"Манчестер Юнайтед"нинг собиқ бош мураббийи Алекс Фергюсон "Кристал Пэлас" спорт директори Даги Фридман билан уч футболчининг "Олд Траффорд"га ўтиши масаласини муҳокама қилди.
Қайд этилишича, "манкунианликлар" жамоага марказий ҳимоячи Марк Гехи, ярим ҳимоячи Эберечи Эзе ва вингер Майкл Олисени таклиф қилмоқчи.
Football Insider нашри хабарига кўра, Фергюсон санаб ўтилган футболчиларнинг трансфери йўлида илк қадамларни ташлашга ҳаракат қилган.
Эслатиб ўтамиз, Олисени таклиф қилишга Лондоннинг “Челси” клуби ҳам қизиқиш билдирмоқда. "Манчестер Юнайтед" ҳали бош мураббий Эрик тен Хагни истеъфога чиқариш ёки бўшатиш борасида бир қарорга келмаган. Аввалроқ "манкунианликлар" Томас Тухелни таклиф қилиш борасида бош қотираётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди.