Футбол мактабимиз майдонида “Бунёдкор” ёшлари Алексей Евстафеев бошчилигидаги 19 ёшгача бўлган терма жамоа аъзолари билан назорат учрашувида куч синашди.
Терма жамоа аъзолари БААда ташкил этилаётган йиғинга жўнаб кетиш олдидан “Бунёдкор” ёшлари билан назорат учрашувида иштирок этишди. Бу ўйин ҳар иккала жамоа футболчилари учун фойдали бўлди, дейиш мумкин. Биринчидан терма жамоа мураббийлари амирликлардаги йиғин олдидан қўл остидаги футболчилар маҳоратини яна бир бор кўздан кечириб олишган бўлса, иккинчидан чемпионатда юзага келган танаффус пайтида айнан ушбу баҳс “Бунёдкор” ёшларига ўйин амалиётини бир маромда сақлаб туришга замин яратди.
Биринчи бўлимда Темур Аюпов томонидан киритилган гол танаффусгача ягона бўлиб қолди. Иккинчи бўлимда Аслиддин Абдиев ҳисобни тенглаштирди. Бироқ ёшларимиз етакчиси Сардор Собирхўжаев ўзининг аниқ зарбаси билан “Бунёдкор”га ғалаба келтирувчи голга муаллифлик қилди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, "Бунёдкор" ёшларининг терма жамоага номзод бўлган беш нафар аъзоларидан фақатгина дарвозабон Дилшод Ҳамроев клуб учун ўйнади. Қолган тўрт нафар футболчи - Миржамол Қосимов, Хуршид Ғиёсов, Азизбек Мамазоитов ва Сардор Азимов U-19 термаси шарафини ҳимоя қилишди.
“Бунёдкор” ёшлари – Ўзбекистон U-19 2:1 (1:0)
Голлар: Темур Аюпов, Сардор Собирхўжаев – Аслиддин Абдиев
“Бунёдкор”: Дилшод Ҳамроев, Ҳасан Асқаров, Зокир Нурматов, Жавлон Мирабдуллаев, Эргаш Исмоилов, Темур Аюпов, Нодир Отажонов, Миразиз Жалолов, Забихилло Ўринбоев, Сардор Собирхўжаев, Аҳрор Умаржонов
Захирадан майдонга тушганлар: Санжар Рихсибоев, Шахриёр Имомхўжаев, Шерзод Мусаев