Кириш Регистрация
28/06 03:00 Панама 2-1 АҚШ
28/06 06:00 Уругвай 5-0 Боливия
28/06 20:00 Сўғдиёна 4-2 Динамо
28/06 20:00 Қизилқум 1-0 ОКМК
29/06 03:00 Колумбия 3-0 Коста-Рика
29/06 06:00 Парагвай - Бразилия
29/06 21:00 Швейцария - Италия
30/06 00:00 Германия - Дания
30/06 05:00 Канада - Чили
30/06 05:00 Аргентина - Перу
30/06 21:00 Англия - Словакия
01/07 00:00 Испания - Грузия

«Штурм»дан чинакам штурм

Баҳо:
+ | -

Охирги 10 йил давомида Австрия Бундеслигаси якуни бошланишидан аввал маълум бўлган турнирга айланиб қолганди.

Зальцбургнинг «Ред Булл» клуби мунтазам равишда чемпионликни байрам қилар, бошқа жамоалар, биринчи навбатда пойтахтнинг «Аустрия» ва «Рапид» клублари Моцарт ватани жамоасига ҳавас қилишдан ўзга чора топа олишмаётганди. Сўнгги пайтларда муносиб рақобат кўрсатишга уринган «Штурм» эса 2-поғонадан ўта олмаётганди.

Оёққа отилган ўқ

Табиийки, «Ред Булл» тахтни бўшатишни истамас, ҳукмронликни давом эттириш ниятида эди. Қўшимчасига, Зальцбургда ғалабалардан талтайиб кетган ва эски жамоалари бўлмиш «Аустрия»ни (ҳозир «Казино») бутунлай унутиб юборган мухлислар авлоди шаклланди. Албатта, «Ред Булл» ҳам ҳар йили етакчи ўйинчиларидан жудо бўларди. Бироқ улар эвазига олинган мўмай даромаддан унумли фойдаланарди. Масалан, ўтган йили дарвозабон Филипп Кённи «Монако»га пуллаб, ўрнига ЛАСКдан Австрия терма жамоаси посбони Александр Шлягерни харид қилди.

Лекин 2023/24 йиллар мавсуми бошланишига бир кун қолганида бош мураббий Матиас Яйслее қўққисдан кетишини маълум қилди. «Қизил новвослар» билан икки чемпионлик ва Кубокка эришган мутахассис Саудиянинг «Ал-Аҳли» клубидан манфаатли таклиф олганди. Оқибатда, клуб унинг ўрнини тўлдиришга мажбур бўлди ва 3 кундан кейин Герхард Штруберни таклиф этди. 46 ёшли мутахассис футболчи сифатида «Аустрия» ва «Ред Булл»да тўп сурган, кейин «Ред Булл» тизимида жамоа филиали «Лиферинг»да ишлаганди. Бир қатор бошқа жамоалардаги фаолиятидан кейин мураббий МЛСда «Нью-Йорк Ред Буллз»ни 3 марта плей-офф босқичига олиб чиқди, лекин у ёғига иши юришмади.

Герхард даврида чемпион мавсумни ишончли бошлади, қаторасига 6та ўйинда ғолиб чиқиб, одатий етакчига айланди. Бироқ сентябрда бир ойлик пасайиш юз берди - 5 учрашувда 2та дуранг ва 2та мағлубият. Лекин «Ред Булл» биринчи давранинг қолган турларини ўз фойдасига ҳал қилди.

Иккинчи давра аввалида чемпион «Штурм»дан 4 очкога олдинда, яъни, 50га 46 эди. Ўзаро беллашув эса дуранг (1:1 ва 2:2) якунланди. Қисқаси, «қизил новвослар» нав­батдаги чемпионликка яқин эдилар.

