Кириш Регистрация
30/06 00:00 Германия 2-0 Дания
30/06 05:00 Канада 0-0 Чили
30/06 05:00 Аргентина 2-0 Перу
30/06 20:00 Насаф 3-2 Навбаҳор
30/06 20:00 Металлург 1-4 Олимпик
30/06 21:00 Англия 2-1 Словакия
01/07 00:00 Испания 4-1 Грузия
01/07 05:00 Ямайка 0-3 Венесуэла
01/07 05:00 Мексика 0-0 Эквадор
01/07 19:30 Нефтчи - Пахтакор
01/07 21:00 Франция - Бельгия
02/07 00:00 Португалия - Словения
02/07 06:00 АҚШ - Уругвай
02/07 06:00 Боливия - Панама
02/07 21:00 Руминия - Нидерландия
03/07 00:00 Австрия - Туркия

Янги аср ногаҳоний чемпионлари

Баҳо:
+ | -

Леверкузеннинг «Байер» клуби Бундеслигада муддатидан аввал чемпионликка эришиб, «Бавария»нинг суперсериясига нуқта қўйди...

Ва ўз тарихидаги дастлабки тарихий зафарини нишонлади. Шунингдек, ХХI асрнинг тўпори ғолиблари сафини кенгайтирди. Шу баҳона ўзининг ёрқин парвози билан футбол ривожига муносиб улуш қўшган фидойи жамоаларни эслаб ўтишни лозим топдик.

АПЛ

«Лестер» - 2015|2016 йиллар мавсуми

2015 йил майида АПЛни тарк этиш хавфи остида турган «тулкилар» якуний 8 учрашувдаги 19 очко эвазига элитадаги ўринни сақлаб қолишганди. Кейинги мавсумда тушуниб бўлмайдиган ҳодиса рўй берди: Клаудио Раньери жамоаси стартни 6та мағлубиятсиз ўйин билан бошлади, ноябрда Жейми Варди қаторасига 11та учрашувда гол уриб, Руд ван Нистелрой рекордини янгилади. Янги йилга қадар «Лестер» бир неча марта пешқадам бўлиб олди, 16 январда «Астон Вилла» билан дурангдан кейин яна 1-ўринга кўтарилиб, мавсум охиригача етакчиликни сақлаб қолди.

Якунда «тулкилар» 44 очкожамғариб, мавсумни 12-ўринда якунладилар. Ҳозир жамоа АПЛга қайтиш учун курашмоқда, Чемпионшип пешқадами. Бироқ мавсум давомида 14 очколик фарқни бой бериб қўйди, «Ипсвич» билан тенгма-тенг кетмоқда.

ЛА ЛИГА

«Валенсия» - 2001|2002, 2003|2004

1990-йиллар охири ва янги асрнинг илк йилларида «кўршапалаклар» «Реал» ва «Барселона»га муносиб рақобат кўрсатиб, 2 марта чемпион бўлишган, ЕЧЛда финалга чиқиб, УЕФА ва Испания Кубокларини қўлга киритишган. Рафа Бенитес ўзининг дебют мавсумида «Валенсия»га охирги 31 йилдаги дастлабки чемпионликни тақдим этди. 2003|2004 йиллар мавсумида Ла Лигадаги муваффақият такрорланди - жамоа мустаҳкам ҳимоя эвазига (38та ўйинда 27та гол) зафар қучганди.

