Филиппинда бокс бўйича ёшлар ўртасида якунланган V Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бир олтин, тўрт кумуш, икки бронза, жами еттита медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида камол топаётган ёш спортчиларимиз халқаро майдонларда юксак чўққиларни забт этаётир. Хусусан, ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақалари – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларни қўлга киритмоқда.
Ёшлар ўртасида ўтказилган V Осиё чемпионатида қитъамизнинг йигирмадан зиёд давлатидан 130 нафарга яқин боксчи ўн вазн тоифасида ғолиблик учун куч синашди. Қитъа чемпионатининг олтин медаллари фақат тўрт мамлакат – Ўзбекистон, Хитой, Филиппин ва Қозоғистон боксчиларига насиб этди.
Терма жамоамиз аъзоларидан беш нафари финал жангларида қатнашди. Ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони Ойбек Шарипов 91 килограмм вазн тоифасидаги ҳал қилувчи жангда Қозоғистон чемпиони Ойбек Эрметов устидан 16:12 ҳисобида ғалаба қозонди ва Осиё чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди. Спортчимизнинг бу муҳим ғалабаси шарафига давлатимиз мадҳияси янграб, Ватанимиз байроғи баланд кўтарилди.
Истеъдодли боксчиларимиз – ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Акмалбек Қосимов, жаҳон чемпионати кумуш медаль совриндори Исроил Мадримов, мамлакатимиз чемпиони Улуғбек Мубинов ва умидли спортчи Миразизбек Мирзахалилов шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.
Қатор халқаро турнирлар ғолиблари – Нурсултон Нишонбоев ва Анвар Туропов терма жамоамиз ҳисобига биттадан бронза медаль келтирди.