Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Рекордларни севувчи, Карлсенни огоҳлантирган, энг ёш гроссмейстерга айланган Нодирбек Абдусатторов

Баҳо:
+ | -

Шахмат тарихида фақат бир нечта гроссмейстерлар 20 ёшга тўлгунга қадар дунёнинг кучли бешлигидан жой олишга муваффақ бўлган.

Яқиндагина ушбу муваффақиятга эришган Нодирбек Абдусатторов Chess.com мухбири билан суҳбатда шахмат вундеркиндидан суперюлдузигача бўлган йўли ҳақида гапириб берди.

Апрель ойидаги рейтингни ҳамон Фабиано Каруанадан 27 рейтинг очко олдинда бўлган Магнус Карлсен бошқармоқда. Ҳикару Накамура учинчи ўринда.

Тўртинчи ўринни эгаллаб турган Абдусатторов бир уринишда 11-ўриндан 4-ўринга кўтарилиб, биринчи марта дунёнинг кучли 10 нафар шахматчиси қаторига кирди. У Накамурадан 24 очкога ортда қолмоқда, аммо у аллақачон жаҳон чемпиони Динг Лижендан уч очко олдинда.

Абдусатторов 2024 йилни Вейк-ан-Зидаги турнирда муваффақиятли ўтказди ва ўз рейтингини яна 15 очкога оширди, бундан ташқари Прагада мусобақа якунланишига бир тур қолганда биринчи ўринни қўлга киритди.

Chess.com тадқиқоти Абдусатторовнинг ютуғи нақадар ноёб эканлигини кўрсатади. Ундан олдин атиги беш нафар шахматчи 20 ёшигача дунёнинг кучли бешлигидан жой олди: Гарри Каспаров (1982), Алексей Широв (1992), Владимир Крамник (1994), Магнус Карлсен (2010) ва Алиризо Феружа (2021).

19 ёшида рейтингнинг еттинчи поғонасига чиққан Каруана, эндигина 16 ёшида саккизинчи ўринни эгаллаган Гата Камский, 18 ёшида саккизинчи ўринга кўтарилган Веселин Топалов ва 20 ёшга тўлишидан бир оз олдин жаҳон рейтингида олтинчи поғонага кўтарилган Василий Иванчукни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Абдусатторов суҳбатдошидан бу рекорд ҳақида билиб, жилмайиб қўйди: “Ушбу натижа мени ҳайратда қолдирди. Бу ажойиб ютуқ, шу билан бирга катта масъулият ҳам. Мен янги босқичга кўтарилдим ва бу ерда эканлигимдан хурсандман”.

Абдусатторов рейтингда кучли бешликка кирганини фаолиятидаги катта қадам деб ҳисоблайди, бироқ у эришган ютуқлари билан тўхтаб қолмоқчи эмас, Нодирбек бу ҳали бошланиши эканлигини айтди. “Мен кўпроқ нарсага эришиш учун қўлимдан келганини қиламан, лекин менга бунинг учун вақт керак”.

Абдусатторов рекордлар йўлида

Абдусатторов ўзининг қисқа фаолияти давомида кўплаб рекордларни янгилади. У 17 ёшида 2021 йил Варшавада бўлиб ўтган мусобақада ғолиб бўлиб, энг ёш жаҳон чемпионига айланди.

Ўзбекистонлик гроссмейстер, шунингдек, атиги ўн ярим ёшида 2400 Elo даражасига эришган тарихдаги энг ёш шахматчи ҳисобланади. Нодирбек Абдусатторов 11 ёшида 20 ёшгача бўлган дунёдаги энг кучли 100 нафар шахматчилар қаторига кирган энг ёш шахматчига айланди.

“Бу ўзига хос мусобақа. Мен доим рекорд ўрнатишни орзу қиламан. Вазифанинг қийинлиги мотивациямни оширади. Болалигимда тарихдаги энг ёш гроссмейстер бўлишга интилганман. Гроссмейстер бўлганимдан кейин ўз олдимга мақсад қўйганман: 2700 Elo рейтингига эришиш. Ҳар сафар янги мақсадни танлаганингизда, ўзингизни руҳлантирасиз”,— дейди Нодирбек Абдусатторов.

