Фарғонанинг "Нефтчи" жамоаси 2024 йил футбол мавсумининг дастлабки икки учрашувини сафарда ўтказди. Фарғоназда бўладиган беллашувлар 15-мартдан бошланади. Шу куни соат 18:30да жамоа Бекободнинг "Металлург" жамоасини қабул қилади.
Бугун "Ислом Каримов" номидаги санъат саройида янги мавсум олдидан "Нефтчи" аъзоларини мухлислар ва спорт шинавандалари билан таништирув маросими тантанали равишда ўтказилди. Тантанада вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулло Бозоров сўз олиб, "Нефтчи" жамоаси янги мавсумни сафарда ишончли ғалабалар билан бошлаб, Фарғонага қимматли очколар ва қувонч билан қайтганлигини мамнуният билан таъкидлади. Бу йил футболчиларимиз олдига фақат ва фақат чемпионлик учун курашиш, бу соҳада барча масъулият ва маҳоратларни ишга солиш, ҳар бир учрашувни ғалаба билан якунлаб, мухлисларни қувонтириш вазифаси қўйилганлигини айтиб ўтди. Бу йўлда вилоят ҳокимлиги ва футбол ассоциацияси жамоага барча соҳада етарли ёрдам ва шарт шароит яратиб бериши, жамоани изчил қўллаб-қувватлаб туришини таъкидлади.
Шундан кейин сўзга чиққан жамоа бош мураббийи Виталий Левченко футболчилар ҳақида мунтазам равишда ғамҳўрлик ва ёрдам кўрсатиб келаётганлиги учун вилоят раҳбарларига, шахсан ҳоким Х.Ҳ.Бозоровга чексиз миннатдорчилик билдириб, шогирдлари юксак ишончни фидойилик билан оқлашга ҳаракат қилажаклари, мавсумни чемпионлик унвони билан якунлашга бутун куч-қувватларини сарфлаяжакларини айтиб ўтди.
Шундан сўнг сўзга чиққан жамоа сардори Мирзоҳид Ғофуров билдирилаётган ишонч ва ҳурмат учун раҳбарлар ва барча мухлисларга футболчилар номидан чуқур миннатдорчилик изҳор этиб, қўйилган вазифани шараф билан бажариш учун футбол майдонларида масъулият ва маҳорат билан ҳаракат қилажакларини баён этди.
Тадбирда жамоага янги қабул қилинган футболчиларни таништирув маросими йиғилганларнинг гулдурос қарсаклари остида жуда тантанали равишда ўтказилди. Ҳоким ва бош мураббий Санжар Қувватов, Ботирали Эргашев, Жасур Жалолиддинов, Боян Цигер, Эффионг Нсунгуси, Михай Роман, Кетелин Карп, Жавоҳир Қаҳрамонов каби янги футболчиларнинг ҳар бирига исми шарифи ва рақами туширилган либосларни тантанали равишда топширдилар. Йиғилганларнинг қизғин олқишлари остида В.Левченко исми шарифи ёзилган футбол либосини катта миннатдорчилик билан Хайрулло Ҳайитбаевич Бозоровга ҳам топширди.
Таништирув ва тақдимот маросимининг катта тантана ва қувонч билан юксак савияда ўтказилишида Ўзбекистон халқ хофизи Илҳом Иброҳимов, эл севган хонанда Отабек Муҳаммадзоҳид, бошловчи Ҳожиакбар Жабборовларнинг муносиб ҳиссалари бор.
"Нефтчи" ПФК матбуот хизмати