Про лиганинг 1-туридан ўрин олган "Машъал" - "Қўқон-1912 (0:0) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Муҳсин Низомиддинов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида:
- Авваламбор, мухлисларимизни янги мавсум бошлангани билан табриклайман. Ўйинга келсак, ёмғирли об-ҳаво бўлишига қарамасдан, иккала жамоанинг яхши тайёргарлик кўргани билинди.
- Ўйиндан аввал "Қўқон-1912" фаворит ҳисобланганди, бироқ учрашув давомида бунга гувоҳ бўлмадик. Жамоа кўп хатога йўл қўйди...
- Юқорида такидлаганимдек, иккала жамоа ҳам яхши ўйин намойиш этди. Беллашув давомида 5-6 та хавфли вазият ярата олдик. Деярли 80 дақиқа давомида йигитлар бир хил темпда тўп тепишди. Қолаверса, об-ҳаво ҳамда йўл чарчоғи ўз таъсирини ўтказди.
- Футболчиларнинг рўза тутишига қандай қарайсиз?
- Бу футболчининг ўзига боғлиқ. Хорижда мусулмонлар оғиз очгач, кечқурун футбол ўйнашади. Уларда жисмоний ҳолат ва энергия юқори даражада. Мен йигитларга бу борада буйруқ бера олмайман. Агарда рўза тутиш футболчиларга қийинчилик туғдирса, уни ўйлаб кўрамиз.
- "Қўқон-1912" раҳбарияти томонидан жамоа олдига аниқ вазифа қўйилганми?
- Ёдингизда бўлса, жамоани биринчи давра сўнгида қабул қилиб олдим. Етакчилардан анча ортда эдик. Ўйинлар давомида тафовутни 1 очкогача қисқартирдик. Мақсадимиз — Суперлигага йўл олиш, шунингдек, инфраструктурани яхшилаш.
- "Машъал" майдони бугунги ёмғирли об-ҳавога тайёрмиди?
- Чемпионат бошида ҳамма майдон бир хил. Мавсум бошида майдонлар ёмон ҳолатда бўлмайди.
- Ўтган мавсум сўнгги турида "Машал"ни 4:2 ҳисобида мағлуб этгансизлар. Бугун эса ҳисоб очилмади. Мавсум аввали бўлгани учун гол кўрмадикми бугун?
- Ҳа. Бу ҳолат Суперлига жамоаларида ҳам кузатилди. Дастлабки турлар оғир ўтади. Чунки футболчилардаги жисмоний ҳолат ва ўйин амалиёти етишмаслиги сезилади. Вақти келиб, бу ўрнига тушади" - деди Низомиддинов.