"Бу ўзига хос мусобақа. Мен доим рекорд ўрнатишни орзу қиламан. Вазифанинг қийинлиги мотивациямни оширади", — деди Нодирбек Абдусатторов

Абдусатторов 9 ёшида кучли гроссмейстер устидан ғалаба қозонган

Абдусатторовнинг рекордлар сари йўли 2012 йилда, у 8 ёшгача бўлган жаҳон чемпионати ғолиби бўлганида бошланган. Икки йил ўтиб, тўққиз ёшида бир турнирда икки гроссмейстерни мағлуб этиб, шахмат жамоатчилиги эътиборини тортди.

2014 йилда Тошкентда бўлиб ўтган турнирда рейтинги 2600 баллдан юқори бўлган гроссмейстер Андрей Жигалко устидан қозонилган ғалаба кўпчиликнинг эътиборини тортди. Сабаби гроссмейстер Нодирбек бундан олдин ғалаба қозонган шахматчилар ичида энг кучлиси эди.

“2600 лик рейтингдаги шахматчи билан биринчи учрашув жуда ўзгача таассурот қолдирди. Унгача мен тахтада кучли гроссмейстер билан учрашиш имконига эга эмасдим. Мен биринчи партиядаёқ рейтинги 2600 дан юқори бўлган шахматчи устидан ғалаба қозондим. Ўзим ҳам бунга ишона олмасдим! Ўша пайтда қандай натижага эришганимни тушунмаган эдим. Бу алоҳида натижа бўлган”, — дейди Нодирбек.

"Ўзим ҳам бунга ишона олмасдим! Ўша пайтда қандай натижага эришганимни тушунмаган эдим. Бу алоҳида натижа бўлган", — Абдусатторов тўққиз ёшда олти 2600 рейтингига эга шахматчи устидан қозонилган ғалаба ҳақида.

Нодирбек Абдусатторов Карлсен билан учрашув ҳақида: у менинг кумирим

Абдусатторов Карлсен ҳақида илк бор қандай билганлиги ҳақида гапириб беради: “Мен Магнус ҳақида умуман билмасдим, исмини ҳам эшитмаган эдим, фақат чемпион Виши Ананд эканлигини билардим. 2013 йилги номзодлар турнири пайтида у ҳақда билдим, ўша пайтда саккиз ёшда эдим. Магнуснинг жаҳон чемпионидан ҳам юқорироқ рейтингда эканлигини билдим ва бу мени ҳайратда қолдирди”.

Вишига қарши ўйинда ғалаба қозониб, Магнус анча кучли эканини кўрсатди.

2015 йил Абдусатторов учун ғалабалар йили бўлди. Унинг рейтинги атиги бир ой ичида 2263 дан 2465 Elo баллгача кўтарилди. Ўша йили у Қатарда бўлиб ўтган турнирда қатнашиб, ўша даврнинг энг кучли шахматчилари ўйинини биринчи марта ўз кўзи билан кўрди.

Абдусатторов бу ҳақда шундай дейди: “Мен уларни биринчи марта кўрдим ва ҳар бир шахматчига оғзим очилиб қарадим, бу менда ажойиб таассурот қолдирди!”

Абдусатторов футбол майдонида ўзининг кучи ва тезлигини кўрсатди. Ўша ўйинда Нодирбек гол урганини ва ҳозир ҳам футбол ўйнаб туришини айтиб ўтди.

У турнирда ғолиб чиққан Карлсен билан суратга тушди: “Биз суҳбатлашмадик, лекин ҳеч бўлмаганда суратга тушганимдан хурсанд бўлдим”.

