йилдаги энг яхши футболчиси ҳисобланади. Шунингдек, у доимий равишда Ўзбекистон миллий терма жамоасига таклиф қилиниб келади. Турсунов тезкор қанот ярим ҳимоячиси бўлиши билан бирга, замонавий футбол талабларига жавоб беради. Россия клубларидаги ўйинлари орқали катта тажриба тўплаган. У жамоавий ўйин футболчиси ҳисобланади. Унинг ҳаракатлари клубимизнинг ҳужумкорлигини янада оширади. У ҳақиқий профессионал, жамоамизга тезда киришиб кетди.
— Жамоа Осиё Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичига чиқа олмади. Жамоага таклиф этилган айрим футболчилар захира ўриндиғида ўтириб қолмайдими?
Равшан Муқимов (клуб спорт директори): — Бу — рақобат. Унда ким устун бўлса, ўша футболчи майдонда ҳарак қилади. Биринчи ўйинимиз 4 март куни ўтказилади ва учрашув қайдномасига киритиладиган 18 нафар футболчини мураббийлар штаби аниқлайди. Ушбу мавсумда асосий таркибга кириши қийин бўлган икки нафар футболчимиз — Собир Усмонхўжаев ва Иброҳим Раҳимовни бошқа жамоага ижарага берилди.
— Жора Оганесян "Пахтакор"га ўтиб кетди. Уни жамоада олиб қолишни истаганмидингиз? Унинг ўрнида ушбу мавсумда қайси футболчилар эгаллайди?
Ҳ.Фузайлов: — Уни клубда олиб қолишни истагандик. Аммо у билан янги шартнома борасида келиша олмадик. Унга янги жамоасида омад тилаймиз. Жоранинг ўрнини Садриддин Абдуллаев ва Виктор Карпенкодан бири эгаллаши мумкин. Улар нафақат унинг ўрнини эгаллашади, ҳаттоки жамоамизни кучайтира олади. Шунингдек, жамоамиздаги ягона легионер Алан Кусов ҳам бу позицияда ўйнай олади.
— Ўзбек футболида трансфер деярли амалга оширилмайди. Бирор футболчини сотиб олиш клубнинг имконияти етмайдими?
— Таъкидлаш лозим, сафимизга қўшилган янги футболчиларнинг барчаси эркин агент эди. Биз уларни ҳеч кимдан сотиб олганимиз йўқ. Бир позицияда тернг кучли икки хил футболчи бўлсаю, улардан бири эркин агент, иккинчиси трансфер нархига эга бўлса, албатта биз бепул футболчини танлаймиз. Сабаби клуби маблағини бехудага сарфлашни истамаймиз.
— Санжар Турсунов "Алания" билан шартномага эга эди ва у клуб томонидан трансферга қўйилгани айтилганди...
Р.Муқимов: — У ўз клуби билан келишган ҳолда эркин агент мақомини олди. Шунинг учун сафимизга эркин агент сифатида қўшилди.
Ҳ.Фузайлов: — Санжар Турсунов ёзгача бўлган муддатга клуб билан шартнома имзолади. Миллий терма жамоа манфаатидан келиб чиқиб шундай қилинди. У клубимизда ўйин амалиётига эга бўлса, терма жамоага ҳам фойдаси тегади. Агар ёзда унга кучли миллий чемпионатдан таклиф тушадиган бўлса, уни қўйиб юборишимиз мумкин.
Қолган футболчилар билан узоқ йиллик шартнома имзоладик. Биз ҳар йили таркибни бутунлай ўзгартириб, уни қайтадан шакллантириш ниятимиз йўқ. Футбол мактабимизни ўйинчилар тамомлашни бошлашганидан кейин эса эътиборимизни ўзимизнинг тарбияланувчиларга қаратамиз.
— Клуб олдига раҳбарият томонидан қандай мақсад қўйилди?
— Камида ўтган йилги натижамизни яхшилашамиз керак. Раҳбарият биздан фақат шуни кутяпти. Бунинг учун эса бизга барча шароитлар яратиб бериляпти.
— Ривожланган футбол жамоалари асосий эътиборни ўзининг футбол мактаби ёки академияси тарбияланувчиларига қаратади. "Локомотив"да бу борада ишлар қай тариқа йўлга қўйилган.
Р.Муқимов: — Клубимизда ёшларига бўлган эътибор юқори. Асосий жамоамиздан ташқари, ёшлар, футзал клубимиз бор, ҳозирда аёллар клубини ҳам очдик. Барчага эътибор бир хил. Футбол мактабимизнинг асосий мақсади бош жамоамизга ўйинчи тайёрлаб беришга қаратилган. Яқинда ёшлар жамоаларига ҳам янги мураббийларни олдик. Ўринбосарлар жамоасига 3-4 нафар фтуболчини қабул олдик. Келаси йили эса футбол мактабимизни дастлабки битирувчилар етишиб чиқишади. Улардан умидимиз катта.
— "Локомотив" ва "Локомотив-БФК" клублари битта ном ва битта муассис остида мусобақаларда иштирок этишса-да, ташқаридан қараганда улар икки хил жамоадек таассурот уйғотади. Бу икки клубнинг ўзаро иш олиб бориши қай тарзда йўлга қўйилган.
— "Локомотив-БФК" жамоаси Ўзбекистон темирйўллари компанияси томонидан вилоятларда футболни оммалаштириш мақсадида очилган. Унинг 12та вилоятда бўлимлари бор. "Локомотив" клуби бу жамоа билан доимий равишда ҳамкорликда ишлаб келамиз. Куни кеча "Локомотив-БФК" масъул ходимлари билан учрашдик ҳада ҳар ойда 1-2 марта "Локомотив-БФК" ва клубимиз ўринбосарлар жамоаси билан назорат ўйинларини ўтказиб туришга келишиб олдик. Бу жамоа таркибида иқтидорли футболчилар кўзга ташланса, уларни ўз сафимизга қўшиб олишимиз мумкин.