1 март куни ЎФФ Терма жамоалар маркази Мураббийлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда терма жамоалар мураббийлари марказ директори Асқар Толибжоновга ўз ҳисоботларини топширдилар.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси
Йиғилишда биринчи бўлиб Ўзбекистон миллий терма жамоаси катта мурабийи Шуҳрат Мақсудов қилинган ишлар бўйича ҳисобот қилди. Хабарингиз бор, Ўзбекистон терма жамоаси январь-февраль ойларида Тошкент шаҳрида ва БАА мамлакатларида ўқув машғулот йиғинларини ўтказди.
Терма жамоа катта мураббийи Шуҳрат Мақсудов, миллий терманинг тайёргарлик жараёнида яратилган шароитлар учун ЎФФ Президенти М.Усмоновга миннатдорчилик изҳор қилди. «БААдаги йиғин самарали ўтди. Гонконг билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этилган бўлса ҳам йигитлар яхши тайёргарлик кўришди», - деди Мақсудов.
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси (U-17)
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиев ўз ҳисоботида Тошкент ва БААда ўтказилган йиғинлар ҳақида маълумот берди. «Терма жамоа ўйинни кучайтиришда қилинадиган ишлар кўп. Хурсанд қиладигани жамоада бирдамлик кучли. Ўйинларда ғалаба қозонганимизнинг сабаби ҳам шу», - деди Нуралиев. Ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи шунингдек, терма жамоа сафига янги чақирилган футболчилар ўзларини кўрсата олганликларини ва рақобат кучайганини қўшимча қилди.
Мажлис давомида сўзга чиққан ЎФФ ТЖМ директори А.Толибжонов янги номзодларни вилоят, шаҳар, туман, қишлоқлардан қидириш кераклигига алоҳида урғу берди. «Чекка туманларга чиқинг, қидиринг. Тавсия қилинганларни бориб ўз кўзингиз билан кўринг. Қандай ҳаражат бўлса, барчасини марказ ўз зиммасига олади», дея таъкидлаб ўтди Асқар Толибжонов.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-20)
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев Тошкент ва Туркияда ўтказилган йиғинлар ҳақида ҳисобот берди. «Номзодлар орасидан жамоа «суяги» бўлган асосий футболчилар аниқлаб олинди. Йиғинлар самарали ўтди», дея таъкидлади Аҳмаджон Мусаев.
Шу ўринда Терма жамоалар техник директори Рустам Акрамов Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўз ўйинига янгилик олиб кириш кераклигини қўшимча қилди. Рустам Акрамов мураббийларнинг бир вақтнинг ўзида клубларда ҳам ишлашини кескин танқид остига олди.
16 ёшгача бўлган футболчилардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Темур Алимхўжев январь ва февраль учун ҳисобот топширган бўлса, янги тузилган Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси катта мураббийи Александр Мочинов биринчи ўтказилган йиғин ҳақида ҳисобот берди. Мазкур терма жамоа бош мураббийи Алексей Евстафеев бўлган Ўзбекистон бўлажак U-19 терма жамоасига 50 та номзод орасидан 18 та футболчи танлаб олингани ҳақида гапириб ўтди.