Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Маттео Габбия: "Милан" - бу оилам, болалигимдан таниш чеҳралар"

Баҳо:
+ | -

«Милан» ҳимоячиси Маттео Габбия жорий мавсум арафасида ижара келишуви асосида Испаниянинг «Вильярреал» клубига йўл олганди.

Лекин «россонерлар» қишда уни муддатидан олдин ортга қайтаришди. Чунки жамоада жароҳатланмаган ҳимоячи қолмаганди ҳисоб. Йўқ, шундай бўлсада, «Милан» 24 ёшли иқтидорни мажбурликдан қайтарганини айтиш ноўрин. Бинобарин, Маттео қисқа муддатда Ла Лига ва евроареналарда ўзини чиникамига намоён эта олди ва миланликларни қайта ўйлаб кўришга ундади. Мана, Габбия ҳозиргача «Милан»нинг барча ўйинларида алоҳида ажралиб турибди. У бу оралиқда фақат «Эмполи»га қарши «А» серия 28-тур ўйинида дам олди. Асосийси, ҳимояда тўп сураётганига қарамай, 3та гол ва 1та ассист расмийлаштиришга улгурди. Хуллас, Габбия «Милан» клуби расмий сайтига берган интервьюсида асосан Пиреней ярим оролида олган тажрибаси билан ўртоқлашди, яна чемпионлик мавсумини эслади ва шахсий ҳаёти ҳақида гапирди.

- «Мэттью Кейж» - бу лақабингиз қачон ва қандай пайдо бўлди?

- Менимча, ижтимоий тармоқлардан чиққан бўлса керак. Ҳозирда мухлислар кўпинча футболчиларга шундай лақабларни «ёпиштиришади». Жамоамизда Фикайо Томори ва Рубен Лофтус-Чик каби инглизлар бор ва кийиниш хонасида улар билан лақаб воситасида ҳазиллашиш ёқимли.

- Умуман, ижтимоий тармоқлардаги ўзингизга тааллуқли ёзувларга қандай қарайсиз?

- Очиғи, олдин турли гап-сўзлар ва «таъриф»лардан азоб чекардим, бунинг ортидан эса жамоага талаб даражасида наф келтиролмасдим. Энди тушундимки, ҳар нарсага эътибор қаратавериш шунчаки, кучимни тортиб олар экан. Хуллас, ҳозирда четдаги гапларга чалғиб қолмасликка урин­япман. Дейлик, охирги 2 йилда бу масалада мувозанатни топдим, менимча. Оддий айтганда, ҳозирда ижтимоий тармоқларга деярли қарамайман, қарасам ҳам, турли гап-сўзларга асло аҳамият бермайман. Профессионал фаолият учун ўзингизни баъзи нарсалардан чеклашни билишингиз муҳим. Ижтимоий тармоқлар ҳозирда мен учун кўнгилочар манбадан бошқаси эмас.

- «Вильярреал»да ижара муддатини ўтаб қайтдингиз. Хўш, жорий мавсум сиз учун қандай ўтди?

- Жуда ғалати. Ўтган ёз кетишим кераклигини билардим, мураббий билан ҳам бу масалада гаплашдим. Шунга қарамай, «Милан» оиласидан айрилиш осон бўлгани йўқ. Боз устига, ҳаммаси нисбатан мавҳум эди. Яъни «Милан» билан АҚШ сафарига ҳозирланаётгандим. Фақат парвоз куни шахсий агентим «Вильярреал» билан келишувга эришгани ва қолишим зарурлигини айтди. Бироқ жамоа директор Фурлани ҳали айрим нюанслар борлиги, ҳаммаси ҳал этилишига қадар «Милан» ихтиёрида шуғулланишимни маълум қилди. Хуллас, томонлар келишув бўйича батамом бир тўхтамга келишларигача 2-3 кун Лос-Анжелесда машғулот ўтадим, кейин ортга қайтдим. Аслида трансфер нисбатан тез амалга ошди. Муҳими, ушбу сафар ўзимга роса ёқди. Гап шундаки, салоҳиятимни бош­қа мамлакат ва лигада синаб кўришни хоҳлаётгандим. Испанияда ўйнаш ёқимли бўлди, ҳаттоки, 6 ой қандай ўтиб кетганини билмай қолдим. Кейин қайтиш таклифини катта мамнуният билан қабул қилдим.

- Бошида испанча ҳаёт тарзига кўнишикишда қийналгандирсиз...

