«Реал Мадрид» мотори, сўнгги мавсумлардаги алмаштириб бўлмас футболчиси Федерико Вальверде машҳур Tribune платформасининг The players лойиҳасида иштирок этди.
Унда уругвайлик футболчи ўзининг қийин ўтган болалиги, Мадриддаги илк қадамлар, оғир характери ва оиласи билан енгиб ўтган синовлар ҳақида ўртоқлашди.
- Ўтмишга қарар эканман, ҳаётимда учта ажойиб кун ўтганини эслайман. Биринчиси, «Реал» мени чақирган кун. Иккинчиси, ўғлим Бенисио туғилган пайт. Учинчиси, ўғлим Баутиста дунёга келган кун. Мана шу учинчи бахтли кун учун оилам билан ҳақиқий дўзах қийинчиликларини бошдан ўтказганмиз. Аслида мен унча сергап эмасман, туйғуларимни бошқаларга ошкор қилишга ўрганмаганман. Аммо кўпчиликка фойдали бўлиши мумкинлигини билганим учун ҳам ҳаммасини айтиб беришим кераклигини ҳис қилмоқдаман. Ишонаверинг, мен кабилар Жанубий Америкада жуда кўп.
Ўз ҳикоямни айтиб беришим учун энг бошидан бошлашим керак. Ҳозир қаршингизда бир кучли эркакдай турган бўлсам, бир пайтлар қандай болакай бўлганимни ҳам тушунишингиз керак. Уругвайда ҳаммаси бошқача. Қийинчиликлар қонимизга сингиб кетган. Оиламиз камбағал эди, десам нотўғри бўлади. Ота-онам ҳақиқий овчи эдилар. Отам казинода қоровул бўлган, онам эса кўчада катта аравани етаклаб кийим ва ўйинчоқлар билан савдо қиларди. Тасаввуримда бундай катта аравани фақат Халк етаклай оладигандек туюларди. Онам - ҳақиқий жангчи. Иссиқми, совуқми, шамолми, онам ўша аравани етаклаб бозорга йўл оларди.
Онам эрталаб саккиздан кечки еттигача, отам эса, кечки саккиздан эрталаб олтигача ишларди. Ҳисоблаб олаверинг, оиламизда фақат бир олтин соат бор эдики, уч киши бирга ўтириб, кичкинагина гўшт бўлагини баҳам кўриш учун. Дарвоқе, онам доим мен учун «кола» ҳам бўлишини таъминларди. Ҳа, Испания ёки Америкада кўпчиликка оддий ҳолатдек туюлар, аммо ўша «кола» мен учун кўп нарса эди.
Бир шиша «кола» ичишим учун онам нималарни қурбон қилган, рости, била олмайман. Болаликда содда бўламиз, онам овқат емаяптими, ҳа, қорни оч эмас экан, деймиз, тамом. Ҳозир бу ҳақида ўйласам, унинг нега баъзида ҳеч нарса емаганини ҳам тушуна бошлайман. Мен учун ўша бир парча гўшт ва «кола»нинг ўзи бахт, онам эса, ҳар куннинг охирида бир оила жам бўлишимиздан бахтиёр эди, назаримда.
Мана шу кунлар оиламиз учун «ла гарра» эди. Бу бизнинг сабримиз, руҳимиз, қатъиятимиз. Менимча, бутун уйни бўяш учун етарли пулимиз бўлмаганки, отам фақат менинг хонамни бўяб, янги қилиб берганди, у кўчада менга шлангда сув сепар - бу бизнинг ўзига хос бассейнимиз. Етади. Ла Гарра! Аммо шуни ҳам тан олишим керак, баъзи ҳолларда ноқулайликлар ҳам бўлади. Масалан, футбол ўйнашни бошлагач, шерикларимнинг шароитини кўрганимда, фарқ сезилади. Эсимда, ўртоқларим уйимга келишини хоҳламасдим, чунки телевизоримизда фақат учта бепул каналлар кўрсатарди холос. Ёки ёзда кечқурун ухлашга ётиб, сувараклар овозини эшитасиз.
Ҳозир кулиб айтиб беряпман, аммо ўша пайтларда бироз уялардим. Биласиз-ку, 11-12 ёшлардаги болалар қанчалик раҳмсиз бўлишини. Худдики, агар улар қандай яшашимни билиб қолишса, бошимда ёнғоқ чақишадигандек туюларди. Шунинг учун анча камгап, ёпиқ бола бўлганман.
