Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«Иккинчи Бускетс»

Баҳо:
+ | -

Ҳозир юксак савиядаги таянч ярим ҳимоячиси кўпчилик номдор клублар учун топиш қийин бўлган юмушга айланиб қолди.

Чунки ўйиндаги муваффақият ёки омадсизликка айнан шу чизиқ вакилининг савиясига боғлиқ эканлигини мураббийлар ҳам, спорт директорлари ҳам яхши тушунадилар. Клод Макелеледан то Серхио Бускетсга ва Родригача мазкур роль ижрочилари ўзгариб турган бўлсада, унинг ғалаба учун муҳимлиги ҳамон шундайлигича қолмоқда.

Футбол янгиликларида Деклан Райс билан биргаликда «Реал Сосьедад» ярим ҳимоячиси Мартин Субименди ҳам тез-тез тилга олинади. 25 ёшли хавбек «Арсенал», «Барселона» каби бир неча топ-жамоалар радарларида пайдо бўлди. Каталонияликлар Бускетс ўрнини тўлдира оладиган номзод излашни бошлаганларидан бери уни кузатмоқдалар. Бу бежиз эмас. Мартин яқин келажакда юксак савияга кўтарилиб, дунёнинг энг яхши ўйинчиларидан бирига айланишига шубҳа йўқ.

Сан-Себастьян ноёб иқтидорларга бой гўша. Бу шаҳардан Микель Артета ва Хаби Алонсодек ўз даврининг афсоналари етишиб чиқишган. Субименди ҳам «Байер» бош мураббийи туғилган жойда дунёга келди ва «Ла Реал» академиясига йўл олди. 12 ёшдан ўсмирлар жамоаларида шуғулланишни бошлаган иқтидор 2016 йилда «Реал Сосьедад»да дебютини нишонлади. 2020 йилда эса «В» жамоасига ўтиб, айнан Алонсо раҳбарлигида шуғуллана бошлади. Шунингдек, 2019 йил апрелида «Хетафе»га қарши беллашувда «Сосьедад»нинг асосий таркибида илк бор майдонга тушди. Кейин Мартин асосий жамоа таркибидан мустаҳкам ўрин олиб, 31 марта майдонга тушди ва жамоадошлари билан ЕЧЛ йўлланмаси учун кураша бошлади.

Ана шу фаолияти давомида Субименди Испания терма жамоасининг ўша даврдаги бош мураббийи Луис Энрикенинг эътиборини жалб этди. бунга қадар хавбек ёшлар терма жамоаларида иштирок этган, 2021 йилда «Қизил Фурия» таркибида коронавирус тестларидан муваффақиятли ўтиб, биринчи марта халқаро аренада тўп суриш имкониятига эга бўлди. Шундан бери Мартин ўз клуби ва терма жамоанинг муҳим ўйинчиларидан бири мақомида майдонга тушмоқда. Аввалги мавсумда у Ла Лига доирасидаги учрашувларда тўлиқ қатнашган бўлса, жорий мавсумда атиги 3та ўйинни ўтказиб юборди.

Мартиннинг терма жамоадаги роли ҳам бирмунча кенгайди. Ҳозирга қадар у «қизил фурия» таркибида 5 марта майдонга тушди. Унинг март ойида Колумбияга қарши ўртоқлик учрашувида тўлиқ тўп сургани муҳим аҳамиятга эга. Шу кетишда Субименди Евро-2024 турнирида Луис де ла Фуэнте жамоасининг муҳим ўйинчисига айланишига шубҳа йўқ. Ҳозир Мартин том маънода қитъанинг келажаги порлоқ таянч ярим ҳимоячиси мақомида тўп сурмоқда. Алонсо раҳбарлигидаги савияли жамоада олинган тажриба уни ЕЧЛ­да қатнашадиган бир қатор грандлар нишонига айлантирди. «Барселона»нинг жиддий қизиқиши маълум бўлгач, уни каталонияликлар афсонаси бўлмиш Серхио Бускетсга қиёслай бошладилар. Дарҳақиқат, Мартин номдор касбдошининг услубида тўп суради, ҳимоя ва ҳужум чизиқлари ўртасида муҳим боғловчи ролини талаб даражасида адо этади. Керакли паллада ўйин суръатини тезлатиши ёки секинлатиши мумкин. Бундан ташқари, тўпсиз вазиятларда ҳам доимо ишончли ўйин кўрсатади.

«Сосьедад» - ўйин назоратини хуш кўрадиган уюшқоқ жамоа. Мартин эса айнан шу услуб учун яратилган ижрочи, бир зумга бўлсада, назоратни йўқотмайди, рақибнинг хавфли ҳужумларини бартараф этади. Гарчи тезлиги юқори бўлмасада, бу камчиликни яккакурашлардаги устунлиги ва ўйинни олдиндан «ўқий олиш» қобилияти эвазига йўққа чиқаради.

Субимендининг ўйинидан қандайдир жиддий заифликни топиш қийин. У замонавий футболдаги энг мураккаб позицияларнинг бирида тўп сураётган бўлсада, ўз вазифасини талаб даражасида уддаламоқда. Эҳтимол, ўйин темпининг нисбатан пастлиги Мартиннинг ягона камчилигидир. Унинг кам сонли омадсиз иштироки тезкор услубда ўйнайдиган жамоаларга қарши беллашувларда намоён бўлади. масалан, ЕЧЛ 1/8 финалидаги «ПСЖ»га қарши дуэлнинг иккала учрашувида у баъзан тезкор рақибларини ўтказиб юборди. Агар Мартин АПЛга ўтиш орзусида бўлса, ана шу салбий жиҳатидан фориғ бўлиши талаб этилади.

Амалдаги шартномага биноан, Мартин яна 3 йил сан,себастьянликлар жамоасида тўп суриши мумкин. Бироқ фаолиятида ўзгаришлар юз бериши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. У ўтган йил ёзида клубни ўзгартириш имконига эга бўлганди. Лекин бир қатор номдор жамоалар таклифларини рад этиб, қадрдон жамоаси билан ЕЧЛда тўп суришни афзал кўрганди. Жорий мавсумни 7-ўринда якунлаётган жамоа бу гал нуфузли турнирда иштирок этмайди.

«Арсенал» ёки «Барселона» Мартинга яна бир марта нуфузли мусобақада қатнашиш имкониятини бериши мумкин эди. Бироқ футболчи тобора кўпайиб бораётган таклифларни рад этишда давом этмоқда. Субимендининг шартномасида унинг трансфер қиймати 60 млн. евро. Яъни, АПЛ топ-клуби учун нисбатан қиммат бўлмаган баҳо. Агар Мартин ёзда «Сосьедад»ни тарк этса, юксак чўққиларни забт этиш йўлида қадрдон жамоасидан воз кечган бўлади. Бундай дадиллик футболда юксак қадрланади.

 Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:48, 20.06.2024.
Ўқилди: 3004 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.