"Локомотив" ва "Шўртан" жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжумани анъанага кўра меҳмонлар мураббийи иштироки билан бошланди.
Эдгар Гесс, "Шўртан" бош мураббийи:
— Биринчи бўлимда яхши ўйин кўрсата олмадик. Гарчи иккита гол ўтказиб юборган бўлсакда, иккинчи бўлимда ўз ўйинимизни кўрсата олдик, деб ўйлайман. "Локомотив" сафида индивидуал жиҳатдан кучли футболчилар йиғилган. Айрим вазиятларда уларнинг маҳорат ўйин тақдирини ҳал қилди.
— Шогирдларингиз бугун асосан ҳакам билан тортишув учун сариқ карточкалар олишди...
— Футболчилар айрим вазиятларда ҳакамнинг қарорига қўшилишмади. Ҳакам билан суҳбат учун ҳар доим ҳам сариқ карточка беравериш керак эмас. Европада футболчилар бутун ўйин давомида ҳакам билан суҳбатда бўлишади. Шунга қарамай, сариқ карточка олган футболчиларга нисбатан жазо қўлланилади.
— Ҳакамнинг ҳаракатларига 5 баллик тизимда қандай баҳо қўйган бўлардингиз?
— Мен ўйинни ўзимча кўраман, ҳакамларнинг ўз қонун-қоидалари бор. Ҳакамга баҳо қўя олмайман. Уларни баҳолайдиган назоратчилари бор.
— Қайси футболчиларни яхши ўйин кўрсатди дея оласиз?
— Ўз жамоамда иккинчи бўлимда майдонга тушган Аббос Омонов ва Асрор Алиқуловни таъкидлашим мумкин. Ўз савиясида ўйнаган ва ўз савиясида ўйнай олмаган футболчилар бор. "Пахтакор" билан ўйин қолдирилгани ҳам футболчиларга салбий таъсир кўрсатди. Икки ўйин оралиғи узоқ бўлиб кетди. Европада ҳар ҳафтада 2та ўйин ўтказишса, бизда эса 1-2та ўйиндан кейин 2-3 ҳафталик танаффус бўлиб қолади. Бунақада футбол эсдан чиқиб қолади. ФУтболчилар ҳам ритмдан чиқиб қолишади.
— Иккита қолдирилган ўйин 23 мартда бўлиб ўтадиган бўлди. "Шўртан" ҳам "Пахтакор" билан ўйинни ўша санада ўтказса бўлмасмиди. "Пахтакор"нинг 1-2 нафар фтуболчисигина миллий терма жамоага жалб қилинган холос.
— "Пахтакор" каби яхши шаклланган жамоаларда бир-икки нафар футболчининг йўқлиги ҳам сезилади. Бу борада "Пахтакор"ни яхши тушунаман. Шунинг учун бу санада ўйинни ўтказиш борасида бир қарорга келмадик.
— Жамоанинг асосий футболчиларидан бири Ботир Қодирқулов бугун ўйин қайдномасига киритилмади. Бунинг сабаби нимада?
— Ботир Қодирқуловда жароҳат бор эди. У кеча ёшлар жамоамизда ўйнади. У энди формасини тикламоқда.
— Жамоа қачондан яхши ўйин кўрсата бошлайди?
— Жамоамизни ўтган йилги таркибдан 10 киши тарк этган. Ҳозиргиси таркибимиз эса янги жамоа. Одатда жамоани шакллантириш учун бир неча йил керак. Биз ҳали етакчи жамоаларга қаршилик қилишга тайёр эмасмиз. Ўйиндан ўйинга кучайиб боришимиз керак. Ўртоқлик ўйинларида футболчиларнинг тайёргарлигини яхши билиб бўлмайди. Кўплаб мухлислар, ОАВ вакиллари қаршисида ўтадиган расмий ўйинлар футболчининг аслида нимага қодирлигини кўрсатиб беради. Жамоанинг ўзагини аниқлаб олганимиздан кейин янада яхши ўйин кўрсатамиз деб ўйлайман.
— Ҳисобни инобатга олмаганда, "Шўртан" 85-дақиқача яхши ўйнаётганди...
— Ҳа, ҳисоб ўйинга мос бўлмади. Ҳисоб 1:0 бўйича қолганида ҳеч ким бизни айбламасди. Биз етакчи жамоалар билан ўйинда очко олишни истардик, аммо очко олмаганимиз, бу фожиа эмас. Фақат жамоанинг ҳақиқий кучини аниқлаб олиш учун вақт керак.