Кириш Регистрация

Хаби Алонсо ва Микель Артета: улар қандай қилиб болаликдаги дўстлардан топ-мураббийга айланди?

Баҳо:
+ | -

Алонсо ва Артета айни дамда Европанинг энг кўзга кўринган мураббийларига айланиб улгурди. Улар бугун тарих ёзишга яқин турибди. Дўстлар Сан-Себасьтяннинг қирғоқларида ўйнаб юрган даврдан то ҳозирга қадар кўп вақт ўтди. Айни дам улардан бири Шимолий Лондонда – Артета "Арсенал"ни 20 йиллик кутишдан кейин Англия тахтига қайтаришга жуда яқин келган. Хаби Алонсонинг "Байер"и эса бугун, ўз тарихида илк бор Германияда тенгсиз деб топилиши мумкин.

Албатта, бу икки баск оғайниларнинг тақдир йўли жуда ҳам қизиқ. Улар ўз футбол дунёсига "Антигуоко" ёшлар клубида қадам қўйишиб, у ерда 10 ёшида биргаликда ярим ҳимояда ўйнашади. Артета ва Алонсога болаликда мураббийлик қилган Роберто Монтьель ўзининг икки шогирдидан жуда ҳам хурсанд эканини айтади. "Антигуоко" клубининг президенти шундай дейди: "Микель ўша пайтларда доимо ўзининг ёшидан катта гуруҳда ўйнарди. У кичкина бўлишига қарамай, доимо катталардек фикрлаган. Шунда биз уни профессионал футболчи бўла олишига ишонгандик. Очиғини айтсам, бир умр бу клубда юриб, Микелдан яхшироғини ҳали учратмадим. У ҳаттоки Алонсодан ҳам зўрроқ эди. Менимча, Артетада доимо мураббий бўлиш нияти бўлган".

Микель Артетанинг мураббийлик қобилияти ёшликдан кўриниш берган. Аммо Хаби Алонсо билан бу нарсалар анча кеч бошланган. У ҳақида Монтьель шундай дейди:

"Хабининг жуссаси нисбатан кичкина эди. Шу сабабли, у 17 ёшлилар жамоасига киргунича анча қийналган. Шунга қарамай, у майдонда ўта тартибли эди. Хаби ўз вазифасини қандай уддалашни яхши англарди. Ҳаётда тортинчоқ бўлган бу йигитча, майдонга тушганида, бутунлай ўзгарар эди. Унга ўйин давомида бақириб кўрсатма бериш шарт эмасди. Хаби мени бир нечта сўзимдан яхши англаб оларди. Шу сабабли, бора-бора ҳамма уни ҳурмат қиладиган бўлди. У гапирганида қолганлар жим эшитарди".

Алонсо "Реал Сосьедад" томонидан 2004 йилда "Ливерпул"га сотилади. Трансфер пулининг бир қисми, табиийки, "Антигуоко"га берилган. Бу пуллар ёшлар клубига янги бино қуриш учун ишлатилади.

Роберто Монтьель "Антигуоко"нинг ҳозирда юлдуз битирувчилари билан яқин алоқаларга эга. Масалан, "Борнмут" устози Андони Ираола ҳам айнан Монтьель қўлида футболчи бўлиб етишган. Бу ҳақида у шундай дейди: "Биздан чиққан йигитларнинг мураббийликка қадам қўяётгани бежиз эмас. Бу нарса болаларга жуда ёшлигидан қўйиладиган талабларга боғлиқ. Бемалол айта оламанки, бу нарса бизнинг маданиятимизга алоқадор. Чунки, "Антигуоко" – ҳаёт мактаби".

 

 

 

ИСМАТОВ Ж.

Манба: thesun.co.uk
Киритилди: 13:00, 14.04.2024.
Ўқилди: 1793 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.