- Албатта, осон бўлгани йўқ. Ахир у ерга боришдан олдин 4-5 йил ўзим учун ўта қулай муҳитда ўйнадим. Шу жойда айтишим керак, «Милан» мен учун - оила, болалигимдан таниш чеҳралар. Бундан ҳолатда бошқа мамлакат, янги шаҳарга кўчиб ўтишингиз, сизнинг тилингизни тушунмайдиган жамоадошлар даврасига тушиш қийин, албатта. Лекин Испания сафаридан ҳам футболчи, ҳам шахс сифатида жуда кўп нарса олдим. Биринчидан, «Вильярреал»да ҳамма яхши кутиб олди, жамоада самимий ва меҳрибон йигитлар йиғилишганини кўрдим. Шунингдек, мураббийнинг ижобий таъсири ҳам катта роль ўйнади. Агар соғлом муҳит бўлса, қолгани футболчининг шахсий ёндашувига боғлиқ. Қисқаси, ишга тўғри муносабатда бўлиб, ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Дарвоқе, Пепе Рейна ва Рауль Альбиолнинг итальян тилида гапира олишлари ҳам қўл келди. Шу тариқа атиги бир неча ҳафта ичида ҳаммаси изга тушди ва ўзимни худди уйдагидек ҳис қила бошладим.

- Қизиқ, самарадорлигингиз ниманинг ҳисобига шунчалик ошди?

- Фикримча, ўйинимда кўп нарса ўзгаргани йўқ. Шунчаки, ўз устимда жиддийроқ ишладим, хусусан, камчиликларни бартараф этишга эътибор қаратдим, яна ортиқча куч оладиган ҳаракатлардан тийилишни ўргандим. Шуни тушундимки, ечим ҳар доим ҳам кўп ишлаш эмас, балки сифатли ишлашда. Олдин баъзи деталларга ҳаддан ортиқ кўп эътибор қаратардим ва билдимки, бу имкониятларимни бир мунча пасайтирган. Дейлик, гоҳида таркибдан четда қоласиз ва яхши спорт формасида эканлигингизни исботлашга зўр берасиз. Бироқ меъёридан кўп шуғулланиш ҳамиша ҳам самара бермайди. Мана, машғулотлар ва иш ҳажмини режалаштириш нуқтаи назаридан ўзим учун энг маъқул меъёрни топдим. Шунинг натижаси ўлароқ, Испанияда етарли вақт ўйнадим ва барқарорлик - изчилликка юз бурдим.

- Испанияда жумладан, «Барселона»га қарши баҳсда ўта зўр ўйнадингиз...

- Ажойиб ўйин, ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳа, якунда 3:4 ҳисобида ютқаздик, лекин «Вильярреал»да «камбэк» ва «контркамбэк»лар ҳам бўлди. Хусусан, ўша учрашувда барчамиз боримизни бердик. «Барселона» - объектив кучли жамоа. Индивидуал томондан ақл бовар қилмайдиган даражада жуда кучли саналган ёш футболчилари голларни роса осон уришди. Мен эса улар олдида ўзимни қариядек ҳис қилдим. Чунки 2007 йили туғилган, яъни мендан 8 ёш кичик йигитчанинг майдонда қандай ҳунарлар кўрсатганини ўз кўзим билан кўрдим. «Барса» ёшлари мени ҳам анча қийнашди. Левандов­скими? Жуда кучли ижрочи. Бир қарашда, Робертни тўлиқ назорат остида ушлаб тургандек бўласиз, лекин у оний лаҳзада тўпни ўзига бўйсиндириш ёки зарба йўллаш орқали сизни доғда қолдириши ҳеч гап эмас. Эсимда, Левандовски ўша учрашувда керакли вақт керакли жойда пайдо бўлиши ҳисобига мантиққа тўғри келмайдиган гол урганди.

- Энди скудетто қўлга киритилган мавсумни бирров эсга олсак...

- Златан билан боғлиқ бир воқеа. «Сассуоло»га қарши ўйиндан бир ҳафтача олдин жамоамизда баъзи итальянча хурофотлар бошланди. Ўшанда чемпионликдан бир қадам нарида эдик. Ўзи одатда кучли рақиблар  футболкаларини йиғишни яхши кўраман. Қисқаси, Златандан формасини сўрадим. Ўйинда ғалаба қозонишимиз ва мақсадга эришиш-эришмаслигимизни билмасдик. Ибра эса формасига «Скудетто учун катта раҳмат» ёзувини тушириб, қўлимга тутқазди. Ўйиндан 1 ҳафта олдин! Ана, ишонч. Лекин мен уни йигитларга кўрсатишга ботинолмадим ва ўйингача яшириб қўйдим.

- Бирор нарсадан қўрқасизми?

- Футболда ҳеч нима жиддий қўрқув солмайди. Умуман, қўрқув фақат салбий якунга етаклайди. Яхшиси, майдонда ўзингизга боғлиқ ишларни сифатли бажаришга интилинг, шунда натижасини кўрасиз. Ҳаётда эса бошқача: одатда акулалар ва океан тубидан қўрқаман.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 09:00, 24.05.2024.
Ўқилди: 512 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.