Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Мустафо Байрамов: «Тайёргарликдан қониқдим»

Баҳо:
+ | -

Усмон Асқаралиев олиб борган "Навбаҳор" машғулотларини бевосита стадионда кузатишимиз жараёнида, Мустафо Байрамов билан суҳбатлашишга эришдик. Айтиш лозимки, “Навбаҳор” ва Байрамов. Ёхуд Байрамов ва “Навбаҳор”. Бу сўзлар бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Сабаби Мустафо Байрамов клубнинг содиқ аъзоси саналади. Ўзининг айтишича “Навбаҳор”даги “стажи”га бу йил 33 йил бўлади.

— 9 синфни якунлаганимдан бери, “Навбаҳор” билан биргаман. Жамоада 16 йил футбол ўйнадим. Бутсаларимни михга илгач, мураббийликда меҳнат қилиб келмоқдаман. Бу вақтлар мобайнида жамоага кўплаб шахслар келиб-кетишди. Бир қатор мураббийлар билан ишлашга муваффақ бўлдим. Ишонасизми, шу кунгача бошқа клубларга ўтиш учун етарлича таклифлар бўлган. Лекин Намангандан сира кетгим келмайди. Бу ерда ўйнаб ўзимга яраша мухлис орттирдим. Футбол орқали кўп нарсага эришдим. Икки нафар қизимни турмушга чиқардим. Тақдиримдан ҳеч ҳам нолимайман — дейди Байрамов.

— Чемпионат ҳам бошланиш арафасида. Айтиш керакки. Ҳар бир клуб янги мавсумга турли ҳил ҳозирлик билан кириб келмоқда. Бу борада “Навбаҳор”нинг тайёргарлигини қандай баҳолайсиз?
— Мавсумга тайёргарликни ўтган йили 20 декебрдан ўз базамизда бошлагандик. Бу, янги йил байрамига қадар қисқа муддатли йиғинимиз бўлди. 4 январдан бошлаб эса асосий йиғинлар бошланди. Ва шундан буён астойдил ишлаяпмиз. Наманганда 4 февралга қадар бўлдик. Мазкур йиғинда асосан футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига эътибор қаратилди. Кейин 5 февралдан йиғинни Тошкентга кўчирдик. Бундан кўзланган асосий мақсад бир қатор жамоалар билан ўртоқлик ўйинларида иштирок этиб, футболчиларнинг имкониятларини синовдан ўтказиш ва уларнинг ўйин амалиётларини ошириш эди. Пойтахтда олтита назорат учрашувини ўтказдик. У ерда футболчилар икки ҳафта шуғулланишди. Шундан сўнг маълум муддат таътил бергандик. Эртадан энди яна Тошкентда сўнгги йиғинимизни бошлаймиз (суҳбат 23 февраль куни бўлиб ўтган — муаллиф). Айтиш керакки, тайёргарлик режа асосида кетмоқда. Йигитлар ҳам машғулотларда астойдил тер тўкишмоқда. Бир сўз билан айтганда, мавсумга ҳозирлик ишларидан қониқиш хосил қилмоқдамиз. Насиб бўлса, футболчилар чемпионат бошлангунга қадар янада оптимал формага кириб олишади.

— Шу кунгача ўтказилган йиғинлар жараёнида кимлар ўсишга эришди деб ўйлайсиз?
— Азим Аҳмедов, Акром Баҳриддинов, Даврон Исоқов ҳамда Ботир Тўрабоев сингари ёш футболчиларимизни кўрсатган бўлардим. Айниқса Аҳмедов бу йил ўзини кўрсатади деб ўйлайман. Одил Аҳмедовнинг ўзгинаси.

— Таркибдаги юз берган ўзгаришларга ҳам тўхталиб ўтсангиз?
— Мана ўзингиз гувоҳи бўлиб турганингиздек, куни кеча Абдураззоқ Жўраев таркибга келиб қўшилди. Бунгача у “Олмалиқ”да шуғулланиб юрганди. Абдураззоқ ўтган йили бу жамоа билан икки йиллик шартнома имзолаганди. Унинг жамоадаги тақдири ҳозирча мавҳум. Чунки Жўраевни “Олмалиқ” ижара асосида берадиган бўлса, уни олиб қолмаслигимиз мумкин. Чунки бизда ҳозир ҳужумчилар етарлича.

— Жадигеров ва Қўзибоев масаласи нима бўлди?
— Асқар билан Тошкентдаги йиғин давомида музокара ўтказдик. У тажрибали ўйинчи. Майдон марказини айнан Жадигеров ёрдамида кучайтирмоқчимиз. Айни пайтда марказда ҳаракат қилаётган Азим Аҳмедов билан Акром Баҳриддиновни олдида Асқар сингари тажрибали ўйинчилар ўйнаса ёмон бўлмасди. Жадигеров билан эса якунда келиша олмадик. Қўзибоевга келсак, у Намангандаги йиғинимизда бир неча кун иштирок этди. Лекин кутилмаганда белидан жароҳат олиб, уйига қайтиб кетганди. Шундан буён Нодирдан дарак йўқ.

