Загребнинг «Динамо» клуби президенти Велимир Заец митти Лука Модрични ортга қайтариш ниятида. У бу масалада амалий ҳаракатни ҳам бошлади.
Тўғри, Хорватия клуби раҳбари биринчи уриниш учун анча ноодатий йўл танлади. Оддий айтганда, Заец шунчаки, Marca газетасининг тўлиқ бир бетини сотиб олди. Ҳа, «Реал» ярим ҳимоячисига алоҳида мурожаат йўллаш учун!
Умуман, Загреб «Динамо»сида ҳамма Лука Модрич фаолиятини айнан Хорватияда якунлашини истайди. Жамоа президенти Велимир Заец «Реал» ҳаётида катта из қолдирган митти хорватни Marca газетасининг тўлиқ бир бетига жойлаштирилган таъсирли мурожаат воситасида ватанга қайтишга чақириш учун қанча тўлагани маълум эмас. Табиийки, Испанияда катта нуфузга эга нашрнинг саҳифаси арзон эмас. Мурожаатга келсак, саҳифада 38 ёшли футболчининг фамилияси битилган 10-рақамли форма акс эттирилган. Албатта, «Динамо»ники. Улкан сурат остида эса маъноли чақирув ёзилган: «Бу мантиқли якун бўларди». Ноодатий юриш, оригинал ёндашув. Айтиш керак, айнан Загреб клуби тарбияланувчиси саналган Лука Модрич ва «Реал» ўртасидаги шартнома жорий мавсум охирида ўз кучини йўқотади. Маълумот учун, «Мадрид»га «Тоттенхэм» орқали ўтган хорватиялик ярим ҳимоячи 12 йилдан буён жамоа билан бирга. У ортда қолган вақтда ЧЛнинг ўзида 5 марта зафар қучди ва «Олтин тўп» соҳибига ҳам айланди.
Mundo Deportivo нашрида ёзилишича, жорий мавсум Туркия Суперлигаси йўлланмасини муддатидан олдин расмийлаштирган «Эюпспор» клуби ҳам Лука Модрични ўз сафига чорламоқда. Таъкидланишича, машҳур Арда Турон бошқарувидаги жамоа келаси мавсум учун таркибини кескин даражада кучайтирмоқчи. Жумладан, клуб раҳбарияти ЖЧ-2018 финалчиси хизматига жиддий қизиқмоқда. Таркибида ҳамюртимиз Жаҳонгир Ўрозов шуғулланаётган «Эюпспор» менежери аллақачон Модричга реал таклиф тайёрлашга киришгани айтилмоқда.