Миллий терма жамоаларнинг ўйинлари яқинлашаётгани муносабати билан БАА Про-лигасида 3 ҳафталик танаффус эълон қилинди ва терма жамоа ўз йиғинини бошлади. Маҳди Али шогирдлари 22 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистонга қарши Осиё кубоги-2015 саралаш баҳси учун тайёргарлик учун йиғилди.
Эрон миллий терма жамоаси эса 20 март куни БАА билан ўртоқлик ўйини ўтказиш таклифи билан чиққанди. Аммо Амирлик терма жамоасига ушбу муддат тўғри келмагани учун бу таклифга розилик билдиришмади.
Ўзбекистон терма жамоаси Австралия-2015 саралаш баҳсини Гонконгга қарши ўйинда дуранг билан бошлаган бўлса, БАА сафарда Вьетнам устидан ғалаба билан қайтди. Шунинг сабабли БАА билан ўйин муҳим аҳамиятга эга. Бу ўйиндаги ғалаба Маҳди Али жамоасига амалда Осиё кубоги йўлланмасини тақдим этади. Шу боис, терма жамоа мураббийлар штаби ушбу ўйинга жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Маҳди Али йиғинга 22 нафар футболчини жалб қилган ва уларнинг рўйхати яқин кунларда эълон қилинади.