Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов билан чипта мавзусида бошланган интервью терма жамоалар мавзусида ҳам давом этди.
— Миллий терма жамоа йиғинни бошлаганидан хабаримиз бор. Улар Ливанга қарши ўйинда яхши формада кела олишадими?
— Делегация бугун эрталаб БААга жўнаб кетди. Жамоа 22 март куни ўйинни ўтказиб, 23 март куни кечки пайт соат 17:00да пойтахтимизга қайтиб келишади. Шундан кейин Тошкентдаги машғулотлар бевосита Ливанга қарши ўйинга қаратилади.
— Терма жамоанинг кейинги режалари қандай? Масалан, терма жамоамиз 6 июнь куни сафар Хитой билан ўртоқлик ўйинини ўтказади. Аммо кейинги муддатлардаги ФИФА кунларига режалар аниқ эмас.
— Терма жамоа мураббийлар штабининг иш режаси 18 июнга қадар тасдиқланган. Насиб қилса, биз жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритсак, кейинги режалар шундан келиб чиқиб тузилади. Ҳозирча 3-4 терма жамоалардан таклифлар бор. Бизни ўзига таклиф қилаётган ёки Тошкентга келиб ўйнашга тайёр бўлган жамоалар бор. Аммо биз уларга жавоб беришга шошилмаяпмиз. Ҳаттоки, матбуотда эълон қилинган Малайзия билан ўйинга ҳам ўзгартириш киритилиши мумкин. Аввал 18 июнгача олдимизда турган ўйинларни муваффақиятли ўткзиб олайлик. Кейин эса кучли терма жамоалар билан ўйнаш имкониятимиз пайдо бўлади.
— Нима учун Ўзбекистон U14 терма жамоаси Осиё чемпионатининг саралаш босқичида иштирок этмайдиган бўлди?
— Бунга саралаш ўйинлари бўлиб ўтадиган Непал давлатидаги шарт-шароитлар сабабчи. Вакилларимиз бу давлатда бўлиб келишган ва шароитларни яхши билишади. У ерда ташкилотчилик яхши эмас, меҳмонхоналардаги шароит ёмон, озиқ-овқат бизга тўғри келмайди, машғулот ўтказадиган майдонлар ва хавфсизлик масаласи ҳам талабга жавоб бермайди. Боз устига, футболчиларнинг ота-оналари ҳам бундай шароитдаги мамлакатга ўз фарзандларини юборишни исташмади. Шунинг учун мураббийлар кенгашида 14 ёш футболчиларимизни мусобақадан иштирок этмаслигига қарор қилинди.
— ОФК ЎФФга нисбатан жиддий чора кўрса-чи?
— Биз уларга имкон қадар вазиятни тушунтиришга қарор қилдик. Уларнинг бизнинг талабимизни қабул қилиб, мусобақадан чиқариб юборишди. Умид қиламан, бизга нисбатан жиддий чора кўрилмайди.
Олимхўжа БЎРОНОВ