Сербия терма жамоаси сардори Душан Тадич Европа чемпионати гуруҳ босқичида Англияга қарши ўйиндан сўнг айтган сўзлари учун узр сўради.
Серблар Евро-2024ни Англияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, мағлубият билан бошлашди. Иккинчи бўлим ўрталарида захирадан майдонга тушган Тадич ўйиндан сўнг жамоанинг энг яхши футболчиси эканлигини ва тўлиқ 90 дақиқа ўйнаши кераклигини айтди.
"Агар мен бошланғич таркибда ўйнаганимда ҳаммаси бошқача бўларди. Аммо Душан Тадич 30 дақиқа ўйнашини истасангиз, шундай бўлсин", - дея норози бўлди 35 ёшли Тадич.
Сербия футбол иттифоқи матбуот хизмати бир кун аввал Тадич жамоадан узр сўрагани ҳақида хабар берди.
"Миллий терма жамоа сардори Душан Тадич фурсатдан фойдаланиб, Англия билан ўйиндан сўнг ўринсиз изоҳлари учун мураббий Стойкович ва жамоадошларидан узр сўради", — дейилади хабарда.
Сербия Европа чемпионатидаги навбатдаги ўйинини 20 июнь куни Словенияга қарши ўтказади.