Бироқ 2-даврада етакчи олтилик жамоаларининг очколари фақат ўзаро учрашувлардаги натижаларидан ҳисобланади. Қайта ҳисоблашларга кўра, «Ред Булл» 23, «Штурм» 21 очкога эга эди. Мартнинг охирги кунида Грац жамоаси ўз уйида Зальцбург клубидан 0:1 ҳисобида енгилди ва фарқ 5 очкога етди. Натижада «қоралар»нинг чемпион бўлишига ашаддий мухлисларидан бошқа ҳеч ким ишонмай қўйди. Лекин Австрия Кубогининг ярим финалидаги ғалаба (4:3) жамоани руҳлантириб юборди. Грацлик мухлисларга Кубокнинг ўзи ҳам кифоя қиларди.

Кейинги турда чемпион ўз уйида «Рапид»дан енгилди, «Штурм» эса ЛАСКни 1:0 ҳисобида енгди. Энди очколар фарқи 32га 29 кўринишини олди. Лекин ўзаро ўйинлар бўйича устунлик Зальцбургда эди.

Бир ҳафтадан кейин Ласк Линцда чемпионни 3:1 ҳисобида енгди, «Штурм» эса худди шундай ҳисобда «Хартсберг»ни маҳв этди ва очколар бўйича тенглашиб олди. Айнан шу паллада кутилмаган ҳодиса юз берди. Штрубер билан имзоланган 3 йиллик шартнома бекор қилинди. Ваҳоланки, финишгача атиги 6 тур қолган, чемпион ўзаро учрашувлардаги устунликка ва асосий таъқибчи билан ўз уйида куч синашиш имкониятига эга эди. Клубнинг бунчалик кескин чора қўллашига нима сабабчи бўлди? Бироқ энди ғишт қолипдан кўчганди. Машғулот жараёнини бошқариш бош мураббий мақомида тажрибаси бўлмаган Онур Жинел зиммасига юкланди.

Финишдаги ечим

«Штурм» катта қийинчилик билан Грацда «Рапид»ни маҳв этди, «Ред Булл» «Аустрия»ни ишончли (4:2) тарзда енгиш билан жавоб қайтарди. Натижада очколар бўйича тенглик сақланиб қолди, кейинги турда томонлар майдонни алмаштиришди. Клагенфуртда «новвослар» 2:0 ҳисобида олдинда боришаётганди. Кейин нимадир бўлдию, 4 марта ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди. Жинелнинг уринишлари эвазига меҳмонлар яна битта гол уришди, лекин барибир, 3-марта майдонни бош эгиб тарк этишди - 3:4. Венадаги беллашув кечроқ бошлангани туфайли, грацликлар асосий даъвогарнинг мағлубиятидан хабардор эдилар ва хотиржамлик билан «Рапид»ни 3:1 ҳисобида енгишди. Шу тариқа, «Штурм» 38 очко билан пешқадам бўлиб олди, «Ред Булл» 35 очко билан 2-ўринга тушди.

Ниҳоят, 28 апрель санасида даъвогарлар Зальцбургда ўзаро куч синашдилар. Ғалаба қозонган тақдирда, «нов­вослар» яна пешқадам бўлиб олишар, финишга эса атиги 3 тур қоларди. Онур Жинел кутилмаганда дарвозабонни алмаштиришга қарор қилди ва 1,5 йилдан бери захирада юрган Тимо Хорнни майдонга туширди. 2016 йилда Олимпия ўйинларининг кумуш медалига сазовор бўлган германиялик посбон танаффусга қадар 2та гол ўтказиб юборди. «Ред Булл» мувозанатни тиклаган бўлсада, чемпионлик пойгасини деярли бой берди. Кейинги турда «Штурм» кутилмаганда «Харцберг»ни енга олмади, 1:1. «Ред Булл» эса Венада «Рапид»дан 2та гол ўтказиб юборгач, очколар фарқи 4тага етди.

