23 ёшгача бўлган ўйинчилар ўртасидаги Осиё Кубоги мусобақаси бошланишига саноқли кунлар қолди.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси “D” квартетида Малайзия, Вьетнам ва Kувайт жамоалари билан бир гуруҳдан жой олган. Гуруҳ босқичидаги ўйинлар ва ўзбекистонликларга рақиблик қиладиган ушбу жамоаларнинг U23 Осиё кубокларидаги иштироки ҳақида нималар маълум?
Дастлабки ўйин 17 апрель куни Малайзияга қарши кечади. Баҳс Тошкент вақти билан 18:00 да старт олади. Учрашувга 2022 йилги жаҳон чемпионатининг нақд 8 та ўйинини ўтказган “Кhalifa International Stadium” аренаси мезбонлик қилади.
Рақиб ҳақида. Бу мазкур ёш тоифасидаги Малайзия жамоасининг учинчи бор Осиё кубокларида иштирок этади. 2018 йилги мусобақада жамоа чорак финалгача етиб бориб, ўзларининг энг яхши натижасини кўрсатган.
Иккинчи ўйин 20 апрель санасида Kувайт жамоаси билан ўтади. Тошкент вақти билан 20:30 да бошланадиган баҳс “Al Janoub Stadium”да кечади. Дарвоқе, ушбу арена ЖЧ-2022 даги 7 та ўйинни қабул қилган.
Бу Kувайт U23 жамоаси учун ҳам учинчи Осиё кубоги. Улар 2013 ва 2022 йилги мусобақаларни гуруҳ босқичидаёқ якунлашган.
Гуруҳдаги сўнгги ўйин учун Ўзбекистон жамоаси яна “Кhalifa International Stadium”га қайтади. 23 апрель куни асосий рақиб Вьетнам билан катта эҳтимол биринчи ўрин масаласи ҳал этилади. Ўйин Тошкент вақти билан 20:30 да бошланади.
Вьетнам U23 жамоаси бешинчи бор Осиё кубокларида қатнашади. Уларнинг энг яхши кўрсаткичи финал ҳисобланади. 2018 йилги турнирда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги ўзбекистонликлар финалда айнан ушбу жамоа вакилларини мағлубиятга учратган ва ветнамликлар кумуш медалга сазовор бўлган.
Ўзбекистон учун эса бу ушбу ёш тоифасидаги олтинчи Осиё Kубоги бўлади. Жамоа 2018 йилги мусобақа ғолиби. Шунингдек, Ўзбекистон 2022 йилги турнирда финалгача етиб борган.
Бугун, 13 апрель куни Ўзбекистон U23 жамоаси Қатарда дастлабки машғулотларни ўтказди. Терма жамоа ўз учрашувларини жаҳон чемпионати ўйинлари бўлган стадионларда ўтказиши жамоа футболчилари ўз имкониятларини очиб бера олиши, техникасини намойиш қила олиши учун яхши имкон бўлади.