Зарафшонда бўлиб ўтган "Қизилқум" ва "Гулистон" жамоалари ўртасидаги баҳсдан кейин ҳар иккала жамоа бош мураббийлари ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Равшан Ҳайдаров, «Қизилқум» бош мураббийи: «Бугун ўйинимиз умуман қовушмади. Бунга бир қатор сабаблар бор. Тайёргарлик жараёнида бизни жамоада шуғулланган кўпгина футболчилар сўнгги кунларда бошқа жамоаларга ўтиб кетишди. Уларни ўрнига янги футболчилар келиб қўшилди. Ҳали ўйинимиз шаклланмагани бизга панд берди. Ўйинда иккита қўпол хато ва иккита гол ўтказиб юбордик. Бугунги ўйинга майдонга тушган ўйинчиларнинг ярми кеча Ёшлар Биринчилигидаги ўйинда ҳам майдонга тушишган мажбур бўлишди, сабаби рўйхатимизда жами 20 та футболчи бор. Кетма-кет икки кун юқори савияда ўйнаш осон эмас, кўпгина шогирдларим ўйин охирида чарчаб қолишди».
Бахтиёр Ашурматов, «Гулистон» бош мураббийи: «Бугун ҳар иккала жамоа яхши ўйнади ва қизиқарли ўйин бўлди, деб ўйлайман. Бугунги ўйинга жуда қаттиқ тайёрландик. Дебют учрашув бўлгани учун катта эътибор қаратдик. Кўпгина шогирдларим Олий Лигада биринчи марта майдонга тушишди. Ўйин бошида ҳаяжон сезилди. Аммо ҳаяжонни шижоат, тўп учун охиригача курашиш эвазига енгиб ўтишди ва ўйин тенг бўлишига қарамай ўзимизга керакли натижага эришдик. Мен ўйиндан олдин йигитларга хаёлларидан кейинги ўйинларни чиқариб ташлашни тайинладим, бугун «Қизилқум»га қарши майдонга тушдикми, демак бор эътибор мана шу ўйинга қаратилиши лозим, деб уқтирган эдим».