«А» СЕРИЯСИ

«Рома» - 2000|2001

Мазкур мавсумда «бўрилар» ўртамиёна жамоаларга қарши баҳсларда деярли очко йўқотишмади, фақат «Интер», «Милан» ва «Фиорентина»га бир мартадан имкониятни бой беришди. Жамоа айниқса, уй учрашувларини муваффақиятли ўтказди. Римликлар 1-даврани «Ювентус»ни 6 очкога ортда қолдирган ҳолда якунладилар. Ўртадаги фарқ 31-тургача ўзгармади. Кейин Капелло жамоаси «Милан» ва «Наполи» билан дуранг ўйнади ва тафовут 2 очкога тушиб қолди. Якуний турда «Ювентус» «Аталанта»ни маҳв этгач (2:1), пешқадамлик мақомини чемпионликка айлантириш учун «Рома»га «Парма»га қарши баҳсда фақат ғалаба керак эди. Бироқ ўша мавсумда рақиб жамоа таркибида Буффон, Тюрам, Милошевич, Ди Вайо ва ака-ука Каннаваролардек афсоналар тўп суришарди. Лекин шундоққина шоҳсупа остонасида турган «бўрилар» ҳам сўнгги куч-маҳоратларини ҳал қилувчи баҳсга сақлаб қў­йишганди. Хуллас, 1-бўлимда «Рома» Тотти ва Монтелланинг аниқ зарбалари эвазига 2 гол устунлигига эга бўлди. Танаффусдан ке­йин эса Габриэль Батистута 3-голни урди, «Рома» эса 18 йиллик танаффусдан кейин чемпионни қўлга киритди.

БУНДЕСЛИГА

«Вердер» - 2003|2004

Бремен клуби 1-давранинг ўзида 10та учрашувни 3 ва ундан кўпроқ голлар билан қўлга киритди, 16-турда пешқадам бўлиб олди ва мавсум охиригача сақлаб қолди. Томас Шааф шогирдлари ғолибликни 32-турда, «Альянс-Арена»да «Бавария»ни ишончли тарз­да (3:1) маҳв этиш эвазига нақд қилишди. Бу «мусиқачилар» тарихидаги 4-чемпионлик бўлиб, 3таси Шаафнинг бевосита иштирокида қўлга киритилган. Томас 1988 ва 1993 йилларда футболчи мақомида қатнашган. 2004 йилда бременликликлар чемпионлик сов­рини ёнига Германия Кубогини ҳам қўшиб қў­йишган.

«Штутгарт» - 2006|2007

Мавсум аввалида бу жамоанинг чемпион бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди: «Нюрнберг»дан 0:3 ҳисобидаги мағлубият, «Арминия» устидан базўр ғалаба (3:2), «Боруссия»дан мағлубият (1:3) ва 4-турга 15-ўринда бориш - чемпионлик ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Кейин «Штутгарт» жонланди: 9 ўйинли мағлубиятсиз серия, «Шальке» ва «Байер» устидан йирик (3:0) ғалабалар. Бироқ шиддатли парвоз эвазига етакчига айланган жамоа 13-турда «Бавария»дан енгилиб (1:2), пастлай бошлади. Жамоа бир неча турни 4-ўринда ўтказди, «Шальке»эса пешқадам бўлиб олди. Якуний босқичда ўз уйида айнан «Шальке»дан енгилган (0:1) жамоа етакчидан 7 очкога ортда эди. Лекин кейин чинакам мўъжиза рўй берди: 8та ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган Армин Фе жамоаси 15 йил ичида илк бор шоҳсупани забт этди.

«Вольфсбург» - 2008|2009

Бунга қадар ғолиблик нима эканлигини билмаган, ҳатто 2-ўринга ҳам кўтарила олмаган клуб тарихидаги чинакамига тарихий чемпионлик. Ўшанда Феликс Магат нафақат бош мураббий, балки спорт директори вазифасини ҳам адо этарди. «Бўрилар» эса мавсумнинг асосий қисмини ўртамиёналар сафида ўтказиб, сўнгги босқичда жонланишганди. Чемпионлик пойгасининг ўта эҳтиросли лавҳаси 26-турда, «Бавария»га қарши баҳсда (5:1) қайд этилган, Графите рақибнинг ярим таркибини алдаб ўтиб, тўпни товони билан дарвозага жойлаганди. Ўшанда мавсумни 80та гол билан якунлаган «Вольфсбург»да топ-ҳужумчилар - Эдин Жеко (26), Графите (28), Звездан Мисимович (7) учлиги шаклланганди.

