Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Статистика: Бунақасини футбол ҳали кўрмаган...

Баҳо:
+ | -

Ҳа, футбол олами ҳозиргача бир жамоа таркибида шу қадар сермаҳсул тўп сураётган қанот ҳимоячиларини дуч келмаганди.

Алекс Гримальдо ва Жереми Фримпонг биргаликда барча турнирларда 48та самарали ҳаракатни амалга оширишди. Модомики, мавсум ҳали ниҳоясига етгани йўқ.

Гримальдо гол+пас тизимида Флориан Виртцдан кейин (32 очко) 2-ўринда бормоқда. Фримпонг эса 4-поғонада, 25 очко тўплаган Виктор Бонифасе латераллар орасидан жой олган. Ҳимоячиларнинг сермаҳсуллиги туфайли, асосий ҳужумчининг узоқ вақт майдонга туша олмагани жамоа ўйинларига зиён етказмади.

Топ-лигалар миқёсида Фримпонг-Гримальдо жуфтлиги энг сермаҳсул қанот ҳимоячилари. 10 баллдан кўпроқ жамғаришга фақат «Интер» вакили Федерико Димарко ва «Ньюкасл» аъзоси Киран Триппьер (11 баллдан) муваффақ бўлишган. 

Алекс ва Жеремининг сермаҳсуллиги кўплаб афсонавий ҳужумкор ҳимоячилар натижаларига таққослаганда яққол намоён бўлади. Масалан, Дани Алвеш 25 (4+21), Роберто Карлос 23 (10+13), Жорди Альба 20 (3+17), Майкон 19 (7+12), Марсело 16 (3+13) очко жамғарган. Агар «Байер»да фақат Гримальдо ёки Фримпонг порлаганида, янада қудратлироқ кўринган бўларди.

Kickerнинг ҳисоб-китобларига кўра, Гримальдо-Фримпонг жуфтлиги - Бундеслигадаги энг сермаҳсул дуэт. Улардан аввал Ашраф Ҳакими ва Рафаэл Геррейру 2019|20 йиллар мавсумида «Боруссия Дортмунд» сафида энг юқори натижани қайд этишганди.

Гримальдо ва Фримпонг «Байер»га қаердан келишган?

2021 йил январида «Байер» 20 ёшли Жеремини «Селтик»дан харид қилган. Фримпонг аслида «Манчестер Сити» тарбияланувчиси, шотланд клубида 1,5 йил тўп сурган бўлсада, клубга катта даромад келтирган: 360 000 еврога олинган футболчини «Селтик» 11 млн.га сотди. Ҳозир 23га чиққан Фримпонг эса дастлабки тўлиқ мавсумида 7 (1+6), кейингисида 15 (8+7) балл жамғариб, қитъанинг энг хавфли қанот ҳимоячилари сафига кўтарилди.

Алекс Гримальдо эса 28 ёшида топ-лига футболчисига айланди - 2023 йил майида эркин агент мақомида «Байер»га ўтди. «Барселона» академиясининг тарбияланувчисига асосий жамоада талаб бўлмагач, «Бенфика»га йўл олди ва 8 йил самарали тўп сурди. Жумладан, 2018|19 ва 2022|23 йиллар мавсумида 21 (8+13) ва (7+14) балл тўплади. Ке­йин Хаби Алонсо уни «Байер»га таклиф этди.

Гримальдо-Фримпонг жуфтлиги асосан юқори позицияларда ҳаракат қилади, тўп билан муомала қилиш марказий ҳимоячилар учлиги ва таянч ярим ҳимоячилари орқали бўлади.

«Байер»нинг контрпрессингдаги устунлигини статистик маълумотлар тасдиқлайди: йўқотилган тўпни жамоа 6 сония ичида қайтариб олади. Бунинг 56,2 фоизи олдинги чизиқда амалга оширилади. Мазкур кўрсаткич бўйича фақат «Ливерпуль» яхшироқ кўрсаткичга эга. «Байер» ўз рақибларига қарши ҳужум уюштириш имкониятини бермагани боис, ҳужумкор ҳимоячиларда ўз жарима майдончаларига қайтиш зарурати кам бўлади. Улар асосий эътиборни ҳужумкор ҳаракатларга қаратиш имкониятига эга бўладилар.

Гримальдо - ақлли ва маҳоратли, стандартлар ва ғайритабиий голлар устаси

«Ақлли» ва «маҳоратли» сийқаси чиққан иборалар бўлсада, Гримальдо табиатини мукаммал ифодалайди. Унчалик совуққонлик билан моҳирона тўп сурадиган ва ечим топадиган ҳимоячи йўқ ҳисобида. Қисқаси, Гримальдо чап қанотда амалга ошириш лозим бўлган барча юмушларни аъло даражада уддаласа, Фримпонг ўнг қанотда шундай тўп суради. Фарқи - Жереми тезкорлик эвазига, Алекс эса вазиятни олдиндан ҳис этиш эвазига самарали ўйин кўрсатади. Буни футболда интеллект, деб аташади.

Гримальдонинг фишкаси - олис масофадан, айниқса, стандарт вазиятлардан йўлланадиган зарбалар. Бу 1-даврадаги «Бавария»га қарши беллашувда (2:2) намоён бўлган, Алекс йўллаган тўпнинг траекториясига ҳатто Лерой Сане ҳам қойил қолганди. Алонсонинг фикрича, аниқ зарбалар сири шогирдининг ихчам оёқларида. Гримальдо - Алонсонинг «Байер»даги мухлиси. Жамоада ҳеч ким Хаби ҳақида унчалик кўп ижобий фикр билдирмайди.

Марҳамат, 3та шундай эътирофлар билан танишинг:

1. Мақтовлар ва танқидлар услуби: «Хаби доимо ўта талабчан, лекин ҳеч қачон иззат-ҳурматни унутмайди. Машғулотда ноаниқ узатма берсак, ўша заҳоти танбеҳ беради: «бундай хатога йўл қўймаслигинг шарт». Лекин узатма зўр чиқса, биринчи бўлиб мақтайдиган ҳам у».

2. Хабининг ҳозир ҳам ўйнай олиши ҳақида: «У ҳамон спорт формасини йўқотмаган. футбол оламида у каби  узатма бера оладиган футболчи жуда кам. Тўпни олиб юриш машқи пайтида тезликни ошириб, қандай суръатда ўйнаш кераклигини амалда намойиш этади».

3. Ниҳоят, шунчаки, ўта ёқимли цитата: «Унинг ёш касбдошларим билан ишлашини кузатиш менга ёқади. 20 ёшли пайтимда айнан Хабидек устозни орзу қилганман».

Фримпонг - спринт, спринт, спринт, спринт, алдамчи ҳаракат, спринт, спринт, спринт, спринт, узатма, спринт, спринт, спринт, спринт, зарба, спринт (голни нишонлаш учун)

Фримпонг учун ёқимли факт: март ойида у рақиб жарима майдончасида тўп олиб юриш борасида Бундеслигада етакчи, ундан 400 дақиқа кўпроқ ўйнаган Харри Кейн ундан орқада эди. Харри ҳамон Фримпонгдан орқада! Холанд ва Левандовскилар ҳам. Бироқ Жереми энди 2-ўринда. «РБ Лейпциг» ҳужумчиси Лои Опенда ундан ўзиб кетди - 181га 172. 90 дақиқа бўйича ҳисоблаганда, Фримпонг яхшироқ, лекин бирибир, 2-ўринда. Бу борада Бонифасе олдинда.

Жарима майдончаси ичидаги самарали ҳаракатларини Жереми тезкор рейдлари туфайли амалга оширади. У 59та самарали юриш билан яққол етакчи. Унинг кўрсаткичи «Хайденхайм»нинг жамоавий натижасидан атиги 9та камроқ. Фримпонгнинг яна бир илоҳий устунлиги - чексиз спринтлар босимида пайларининг шикастланмаслиги. Унинг ихчамгина гавдаси туганмас кучга тўлган.

Эҳтимол, шунчалик ҳужумкор ҳаракатлардан ташқари, Гримальдо ва Фримпонгнинг ҳимоя чизиғидаги фаолияти ҳам қизиқтираётгандир. Гримальдога кўпинча тезлик ва кескинлик етишмайди. Фримпонг ўртачадан пастроқ, ҳимоя чизиғи талабларига жавоб бера олмайди. 5 кишилик ҳимоя чизиғи заифликни сездирмайди. Шунингдек, Жеремининг ўйинида ижобий силжиш ҳам йўқ эмас.

Фримпонгнинг фикрини инкор этиш ҳам нотўғри: «Кўпчилик вазним ҳимояда ўйнаш учун етарли эмас, деб ҳисоблайди. Лекин ҳозир организмим анча кучли, мени аввалгидек тўп ёнидан туртиб юборишмайди. Гарчи мен вазн тўплаш билан шуғулланмаган бўлсам ҳам. Вазним оғирлашса, тезликни йўқотиб қўйишим мумкин».

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 20:14, 03.05.2024.
Ўқилди: 1758 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.