Томас Тухель бошчилигидаги "Бавария" чемпионлик мақомини йўқотди.
"Байер" бугун мавсум якунида Бундеслигада 1-ўринни қўлга киритди. Бунгача “Бавария” кетма-кет 11 йил Германия чемпионига айланганди.
2023 йил март ойи охирида бош мураббий этиб тайинланган Томас Тухель қўл остида мюнхенликлар шу пайтгача олтита совриндан фақат биттасини қўлга киритди.
Ўтган мавсумда "Бавария" сўнгги турда Дортмунднинг "Боруссия" жамоасини мағлуб этишнинг уддасидан чиқиб, Германия чемпионига айланганди. Шунингдек, Тухель қўл остида жамоа икки марта Германия кубогидан чиқариб юборилган - 2023 йилнинг апрелида "Фрайбург" 1:2 ва ноябрда "Саарбрюкен" жамоасига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлганди. Август ойида Германия Суперкубоги учун ўтказилган ўйинда мюнхенликлар “Лейпциг”дан йирик ҳисобда мағлубиятга учради (0:3). Ўтган йилнинг баҳорида "Бавария" Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида "Манчестер Сити"га умумий ҳисобда (0:3, 1:1) мағлуб бўлган ва чорак финал босқичидан чиқиб кетганди.
Жорий мавсумда Тухель шогирдлари асосий еврокубокдаги курашни давом эттирмоқда. Биринчи чорак финал учрашувида “Бавария” рақиб майдонида “Арсенал” билан дуранг ўйнади (2:2). Жавоб ўйини 17 апрель куни "Альянц Арена"да бўлиб ўтади.
Шу тариқа, “Бавария” шу кунгача Тухель қўл остида бешта турнирда мағлуб бўлди ва биттасида ғалаба қозонди. Мюнхенликлар бу мавсумда Чемпионлар лигаси кубогини кўтара оладими ёки йўқми, буни вақт кўрсатади.