Бутун туйғуларимни футболга сарфлардим. Айнан футбол туфайли оиламиздаги шароитни ўзгартира олдим. Афсуски, бу мени ҳам ўзгартирди. 16 ёшимда «Пеньяроль» билан профессионал шартнома имзолаганимда, гўёки ўзимни худо деб ўйлай бошлагандим. Менимча, ҳаммаям тушунавермайди - бир онда кўчада санғиб юрган боладан катта одамлар сен билан селфи тушишни илтимос қиладиган даражага ўтиб қолиш осон эмас. Ўтган ҳафта сенга қайрилиб ҳам қарамаган қизлар смс ёзишни бошлашади. Ҳамма сен билан дўст бўлишга ошиқади. Йўлдан адашиш ҳеч гап эмас. Айниқса, ижтимоий тармоқлар даврида улғайган биз кабилар учун.
Отам кўп айтарди: «Сен нега фалончи билан кўришмаяпсан. Нима бўлди? Ахир у оддий бўлиб юрган пайтларингда ҳам сен билан ўртоқ эди-ку?» Аммо мен янги дўстларни эскиларига алмаштирдим. Бир ёмон ишлар қилмаганман, йўқ, лекин анча кибрланиб кетганим аниқ. Уйга қайтаётганимда йўлимни пойлаб, дастхат сўраган болаларни ҳам рад қилардим. Чарчаганимни баҳона қилиб кетиб қолардим. Эсласам уяламан. Ота-онам мени бундай тарбия қилишмаганди. Ким ҳам эдим аслида? Шунчаки, футбол ўйнашни ўрганиб олган оддий бола. Биргина «кола»га хурсанд бўладиган бола қаерга кетди? Оний муваффақият мени кескин ўзгартириб юборганди.
Айнан ўша пайтларда футболнинг бошқа юзини кўра бошладим. Агар мен ҳақимда интернетдан қидирсангиз, 16 ёшимда «Арсенал»га ўтишга яқин бўлганимни ўқийсиз. Бу қисман тўғри. «Арсенал» менга ёқади, аммо ҳеч қачон Англияга кетишни истамаганман. Кўпчилик ҳайрон бўлар, нега «Арсенал»ни хоҳламаётганимга қизиқарди. Уругвайда қолиб кетмоқчимисан, дейишарди. Аслида эса, ёлғиз қолганда «агар «Арсенал»га ўтсанг, яхши пул ишлаб олишимиз мумкин» деб шипшитишарди.
Тушуняпсизми, футболда ҳаётинг мутлақо ўзингники бўлмайди. Айниқса, ёшлик пайтда турли манфаатларнинг асирига айланиб қоласан. Ҳатто оиланг ҳам кимларгадир эргашишга мажбур. Айниқса, Жанубий Америка вакиллари учун футбол бу яхши ҳаёт томонга қочиш ҳисобланади. Албатта, ўртакашлар буни яхши билишади ва шу оғриқли томонга зарба беришга уринишади. Ўша пайтда «Арсенал»ни рад этиш учун ё тентак бўлганман ёки етарли даражада қатъиятли. Совуқ душда чўмилаверай, лекин ҳозирча оилам билан бирга бўлмоқчиман. Миямда балки бутун умр Уругвайда қолишимни режа қилганман.
Кейин эса, бир қўнғироқ ҳаётимни ўзгартириб юборди. Парагвайда ўсмирлар ўртасида қитъа чемпионатида тўп сураётгандим. Эртаси куни Аргентинага қарши катта ўйин кутиб турарди. Мен меҳмонхонада, ота-онам қўшни хонада истиқомат қилишади. Онам қўнғироқ қилди ва тезда уларнинг олдига киришимни сўради. Мен билан гаплашмоқчи бўлаётган одамлар бор экан. «Ойи, узр, чиқа олмайман» - дедим-да, гўшакни қўйдим. Ўйин олдидан хонадан чиқишимиз тақиқланган эди.
Қайта телефон бўлди. «Феде, дарҳол кел, «Реал»дан келишибди».
Ҳазил деб ўйладим. Югуриб борсам, ростдан ҳам, икки нотаниш йигит турибди. Онамнинг кўзларида ёш. Умуман, онам ҳадеб йиғлайверишини эътиборга олсак, ҳали ҳаммаси номаълум. Эсимда, аввал уларни «Пеньярол»дан деб ўйладим. Менга янги шартнома таклиф қилишмоқчи шекилли. Зўр-ку, Аргентина билан ўйингача яхши бутса сотиб оламан. Балки «PlayStation»га ҳам пул етар. Аммо йигитлар испан тилининг Кастилья лақчаси гапира бошлагач, томим кетиб қолди. Улар бу ерлик эмас-ку? Наҳотки?
«Биз «Реал»данмиз» - деди улар, - «сиз биз учун юлдуз бўлишингизга ишончимиз комил. Сиз ва оилангиз Мадридга кўчиб ўтишингизни сўраймиз».
Дунёда ярим миллион футболчи «Реал»га ўтишни хоҳлайди, булар мени олишмоқчими? Нима?!...
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади