Про лиганинг 1-туридан ўрин олган "Машъал" - "Қўқон-1912" (0:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида...
- Про лига старти билан барчани табриклайман. Рақибни яхши билганимиз учун уларга эркин ўйнашга имкон бермадик. Бугун ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди, аммо сўнгги дақиқаларда юзага келган вазиятлардан фойдалана олмадик.
- Ҳумоюн Муртозаев ўйин сўнгида қулай вазият ярата олди, бироқ рақиб жарима майдонига киргач, йиқилишга бўлган иштиёқ кучайиб кетди. Бу ҳақда фикрингиз қандай?
- Ҳужумчи охирги зарбани йўллашни биринчи мақсад деб билиши керак.
- Легионерларга охирги 10 дақиқада имкон берилди. Бу улар учун кам эмасми?
- Улар илк навбатда кўникма ҳосил қилиб олиши керак. "Қўқон-1912"га қарши ўйинда ҳимояда ишончли ўйинчилар керак эди. Бабатунде кабилар эса ҳужумкор ўйинчи, шу боис, уларга иккинчи бўлимда имкон беришни режа қилгандик. Улар унумли фойдаланди.
- Ўтган мавсум Петров, Георгадзе, Акромов, Нўъмонов каби футболчилар яхши таассурот қолдиришганди. Уларни бошқа жамоага қўйиб юборилишига сабаб нима?
- Кимнингдир шартнома муддати тугади. Уларга бошқа жамоалардан юқори маош эвазига таклиф бўлганди. Шу боис, уларни олиб қолиш қийин эди. Петровни эса клуб сотиш қарорига келди. Қолганларни шартнома муддати якунланди. "Қўқон-1912" ўз олдинга юқори мақсад қўйган. Шунинг учун, улар таклиф қилган маблағ ҳам юқори эди.
- Бу йилги мавсумдаги легионерларнинг ўтган йилгига қараганда савияси қай даражада фарқ қилади?
- Ўтган йилги билан ҳозиргиларнинг позициялари фарқ қилади. Янги келганларнинг жисмоний ҳолатини оширишга ҳаракат қиляпмиз. Уларда етарли ўйин амалиёти бўлмаган.
- Жамоа олдига қандай мақсад қўйилган?
- Клуб мавқеидан келиб чиқиб, кураш олиб борамиз. Бизда кам маош олаётган, етарли ўйин амалиётига эга бўлмаган футболчилар бор, бироқ бу бизни қизиқтирмайди, охиригача курашамиз. Ўтган йилги таркибимиздан тўрт нафар футболчи бизга қарши ўйнади. Биз гранд жамоа дейишимиз тўғри бўлмас. Янги жамоани шакллантириш осонмас. Лекин Суперлигага чиқиш учун курашамиз.
- Янги шаклланган жамоа сиз кутган ўйинни намойиш ета олишдими?
- Қувонтиргани, футболчиларнинг охиригача курашгани. Рақиб биз кутгандек ўйнади. Бўшлиқларимиз бор. Машғулотларда ишлаганларимизни майдонда тўлиқ бажара олмадик.
- Ўйин қайдномасига Зоир Турсунов нега киритилмади?
- Зоир Турсунов кўп вақт жароҳатдан тикланиш билан машғул бўлди. У 3 ҳафта аввал машғулотларга қўшилди. Шу боис, у тайёр эмас, унга вақт керак.
- Суперлига йўлланмаси учун курашадиган жамоалар сафига "Қўқон-1912"ни ҳам киритасизми?
- Албатта. "Шўртан", "Бухоро" каби жамоалар номдор ўйинчиларни йиғиб олишди. Бироқ, барибир, Суперлигада бу таркиб билан курашиш қийин" - деди Алиқулов.