"Жар"да бўлиб ўтган ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Миржалол Қосимов ОАВ вакиллари саволларига жавоб қайтарди.
— Янги мавсум билан мухлисларни табриклайман. Ўйинни ёмон бошламадик. "Сўғдиёна" футболчиларида кучли ҳаяжон борлиги сезилиб турди. Боз устига, улар ўйин бошидан ўн киши бўлиб қолишга мажбур бўлишди ва қийин аҳволда қолишди. Бу жамоа ҳали яхши ўйин кўрсатиб, бошқа жамоаларга жиддий рақобат кўрсата олади, деб ўйлайман. Ўз жамоам ҳақида тўхталадиган бўлса, футболчилар ўйинга белгиланган кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди дея олмайман. Бунга рақибнинг бир киши кам бўлиб ўйнагани ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Мавсумнинг илк ўйинини эканини инобатга олсак, ёмон ўйин кўрсатмадик. Агар шундай ўйнашда давом этсак, бизда чемпионликни яна қайтариб олиш имконияти бўлади.
— Игорь Таран нима учун бугун майдонга тушмади?
— У оилавий муаммолар туфайли Японияга бора олмади. Бир ҳафта биз билан шуғулланмагани сабабли жисмоний тайёргарлиги ҳали маромида эмасди. У яхши формага кириб олганидан кейин навбатдаги ўйинларда жамоага ёрдам беради.
— Легионерлар ўйинидан қониқдингизми?
— Ушбу таркиб билан энди мавсумдаги иккинчи расмий ўйинимизни ўтказдик. Футболчилар ўзаро киришиб кетиши ва жамоа ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатиши учун бироз вақт керак. Бугун Марко Блажични алмаштирдим. У жисмоний жиҳатдан тўлиқ ўйнашга тайёр эмас. Александр Пишур эса "хет-трик"ка эришди. Ваҳоланки, бундан ҳам кўп гол уриши мумкин эди. Шунга қарамай, улар маҳоратли футболчилар экани кўриниб турибди. Улар йил давомида бизга фойдаси тегади.
— Март ойида жамоанинг тақвими анча зич. Чемпионат, Чемпионлар лигаси, ундан сўнг терма жамоа ўйинлари кутиб турибди. Жамоа футболчилари бундай ҳолатдан муваффақиятли чиқиб кетишга тайёрми?
— Авваллари мавжуд бўлган "Менга майдон марказидаги футболчиларингни кўрсат, жамоанг кучига баҳо бераман" мақоли энди "Менга захира ўриндиғини кўрсат, жамоанг кучига баҳо бераман"га ўзгарган. Захира ўриндиғимизда ҳам яхши йигитлар тўпланишган. Ўзимизнинг футбол мактаби тарбияланувчилари ҳисобланган Дилшод Жўраев, Сардор Рашидов, Алибобо Раҳматуллаев каби иқтидорли йигитлар нафақат бошқаларнинг ўрнини боса олади, балки жамоа ўйинини янада кучайтира олишади. Мен бунга ишонамна. Мавсум энди бошланди ва мавсум давомида таркибда ротация жараёни давом этади. Фақат битта таркиб билан ўйнаб бўлмайди. Ҳозир мавсумнинг бошланиши бўлгани учун ҳали эксперимент қилишга ҳожат йўқ. Ёшларда ҳали имконият бўлади.