Абдусатторовнинг ўзи ўша пайтда суперюлдузга айлангани ва мухлислар у билан селфи тушмоқчи бўлганини эслади. Ўзбекистонлик ёш шахматчи ракетадек ҳавога кўтарилди.

У 13 ёшида шахмат тарихидаги олтинчи энг ёш гроссмейстерга айланди ва 15 ёшида 2600 Elo чегарасидан ўтди. У биринчи марта 2019 йилда блиц бўйича жаҳон чемпионатида Карлсен билан қора рангдаги доналар билан дуранг ўйнаган.

2021 йили Рапид бўйича жаҳон чемпионатида Абдусатторов Карлсенга қарши муҳим ўйинда ғалаба қозонди ва кейинчалик жаҳон чемпиони бўлди. 2023 йилда Tata Steel Chess Tournament’да 16-жаҳон чемпионига қарши биринчи классик ўйиндаги ғалаба Абдусатторовни норвегиялик билан классик учрашувларда ижобий натижа қайд этган ягона шахматчига айлантирди.

“Бу турнир тез орада дунёнинг энг кучлиларидан бирига айланишимни кўрсатди. Болалик тугади. Мен катта бўлишим ва шахматга жиддийроқ ёндашишим керак эди. Ҳозир ҳаммаси жуда-жуда жиддий.

Бир пайтлар Карлсенга қарши ҳеч бўлмаганда битта классик ўйин ўтказишни орзу қилардим. Ҳозир биз ҳар бир йирик турнирда учрашамиз. Ҳаммаси бирданига ва кутилмаганда ўзгарди. Менга Карлсен билан ўйнаш жуда ёқади, лекин биз рақибга айланиб бормоқдамиз”.

Абдусатторов дунёнинг энг кучли шахматчисини огоҳлантирди: “Магнус... дунёдаги энг кучли шахматчи бўлиб тургани кўриниб турибди, лекин бизнинг авлод яқинлашиб келмоқда. Магнусга биринчиликни сақлаб қолиш қийин бўлади”, — дейди дунёнинг 4-рақамли шахматчиси Нодирбек Абдусатторов.

Карлсен Абдусатторов ҳақида: “Юз фоиз ишончим комил эмас”

Карлсеннинг фикрича, ёш шахматчилар, жумладан Абдусатторов ҳам унинг даражасига етиши учун ҳали кўп иш қилиши керак.

“Мен уларнинг ҳеч бири ҳали менинг даражамга яқин эмас деб ўйлайман. Бу унчалик осон эмас”, — деди Карлсен яқинда бўлиб ўтган подкастда.

Собиқ жаҳон чемпиони Абдусатторовнинг чидамлилиги ва тартиб-интизомини, шунингдек, энг ёмон позицияларда ҳам ҳимоялана олишини мақтаган эди, лекин у Фирузжани юқорироққа қўяди.

“Шубҳасиз, Алиризо иқтидорлироқ, лекин унинг фаолияти Нодирбек Абдусатторовникидан кўра муваффақиятли бўлишига ишончим комил эмас. Лекин мен Абдусатторовга ҳали ҳам 100 фоиз ишонмайман. Мен дунёнинг энг кучлиси бўлиш ҳақида гапиряпман, энг кучлиларидан бири эмас. Ҳозирча бирор нарса дейиш қийин”, — деган эди Карлсен.

Абдусатторов дунёнинг энг кучлиси бўладими ёки йўқми, номаълум, аммо унинг бугунги муваффақиятлари кўп нарсадан дарак беради.

*Elo рейтинги бу — ҳар бир шахматчининг барча ўйинларидаги натижаларини акс эттирувчи рақам. Рейтинг ҳар бир ўйин натижасига қараб қайта ҳисоблаб чиқилади. Рейтинг шахматчининг мутлақ кучини эмас, балки унинг рақибларининг кучига нисбатан кучини ўлчайди.

Эркин Ғайбуллаев таржимаси

Манба: daryo.uz
Киритилди: 20:04, 03.04.2024.
Ўқилди: 1395 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.