Хабарингиз бор, кеча ФИФА 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Жаҳон чемпионатининг логотипини презентация қилди. Ушбу мусобақа 17 октябрдан 8 ноябргача давом этади. Унда 24та жамоа иштирок этади ва жами 52та ўйин ўтказилади.
Мусобақанинг расмий логотипи қора рангли фоннинг марказида марварид донаси тасвирланган бўлиб, унинг атрофига БАА миллий байроғи рангларида нақшсифат чизгилар берилган.
"Биз мамлакатда футболни ривожлантириш учун катта эътибор беряпмиз. ЖУмладан, миллий терма жамоамизга ҳам эътибор юқори", дейди БАА футбол ассоциацияси президенти, ЖЧ ташкилий қўмитаси раҳбари Юсуф ас-Серкал. "Бу борада ишни энг пастдан — болалар футболидан бошлаяпмиз. Ўз юртимизда нуфузли мусобақани ўтказиб, ёш ўйинчиларнинг ўсишини мақсад қилганмиз".
"Биз бу ерда бўлажак юлдузларнинг ўйинига гувоҳ бўламиз", дейди ФИФАнинг Осиё футболини ривожлантириш бўйича менежери Девид Борха. "16 ёшли футболчилар ушбу мусобақаларда юқори савияда ўйнашмоқда. Уларнинг ўйинларини томоша қилиш учун кўплаб мухлислар ташриф буюришмоқда. Бу ФИФАнинг муҳим аҳамиятга эга бўлган мусобақаси. БАА футбол инфратузилмаси яхши ривожланган, шунинг учун мусобақанинг бошланишини сабрсизлик билан кутяпмиз".
Ушбу мусобақанинг 5та иштирокчиси маълум. Мезбонлардан ташқари Ўзбекистон, Япония, Эрон ва Ироқ терма жамоалари ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишган. Қолган 19та иштирокчи қитъалар бўйича қуйидагича тақсимланган: Африка — 4та, Европа — 6та, КОНКАКАФ - 4та, КОНМЕБОЛ — 4та ва Океания — 1та.
ЖЧга қуръа ташлаш маросими 26 август куни Аба-Даби шаҳрида ўтказилади.
Ўйинлар 6та стадионда бўлиб ўтади. Улар:
Ар-Рашид стадиони, Дубай (18.00)
Эмирейтс стадиони, Рас ал-Хайма (3.000)
Фужейра стадиони, Ал-Фужайра (5.000)
Шаржа стадиони (12.000)
Шайх Халифа халқаро стадиони, Ал-Айн (16.000)
Муҳаммад бин Заид стадиони, Абу-Даби (42.000)