ЛИГА 1

«Нант» - 2000|2001

Асрлар алмашуви даврида ҳар йили Лига1да янги чемпион зафар қучганди: «Осер», «Монако», «Ланс», «Бордо». 2001 йилда нав­бат афсонавий Рейнальд Денуэкс жамоасига келди. 1966-1979 йилларда «Нант» шарафини ҳимоя қилган футболчи мураббий мақомида чемпионликка эришди. Унинг жамоаси эса 58та гол уриб, Лига1даги энг яхши натижани қайд этди. Вингер Оливье Монтеррубио (14), ҳужумчилар Виорел Молдован (22) ва Марам Ваируа (15)ларнинг сермаҳсул ўйинлари ғолибликни таъминлади. Ногаҳоний чемпионликдан сўнг мураббий клубни тарк этди, «Нант» 10-ўринга тушиб кетди ва 2006|2007 йиллар мавсумида Лига2га йўл олди.

«Бордо» - 2008|2009

Бир йил аввал мураббийлик соҳасига қадам қўйган Лоран Блан 2-мавсумида «Бордо»ни шоҳсупага олиб чиқди. Унинг раҳбарлигида жамоа қаторасига 11 учрашувда зафар қучиб, Лига 1 рекордини ўрнатди ва охирги 10 йилдаги чемпионлигини нишонлади. Қаторасига 7 марта ғолиб чиққан «Лион» эса Бенземадек ҳужумчи билан 3-ўринни банд этди.

«Монпелье» - 2011|2012

2011 йилда «ПСЖ»ни шайхлар бошқарувига ўтган бўлсада, ўз тарихидаги илк чемпионликни «Монпелье» илиб кетди. Мавсум интригаси эса сўнгги тургача кучайиб борди. Ҳал қилувчи тур арафасида «ПСЖ» 3 очкога ортда бораётган, лекин «Лорьян»ни енгса, ғолибликка умид қила оларди. Якунда рақобатчилар аввал ўз дарвозаларидан тўп олиб чиққан бўлсада, ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди. Айниқса, Оливье Жиру ўзининг 21 голи ва 12 ассисти голи билан чемпионликка катта ҳисса қўшди.

«Монако» - 2016|2017

7 йил аввал «Монако» Лига 1да ғолиб чиқиб, ЕЧЛда ярим финалга етиб борганди. Ўша мавсумда Леонарду Жардим жамоаси 95 очко жамғариб, 8-марта чемпион бўлган ва «ПСЖ»нинг гегемонлигига нуқта қўйганди. Ўшанда князлик клуби иқтидорли ёшларни жамлаган, Бернарду Силва универсаллиги, Килиан Мбаппе эса Тьерри Анрига қиёсланиши ва илк мавсумининг 21та ўйинида 10та гол ва 7та ассистни расмийлаштириш билан донг таратишганди. Бундан ташқари, топ-клубларга йўл олган ўйинчилари эвазига «Монако» 2017 йилда 200 млн. евро, бир йилдан кейин 367 млн. евро фойда олганди.

«Лилль» - 2010|2011, 2020|2021

2011 йил майида «Лилль» 1954 йилдан бери илк бор чемпионликни нишонлади. Ваҳоланки, жамоа мавсумни 4 дурангли серия билан бошлаган, август ойида 11-поғонада эди. Октябргача Руди Гарсия жамоаси лиқиллаб қолиб, «Марсель» ва «Лион»дан енгилди. Лекин ноябрда жонланиб, 2-ўринга кўтарилди. Декабрь ойининг охирида жамоа «ПСЖ»дан 4 очкога олдинга ўтиб, етакчи бўлиб олди.

Шундан кейин «Лилль» фақат олға интилди: мартда асосий рақобатчи - «Марсел»ни тор-мор этди, 21 май куни Парижда «ПСЖ» билан дурангга (2:2) имзо чекди ва муддатидан аввал ғолибликни расмийлаштирди. Бу клуб тарихидаги учинчи, сўнгги 57 йилдаги илк ғалаба эди.

10 йилдан кейин Париждан бошқа шаҳар жамоасининг чемпионлиги сенсация мақомини олганди. Бироқ Кристоф Гальтьенинг жамоаси лидерликка босқичма-босқич эришишни афзал кўрди: чемпионликдан аввалги 2 мавсумни 2 ва 4-ўринларда якунлади. «Лилль» зафарида ўта ишончли ҳимоя чизиғи (38та ўйинда 23та гол) муҳим роль ўйнади.

 С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:54, 11.05.2024.
Ўқилди: 1344 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.