"Локомотив" ва "Шўртан" жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида қатнашган "темирйўлчилар" бош мураббийи вазифасини бажарувчи Ҳаким Фузайлов ўйин осон кечмаганини таъкидлаб ўтди.
Ҳаким Фузайлов:
— Фурсатдан фойдаланиб, Эдгар Яковлевични туғилган кнуи билан табриклайман. Ўйинга тўхталадиган бўлса, учрашув биз учун қийин бўлди. Рақиб бизга жиддий қаршилик қилишини билардик. Ўйин давомида кўрсатмаларимга амал қилиб, ўйин интизомига амал қилган йигитларга раҳмат айтаман. Ўйин давомида ҳисоб қандай бўлишидан қатъи назар ўйин интизомини бузишмади. Натижада ўйин якунида 2та гол уриб, йирик ҳисобда ғалаба қозондик.
— Захирадан майдонга тушган Алан Кусов ҳақида нима дея оласиз?
— Алан узоқ вақт жароҳатини даволаш билан банд бўлди. У энди формасини тиклаб бормоқда. Футболчи ўйинни ичкаридан ҳис қилиши учун унга ўйин амалиётини бердик. У ҳужумкор, ўйинни яхши ташкил қиладиган ўйинчи.
— Иван Нагаев-чи?
— Иван шамоллаб қолди ва икки-уч кун олдин шуғулланишни бошлади. Яқин кунларда умумий гуруҳда бошлайди. Кейинги турларда уни таркибда кўришимиз мумкин бўлади.
— Шадринга ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Шадрин оёғининг орқа томонидаги пай чўзилган. Шунинг учун у даволанишни давом эттирмоқда. У ҳам яқин кунларда умумий гуруҳда шуғулланишни бошлаши лозим. Кейинги турларда унинг хизматидан фойдаланамиз.
— "Локомотив" 2-турнинг "Навбаҳор"га қарши ўйинини 3 апрель куни ўтказадиган бўлди. Бу ўйинни 23 март куни ўтказишнинг имкони йўқмиди?
— Клубимизнинг бир неча нафар футболчилари Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирилган. Шунинг учун сиз айтган муддатга ўйин ўтказа олмасдик. 30 март куни Нефтчи" билан ўйинни ўтказиб, кетидан "Навбаҳор" билан ҳам куч синашамиз.
— Чемпионатда қисқа муддатли танаффус юзага келмоқда. Бу муддатда жамоанинг режалари қандай бўлади?
— Терма жамоага жалб қилинган йигитлардан ташқари, қолган йигитлар билан 18 мартдан машғулотларни бошлаймиз ва "Нефтчи"га қарши тайёргарликни бошлаймиз. Йиғинимиз Тошкентда ўтказилади.