Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Темур Ҳакимов: «Энг асосийси - «Андижон»да ўйин амалиётига эга бўляпман»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон Кубоги 1/16 финал баҳсида «Андижон» жамоаси ўз майдонида «Локомотив»ни қабул қилиб 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Ана шу ўйинда жамоамиз сафида Темур Ҳакимов фаол ҳаракат қилди. Иқтидорли футболчи билан ўйиндан кейин суҳбат уюштирдик.

— Темур, сўнгги дақиқаларда «Локомотив»га имконият бой берилди. Ўйин мана шундай руҳда ўтади деб ўйлаганмидингиз?
— Мамлакат кубогида кучли рақибга дуч келган бўлишимизга қарамай, майдонга фақат ғалаба қозонишни ўйлаб тушгандик. Ўйинга ҳам шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Аммо бизга бироз омад етишмади ва учрашув охирида дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Менимча, рақибимиз гол урган вазиятда ҳакам хатога йўл қўйди. Агар мана шу хато бўлмаганида учрашувда ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди.

— Майдонга бош мураббийдан қандай кўрсатма олиб тушгандинглар? Чунки рақиб анча кучли эди.
— Тўғри, «Локомотив» кучли жамоа. Лекин биз ўз майдонимизда тўп сурдик ва ғалабани ўйлаб, кубок баҳсларида кейинги босқичга йўл олишни мақсад қилгандик. Шу боис рақиб ким бўлишидан қатъий назар фақат ютишни хоҳлагандик.

— «Локомотив» кучли таркибга эга бўлса-да, меҳмонлар катта ташаббусга эга бўлишмади. Рақибдан бундай ўйинни кутганмидингиз?
— Албатта, темирйўлчилар таркибида тажрибали ўйинчилар кўп ва барча чизиқларда рақобат юқори. Қолаверса, уларнинг барчаси таниқли футболчилардир. Аммо футболда ўйинчининг номи доим ҳам муҳим роль ўйнамаслиги мумкин. Ўйин шуни кўрсатдики, бугун «Локомотив»га қараганда бизда ғалабага бўлган иштиёқ ва хоҳиш юқори эди. Лекин таркибимизда ёшлар кўплиги боис айрим вазиятларда бизга тажриба етишмай қолди. Акмал Холматов, Зайниддин Тожиев, Виктор Карпенко, Павел Бугало сингари маҳоратли футболчиларга қарши беллашувда барибир тажриба ўз сўзини айтди. Мана шу футболчиларни инобатга олмаганда, «Локомотив» сафидаги бошқа ўйинчилар билан тенгма-тенг курашдик дея оламан. Умуман олганда, учрашувда омад меҳмонлар тарафида бўлди. Гарчи ютқазган бўлсак-да, майдонда ёмон тўп сурмадик. Кўрсатган ўйинимиз мухлисларга ҳам ёқди деб ўйлайман. Худо хоҳласа, ишқибозларимизни биринчиликда муваффақиятли ўйинларимиз билан хурсанд қилишда давом этамиз.

— «Андижон»нинг янги аъзоси саналасиз ва жамоангизни ўзгартирганингизга кўп вақт бўлгани йўқ. Янги муҳитга мослашиш қийин кечмаяптими?
— Андижонликлар сафига қўшилганимга икки ой бўлди. Бу — янги жамоага кўникиш учун етарлича муҳлат. Шу боис «Андижон»га ва бу ердаги муҳитга аллақачон мослашиб олганман. Жамоага қўшилганимдан бери бир нечта учрашувлар ўтказдик ҳамда таркибдаги футболчилар билан анча тил топишиб олдим. Асосийси, ўзим учун муҳим бўлган ўйин амалиётига эга бўляпман. Шунинг учун «Андижон»га ўтганимдан хурсандман. Бир сўз билан айтганда, мени бу ерда ҳамма нарса қониқтиряпти. Жамоанинг олий лигага қайтишига ёрдам бериш мақсадида «Андижон»га келганман. Энди эътиборни фақат биринчилик баҳсларига қаратган ҳолда олдимизга қўйилган вазифани бажариб, келаси мавсумда кучлилар сафига қайтамиз.

— Майдонда сизни кўпроқ қанотларда кўряпмиз. Умуман «Андижон»да қайси позицияда ҳаракат қиляпсиз?
— Асосан ҳужумчилар ортида ҳаракат қилиб, олдиндаги шерикларимни тўп билан таъминлашга уриняпман. Баъзи пайтларда ҳужум чизиғининг ўнг ва чап қанотларида ҳам ўйнашимга тўғри келмоқда. Мураббийимиз қаерда ўйнашим кераклигини айтса, ўша жойда ҳаракат қиламан. Ҳаммаси мураббийнинг кўрсатмаларига боғлиқ.

— Шу пайтгача сиз Алексей Евстафеев, Аҳмаджон Мусаев, Деян Журжевич, Мурод Исмоилов каби мураббийлардан сабоқлар олгансиз. Ҳозир эса «Андижон»да Азамат Абдураимовнинг қўл остида тўп суряпсиз. Бу мураббий билан ишлаш қандай бўлмоқда?
— Абдураимов малакали мутахассис ва яхши инсон. Ўз вақтида у моҳир футболчи бўлиб анча ном қозонган. Бугунги кунда Абдураимовга ҳамма ҳурмат билан қарайди. Ишончим комилки, Азамат Биродарович «Андижон»ни олий лигага қайтара олади. Элитага қайтиш учун курашда бор имкониятимизни ишга солиб, мураббийимизни уялтириб қўймасликка ҳаракат қиламиз.

— Ҳозир сизнинг олдингизда нафақат «Андижон»ни кучлилар сафига қайтариш, балки ёшлар терма жамоамиз билан Туркияда ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш мақсади ҳам турибди. Бундан бир неча кун олдин мундиалдаги рақибларимиз маълум бўлди. Қуръа ҳақида қандай фикрдасиз?
— Жаҳон чемпионатида кучсиз рақиблар бўлмайди. Шу боис мундиалда қатнашадиган ҳар бир терма жамоа бор имкониятини ишга солади. Биз кучсиз гуруҳдан жой олганимиз йўқ. Лекин ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсатиб, жаҳон чемпионатида яхши ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламиз.

— Гуруҳдаги энг жиддий рақиб деб кимни кўрсата оласиз?
— Олдиндан бир нима дейиш қийин. Ҳаммасини ўйинлар кўрсатади. Уругвай, Хорватия ва Янги Зеландия терма жамоалари ҳам жаҳон чемпионатига бежиз чиқмаган. Яққол фаворитни кўрсатиш мушкул. Баҳслар бошланганда ҳаммаси маълум бўлади.

— Жаҳон чемпионати бошланишига ҳам оз фурсат қолмоқда. Шу боис энди кўп вақтингиз терма жамоа билан ўтса керак?
— Ҳа, шундай. Икки ҳафтадан кейин ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун Португалияга жўнаб кетамиз. У ерда бир ҳафта шуғулланиб назорат ўйинларини ўтказамиз. Тўғри, жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўриш терма жамоамиз олдидаги асосий вазифа. Бироқ терма жамоадан чақирув бўлгунига қадар мен эътиборимни «Андижон»нинг ўйинларига қаратаман.

Манба: www.andijon-pfc.uz
Киритилди: 10:14, 09.04.2013.
Ўқилди: 5165 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.