Зальцбургдаги дуранг «қоралар»ни толиқтириб қўйган бўлсада, жамоа 2та дурангдан кейин қаддини ростлаб олди ва «Аустрия»ни 2:0 ҳисобида маҳв этди. Ўз навбатида «новвослар» бор аламларини ЛАСКдан олишди, 7:1 ва 2 очкога ортда қолишди.

Энг баҳайбат дарвозабон

Энди «Ред Булл»даги муаммолардан мавсумнинг бош қаҳрамони - Грацнинг «Штурм»и мавзусига ўтамиз. Ахир «қоралар» фақат чемпионлик билан кифояланиб қолмай, Австрия Кубогини ҳам ўз коллекцияларида сақлаб қолдилар. Жамоанинг муваффақияти икки номдош Кристианлар - клуб президенти Яук ва бош мураббий Ильцер билан боғлиқ. Биринчиси клубни бинойидек шароит билан таъминлаган бўлса, иккинчиси 4 йил ичида жамоа билан чемпионлик унвони ва 2та кубокни қўлга киритди.

Ўтган йил ёзида «Штурм» дарвозасида баланд бўйли посбон - нидерландиялик Кьелл Схёрпен пайдо бўлди. 206 см.ли дарозни «Аякс» аввал «Эммен»га ижарага бериб, кейин «Брайтон»га сотиб юборганди. АПЛ вакили ҳам баҳайбат дарвозабонга фақат «сургун»да тўп суриш имкониятини берди. Якунда Кьелл 2022/23 йиллар мавсумини «Витесс»да ўтказиб, кейин Грацга йўл олганди. 24 ёшли дарвозабон 1-даврани ишончли ўйнади. Лекин қишки таътилдан сўнг тиззасидан жиддий жароҳат олди. «Қоралар» дарвозабон излашни бошлаганларида, «Ливерпуль» ўз тизимидаги 23 ёшли Витезлав Ярошни таклиф этди. Маълум бўлишича, Ярош Кьеллдан ҳам бўйдорроқ (214 см.) экан. Хуллас, девқомат чех нидерландиялик касбдоши ўрнини тўлдириши эвазига «Штурм» дублга эришди.

Кристиан Ильцер 4-4-2 схемасини хуш кўради. Ўнг қанот учун босниялик Юсуф Газибегович масъул, қарама-қарши қанотга «Мехелен»дан ижарага олинган Димитри Лавалье жавобгар, марказий жуфтлик вазифаси эса швейцариялик Грегори Вютрих ва Давид Альфенгруберлар зиммасиди. Таянч ҳудудида словениялик жамоа сардори Йон Горенц-Станович тўп суради. Чапда эса Австрия терма жамоаси аъзолигига номзод Александр Прасс ва яна бир словениялик Томи Хорватлар измида. Чемпионлик мавсумида қанот ярим ҳимоячилари дуэти 7тадан гол уришди. Жамоанинг мияси ва мотори вазифасини грузиялик энг яхши тўпурар Отар Килейшвили адо этади. 6 йил аввал Тбилисининг «Динамо»сидан ўтган ўрта бўйли, лекин ўта чаққон ўйинчи «Меркур Арена»даги мухлислар меҳрини қозонган. Улар айнан Килейшвилини мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этишди.

Ҳужумчилар польшалик Шимон Влодарчик ва даниялик Микка Биеретлар сермаҳсул эмаслар (5тадан гол), лекин энди 21га чиқишган. Демак, ёрқин фаолият ҳали олдинда.

«Штурм»нинг гегемонлиги қанча муддатга чўзилиши ёки вақтинчалик эканлиги янги мавсумда маълум бўлади. Лекин «Ред Булл»нинг сурункали чемпионлиги кўпчиликни чарчатиб қўйганлиги аниқ. Қолаверса, доимий ғалабаларга кўникиб қолган «новвослар» омадсизликдан тегишли хулоса чиқариб олишлари лозим бўлган вақт келди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:51, 18.06.2024.
Ўқилди: 1677 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.