— Жамоадаги йўқотишлар ўрнини муносиб ўйинчилар билан тўлдирдик дея оласизми?
— Албатта, ўзимиз хоҳлаган ўйинчиларни таркибга қўшиб олдик. Булар Рўзим Аҳмедов, Илҳом Бойдадаев, Виталий Почуевдир. Бу футболчилар жамоамиз учун бегона эмас. Уларнинг имкониятларини жуда яхши биламиз. Ўйлайманки, селекция борасида бу йил адашмадик.

— Афтидан “Навбаҳор” бу йил легионерлар хизматидан фойдаланишни лозим топмаган кўринади. Шундайми?
— Ҳа, клубимиз мутасаддилари билан келишган холда, бу йил асосий эътиборни маҳаллий футболчиларга қаратмоқчимиз. Айни пайтда сафимиздаги кўплаб футболчилар наманганлик ҳисобланади. Жорий мавсум қўл остимиздаги ёшларга имконият бериб, уларни тарбиялаб борамиз. Бу эса вақти келиб ўз мевасини бериши турган гап. Шуниси аниққи, бу йил жамоамизда биргина хорижлик дарвозабон Денис Романенко бўлади.

— Янги мавсумда “Навбаҳор” мураббийлар штаби кимлардан иборат бўлади?
— Асосий таркибдаги футболчилар билан Усмон Аҳмедович иккаламиз ишлаяпмиз. Ёшлар жамоамизда эса Тоҳир Мадраҳимовга Аҳмад Холмирзаев ёрдам бермоқда.

— Дарвоқе, шу ўринда Асқаралиев хусусида фикрларингизни билмоқчи эдик...
— Усмон ака билан илгари бирга ўйнаганман. Лекин мураббийликда устозим деб биламан. Анча қаттиққўл ва талабчанлиги билан ажралиб туради. Ўз навбатида футболчилар билан худди ота-боладек муносабатда ҳам бўла олади. Мураббийликда катта тажрибага эга десам янглишмайман. Шогирдларини ўйинларга қандай руҳлантиришни билади. Бу киши билан ишлаш менга ёқяпти. Кўп нарсаларни ўрганяпман.

— Футболчилар билан неча йиллик шартнома имзоланмоқда?
— Бу йил қўплаб футболчилар билан камида икки йиллик келишувга эришилмоқда. Айримлари билан эса бундан ҳам кўпроқ муддатга тузилмоқда.

— Ижарага олинган футболчилар ҳам борми?
— Ҳа, менимча, бу йил “Бунёдкор”нинг уч нафа аъзоси — Виктор Мочалов, Обид Ҳакимов ва Расул Шуҳратовлар жамоамизда ижара асосида ўйнашса керак. Шунингдек, билишимча, Акром Баҳриддиновни ҳам “Пахтакор” билан яна бир йиллик шартномаси мавжуд. Шу боис у ҳам ижарада ўйнайдиган бўляпти. “Насаф” аъзоси Мақсуд Ҳайитовни эса тўлалигича сотиб олишни режалаштирмоқдамиз.

— Жамоа олдига бу йил қандай вазифа қўйилмоқда?
— Хабарингиз бўлса керак, яқинда клуб раҳбариятида ўзгаришлар юз берди. Вице-президент сифатида иш бошлаган Расулжон Низомбоев футболнинг ҳақиқий жонкуяри. Ташкилотчилик борасида ҳам бошқалардан нисбатан ажралиб туради. Шунингдек, бу йил вилоят ҳокимлиги ҳам футболга катта эътибор қаратмоқда. Ўтган йили 12-ўринни эгаллагандик. Тўғриси, “Навбаҳор” учун бу муносиб ўрин эмас. Бу йил жамоа олдига мутасаддилар томонидан вазифа қўйилмади ҳозирча. Лекин имкон қадар олтиликка киришга ҳаракат қиламиз.

— Бу йилги чемпионатдан нималарни кутяпсиз?
— Чемпионатимиз ҳар галгидан ҳам қизиқ ўтишини хоҳлардим. Биринчи навбатда чиройли ва мазмунли ўйин кўрсатган холда мухлисларни стадионга ташрифини оширмоқчимиз. Бу ерда ишқибозлар жамоа учун керак бўлса ҳар қандай нарсадан воз кеча олишади. Бундай мухлисларимизни ҳужумкор ўйинлар билан мавсум мобайнида хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

Исломбек РУСТАМОВ суҳбатлашди.

Манба: www.lochinlar.uz
Киритилди: 15:17, 03.03.2013.
Ўқилди: 4082 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.