"Ливерпуль", "Барселона" ва "Реал Мадрид"нинг собиқ юлдузлари ажойиб индивидуал мавсумларни ўтказган, аммо мавсумни совринсиз якунлаган пайтлари ҳам бўлган. Ушбу мақолада Харри Кейнни эслашни истардик, чунки "Бавария" бу мавсумни совринсиз якунлаши мумкин, Кейн ушбу рўйхатга қўшилган навбатдаги футболчи бўлади.
Томас Тухель жамоаси чемпионлик пойгасида Леверкузеннинг "Байер"ига мағлуб бўлди, мавсум бошида Германия Суперкубоги учун ўйинда ҳам мағлуб бўлди, Германия кубоги учун курашни аллақачон тарк этган ва Чемпионлар лигасида ғалаба қозониши ҳозирча даргумон, лекин ҳали ҳам имкониятлар мавжуд. Бироқ, Кейн, албатта, индивидуал мавсумни ажойиб ўтказган ва уни совринларсиз якунлаган ягона футболчи эмас. Биз ушбу ҳодиса бўйича айрим футболчиларни кўриб чиқамиз.
Харри Кейн – 2017/18 йилги мавсум
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Харри Кейн биринчи марта ажойиб мавсум ўтказаётгани йўқ, лекин уни ҳеч қандай клуб миқёсидаги мукофотларисиз якунламоқда. Аслида, Харри бу рўйхатда бир неча бор бўлиши мумкин эди, аммо биз ушбу мавсумга эътибор қаратдик.
Англия терма жамоаси сардори 2017-2018 йилларда ўзининг энг яхши ва энг муваффақиятли мавсумини ўтказди, аммо барчаси совринсиз мавсум билан якунланди. Ўша даврда "хўрозлар" учун 41 гол урганига қарамай, "Тоттенхэм" Премьер-лигада учинчи ўринни эгаллади ва ўша мавсумдан умуман завқлана олмади.
Луис Суарес – 2013/14 йилги мавсум
Жон Рудди ҳамон Луис Суарес ҳақида даҳшатли туш кўради. Суареснинг 2013/14 йилги футбол мавсуми барча даврлардаги Премьер-лига ўйинчиларининг энг яхши индивидуал мавсуми бўлганига кучли далил бор. Уругвайлик форвард чемпионатнинг дастлабки бешта ўйинида дисквалификация қилинганига қарамай, 33та ўйинда 31та гол уриб, осонлик билан “Олтин бутса”ни қўлга киритди. Айнан ўша мавсумда Суарес лигада ҳаммадан устун эканлигини исботлади ва уни ҳар ҳафта томоша қилиш жуда ёқимли эди. Бироқ, у бошқалардан анча кучлироқ бўлса-да, ўша мавсумни ҳеч қандай совринсиз якунлади. "Ливерпуль" Премьер-лига чемпионлигини қўлга киритиш учун бор-йўғи икки очко кам жамғарди ва улар Англия Лига кубоги ва Англия кубогидан ҳам омадсиз тарзда чиқиб кетган.
Криштиану Роналду – 2009/10 йилги мавсум
Криштиану Роналдуни Манчестердан "Сантьяго Бернабеу"га олиб келиш учун рекорд миқдорда пул сарфлаган "Реал Мадрид" 2009/2010 йилги мавсум улар учун бирорта совринсиз якунланишини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Тўғрисини айтсак, Роналду "Лос Бланкос"даги дебют мавсумида бундан ҳам кўпроқ иш қила олмасди. У 33 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди ва ҳар 71 дақиқада рақиб дарвозасини ўртача ҳисобда ишғол қилди. Шундай қилиб, у 2009/2010 йилги мавсумда учта асосий чемпионликни қўлга киритган Пеп Гвардиола жамоаси "Барселона" билан рақобатни бой берди.
2010 йилнинг май ойида Роналду шундай деган эди:
"Янги жамоадаги биринчи мавсумим менга жуда ёқди, лекин, албатта, унвонлар етарли эмас эди. Мен Мадридда ниҳоятда бахтиёрман ва жамоадошларим менга мослашишимда кўп ёрдам беришди, аммо якунда клуб ҳеч нарса ютмади. Биз курашни давом эттиришимиз керак ва ишончим комилки, келажакда биз кўплаб совринларни қўлга кирита оламиз".
Лионель Месси – 2019/20
Ҳатто футбол худолари ҳам вақти-вақти билан чемпионлик кубогисиз қолишлари мумкин. 2019/2020 йилги мавсумда "Барселона" лагерида тартибсизлик кузатилди, аммо Лионель Месси мунтазам равишда гол уришда давом этди. У ушбу мавсумни 56 та гол билан якунлади, аммо уларнинг ҳеч бири яхши натижа бермади. Кике Сетьен шогирдлари Чемпионлар лигасида “Бавария”дан мағлуб бўлди ва Ла Лига чемпионлигини “Реал”га бой берди. Шунингдек, улар Испания кубоги учун курашда чорак финалда Бильбаонинг "Атлетик"ига мағлуб бўлишди ва Испания Суперкубоги учун ярим финал жангида "Атлетико Мадрид"га ютқазишди. Месси ва жамоадошлари албатта, унутиши қийин бўлган йил сифатида тарихда қолди.
Антуан Гризманн – 2015/16
2015-2016 йилги мавсумда франциялик ҳужумчи Антуан Гризманн том маънода "Атлетико Мадрид"ни орқасида кўтариб юрди, аммо ўша мавсум у учун кубоксиз қолди. Диего Симеоне шогирдлари Ла Лига чемпионлигини атиги 3 очкога бой бериб қўйди ва Чемпионлар Лигаси финалида азалий душмани “Реал”га пенальтилар сериясида имкониятни бой берди.
Ўша мавсумда Гризманн 32 та гол урди ва 7 та голли узатмани амалга оширди, аммо бу ҳеч қандай мусобақада "Атлетико Мадрид"ни маррага олиб чиқиш учун етарли эмас эди.