Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ғалабага чанқоқ “Боруссия Д” чемпионликни умид қилаётган “ПСЖ”га қарши. Бугун ЕЧЛ ярим финал ўйини бўлиб ўтади (превью)

Баҳо:
+ | -

Футбол бўйича Европа Чемпионлар Лигасининг ярим финалида “Боруссия Д” ва “ПСЖ” 1 май, чоршанба куни ўзаро тўқнаш келади. Дастлабки ўйин Дортмундда бўлиб ўтади. Қуйида мазкур учрашувга оид маълумотлар ва қизиқарли фактлар тақдим этилади.

Ғалабага чанқоқ “Боруссия Д”

Эдин Терзич жамоаси чорак финалда “Атлетико”ни (4:2, 1:2) мағлуб этиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Бундеслигадаги 5-ўрин эса (кафолатланган) “Боруссия” учун кейинги мавсум Чемпионлар Лигасига чиқиш имконини бермайди. 2024/25-йилги мавсум гуруҳ босқичида иштирок этиш учун жорий мавсум чемпионликни қўлга киритиши зарур.

Даниел Мален, Абдулае Камара, Себастьян Аллер ва Рами Бенсебаини жароҳат сабабли ушбу ўйинни ўтказиб юборади. Ян Матсен ва Эмре Жан каби футболчилар эса сафга қайтган.

Финални мақсад қилган “ПСЖ”

Ўтган ҳафтада парижликлар Франция чемпионлигини расмийлаштирди. Чемпионлар Лигасида эса жамоа турлича ўйин намойиш этмоқда. Чорак финалда “Барселона”га биринчи ўйин бой берилди (2:3). Жавоб ўйинида эса 4:1 ҳисобида зафар қучиб, кейинги босқичга йўл олди. Ушбу ўйинда каталонияликлар футболчиси Араухонинг қизил олиши бутун ўйин картинасини ўзгартириб юборди.

“ПСЖ” бугунги ўйинда Преснел Кимпембенинг хизматларидан фойдалана олмайди. Шунингдек, узоқ муддатдан буён лазаретда ётган Серхио Рико ҳам қайдномадан жой олмаган.

Ўйин олдидан қизиқарли фактлар:

“Боруссия Д” илк ва ҳозирча сўнгги бор Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонганига 27 йил бўлди;

Тўрт йил олдин “ПСЖ” чемпион бўлишга яқин келганди ва финалда имкониятни бой бериб қўйганди;

“ПСЖ” ўтган ҳафтада Франция чемпионлигини қўлга киритди. Эътиборлиси, парижликларнинг ўзи эмас, унинг энг яқин таъқибчиси очко йўқотиши ҳисобига бу чемпионликка эришилди;

“ПСЖ” сўнгги 30 ўйиндан 29 тасида мағлуб бўлмаган;

“Боруссия Д” турнирнинг 7 та ўйинидан 6 тасида мағлубият нималигини билмай келмоқда.

“Боруссия Д” — “ПСЖ” ўзаро ўйинлар тарихига назар:

Ушбу мавсумда жамоалар гуруҳ босқичидаёқ ўзаро тўқнаш келди. Парижда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, Германиядаги ўйин 1:1 ҳисоби билан якунланган.

Яна бир қизиқ жиҳати, ҳозирча ўз тарихида ягона бўлиб турган Чемпионлар Лигаси финалига “ПСЖ” айнан дортмундликларни мағлуб этиб, йўл олганди. Биринчи ўйинда Париж клуби 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган ва жавоб ўйинида 1:2 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Мураббийларнинг ўйин олди фикрлари

Ғалаба учун бор имкониятимизни ишга солишимиз зарур. Ярим финалга чиққан жамоалар ичида энг кучсизи бўлиб кўринаётгандирмиз, лекин энг ғалабага чанқоқ жамоалигимиз аниқ. “Уэмбли”га бориш учун бор кучимиз билан ҳаракат қилишимиз керак.

180 дақиқа тинмасдан меҳнат қилишимиз лозимлигини тушуниб турибман.

Эдин Терзич, “Боруссия Д” бош мураббийи

“ПСЖ” фаворит? Мана нима учун матбуот футбол ҳақида ҳеч нарса билмаслигини доим таъкидлаб келаман. Финалга чиқишдан ташқари исталган натижа ярим финалда иштирок этаётган жамоаларни хафа қилиши тайин.

Ўйин худди чорак финалдагидек қийин кечади. Ўз ўйинимизни кўрсатиб, ғалаба қозонишга уринамиз. Учрашув қизиқарли ва голларга бой ўтади.

Луис Энрике, “ПСЖ” бош мураббийи

“Боруссия” ва “ПСЖ” ўртасидаги учрашув Ўзбекистон вақти билан 1 майдан 2 майга ўтар кечаси 00:00 да старт олади.

Манба: www.daryo.uz
Киритилди: 16:47, 01.05.2024.
Ўқилди: 351 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.