Ўзбекистон Суперлигасининг 8-тур доирасида бўлиб ўтган “Андижон” – “Металлург” учрашуви пайтида стадиондаги айрим мухлислар томонидан турли хил жисмлар улоқтирилиши натижасида ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси томонидан жарима қўлланилганди.
Андижон вилояти Миллий гвардия ходимлари трибунадан майдонга турли хил нарсалар улоқтирган мухлисларни аниқлаб, уларга тегишли жазо чоралари қўллагани маълум қилинди.
“Андижон” жамоаси матбуот хизмати мухлисларга мурожаат йўллади:
“Эндиликда жамоамизнинг ҳар бир уй учрашуви учун секторларда алоҳида назорат камералари ишга туширилади. Шундай экан, “Бобур арена”га келадиган ишқибозлардан тартиб-интизомга қатъий амал қилишларини сўраб қоламиз.
Жамоамизни қўллаб-қувватланг, аммо асло тартибсизликка йўл қўйманг. Бунинг оқибатини юқоридаги видеода кўриб турибсиз. Эртага сиз ҳам шу ҳолатга тушиб қолманг!
Жамоамизни 2 июнь куни Пахтакорга қарши ўтказиладиган учрашувда стадионда фаол қўллаб-қувватланг ва барчага намуна бўлинг”.
Эслатиб ўтамиз, “Андижон”нинг “Пахтакор”га қарши ўйини 2 июнь куни 19:00 да бўлиб ўтади. Андижонликлар ортда қолган 9 турдан сўнг Суперлига турнир жадвалида 14 очко билан 6-ўриндан жой олган.