Хабарингиз бор, 26 март куни Миллий терма жамоамиз 2014 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон Чемпионати саралаш баҳслари доирасида Ливан терма жамоасига қарши майдонга чиқади.
Ушбу учрашув «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтишини ҳамда ўйин ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини инобатга олсак, учрашувга мухлисларнинг қизиқиши юқори даражада. Ушбу қизиқишни сўнгги кунларда мухлислар орасида авж олган Ўзбекистон – Ливан ўйинига чипталар ҳақидаги саволлардан ҳам билиб олиш мумкин.
Бугун Орият-Доно радиосининг «Футболдан гаплашамиз» дастурида меҳмон бўлган Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот котиби Санжар Ризаев ушбу саволга дастур давомида жавоб бериб ўтди.
Ўзбекистон – Ливан ўйинига чипталар уч хил нархда: 15 минг сўм, 25 минг сўм ва 30 минг сўм қилиб белгиланган ва чипталар 15 мартдан сотувга чиқарилади.
Шунингдек, Санжар Ризаевнинг Терма жамоалар маркази раҳбари Асқар Толибжоновга таяниб хабар беришича, чипталар олиб-сотар чайқовчилар томонидан сотилишини олдини олиш мақсадида ҳар бир мухлиснинг фуқаролик паспортига иккита билет сотилади, холос.
Демак, футбол мухлислари, шошилинг! Ўзбекистон – Ливан ўйинига чипталар 15 мартдан сотувга чиқарилади.
Дарвоқе, ўзингиз билан фуқаролик паспортингизни олишни унутманг!