Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания 2-1 Германия
06/07 00:00 Португалия 0-0 Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия
07/07 03:00 Колумбия - Панама
07/07 06:00 Уругвай - Бразилия

«Локомотив» қийин ғалабага эришди

Баҳо:
+1 | -

Олий лиганинг 5-турида ҳали бирор марта ҳам мағлубият аламини тортмаган икки жамоа — "Локомотив" ва "Металлург" жамоалари ўзаро тўқнаш келишди. Ушбу ўйинда ғалаба қозонган жамоа камида 2 кун давомида мусобақа жадвалида пешқадамликни ўзида сақлаб турарди.

Учрашувдаги дастлабки гол жуда тез киритилди. Меҳмонлар ҳимоячилари ҳимояда нўноқрок ўйнашлари оқибатида (тўп ҳимоячи томонидан дарвозабонга юқорилатиб ошириб берилди ва Икромов уни бош билан майдон ташқарисига чиқариб юборишга мажбур бўлди) темирйўлчилар бурчак тўпи ишлашди. Бурчак тўпидан кейин эса тўп дарвозага яқин масофадан турган Шадринга келиб тушди ва Александр бундай имкониятни қўлдан чиқармади.

То ҳисоб тенглашган 28-дақиқагача бекободликлар тайинли ҳужум ташкил қила олишмаётганди. Тўғри, майдон эгалари ҳам ҳужумлар билан Мирсодиқов шогирдларини ҳимояга қамал қилиб қўйишмадию, аммо уларда гол уриш учун 1-2та қулай вазият бўлди.

Дилмурод Каримов жарима зарбасини ерлатиб дарвоза томон йўллади. Павел Бугало эса ўз ҳимоячилари ва рақиб футболчилари туфайли тўпни кўрмай қолди ва уни ўтказиб юборди.

Негадир, ўтказиб юборилган биринчи гол бекободликлар учун сабоқ бўлмади ва улар ўйин давомида тўпни жуда кўп маротаба қулай-ноқулай ҳолатда ўз дарвозабонларига етказаверишди. 34-дақиқада тўп яна дарвозабонга сакратиб етказилди ва у Икромовнинг оёғига тегиб посбон қаршисида турган Тожиевга келиб тушди. Фарҳод тўпни дарвозабоннинг устидан ошириб ўтмоқчи бўлганида Маъмур уни эгаллаб олди.

Иккинчи бўлимни "Локо" кетма-кет ҳужумлар бошлади. Тожиев ва Шадринда қулай имконият бўлди. Фарҳоднинг зарбасини дарвозабон эгаллаб олган бўлса, Александрнинг зарбасига ҳимоячи ғов бўлди. Бир вазиятда эса Тожиев дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бораётганида негадир тўхтаб қолди. У ҳакам хуштак чалди деб ўйлаб қолди.

Шадрин жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб олиб, қаршисида турган Ҳикмат Ҳошимовни алдаб ўтаётганида "Металлург" сардори уни қўли билан тортиб қолди. ФИФА рефериси Цейтлин эса пенальти белгилади. Жарима зарбасини Фарҳод Тожиев аниқ амалга ошириб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Бу Фарҳоднинг чемпионатимиздаги еттинчи голи бўлди.

Мирғиёс Сулаймонов ҳисобда ортда бораётган меҳмонларни қийин аҳволга олиб қўйди. У иккинчи бўлимда огоҳлантирилганини била туриб кетма-кет қўпол ўйнай бошлади. Аввалига рақиб оёғига "тўғри оёқ" билан ўйнагани учун уни кечирди, аммо орадан 1 дақиқа ўтар-ўтмас хуштакдан сўнг Холматовга қарата тўпни тепди. Бу сафар эса Цейтлин унга иккинчи сариқ карточка кўрсатиб, майдондан четлатди.

Ўйиннинг 75-дақиқасида ўйинда қизиқ ҳолат юзага келди. Майдон эгалари ўйинчи алмаштиришаётганида ҳакам "Металлург" дарвозаси томон пенальти белгилаганди. Кичик Тожиев ўрнига Зайниддин тушди. Ҳимоячи янги тушган ҳужумчини кўздан "ёпиш"ни унутишди ва Холматов жарима зарбасини дарвозанинг олис бурчагига етказиб берди ва Зайниддин бош ва қўл аралаш дарвозани ишғол қилди. Аввалига бош ҳакам голни ҳисоблаш ишорасини қилиб, майдон марказини кўрсатди ва "Локомотив" футболчилари голни нишонлай бошлашди. Бекободликлар эса қанот ҳаками ёнига югуриб юбориб боришди. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида бош ҳакам лайнсмен ёнига борди ва у билан маслаҳатлашди. Қанот ҳакамининг фикри билан Цейтлин голни бекор қилди ва Зайниддин Тожиевга сариқ карточка кўрсатди.

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳар иккала жамоа ҳимояни унутмаган ҳолда тўп суришди. Голга муҳтож бўлган "Металлург" футболчилари ҳужумни асосан узоқ масофага тўп ошириш орқали ташкил қилишга ҳаракат қилишди.

Ҳакам томонидан қўшиб берилган энг сўнгги дақиқада "Металлург" жарима тўпини ишлади. У ижро этилаётганида дарвозабон Маъмур Икромов ҳам жарима майдончасига етиб келди, аммо тўпни Павел Бугало эгаллаб олди.

"Локомотив" анча қийин ғалабага эришди ва 13 очко билан жадвалда 1-ўринга кўтарилиб олди.

ОЛИЙ ЛИГА, 5-ТУР
"ЛОКОМОТИВ" - "МЕТАЛЛУРГ" - 2:1 (1:1)
Голлар: Александр Шадрин (1), Фарҳод Тожиев (59-пенальти) — Дилмурод Каримов (28)
Огоҳлантиришлар: Фарҳод Тожиев (23), Зайниддин Тожиев (76) — Мирғиёс Сулаймонов (49), Ҳикмат Ҳошимов (59), Суннатилла Мамадалиев (74)
Четлатиш: Мирғиёс Сулаймонов (68)
«Локомотив»: Павел Бугало, Бобур Йўлдошев, Акмал Холматов, Фарҳод Тожиев (Зайниддин Тожиев (75), Александр Шадрин, Жасур Ҳасанов (Садриддин Абдуллаев 57), Салим Мустафоев, Ислом Иномов, Ислом Тўхтахўжаев, Виктор Карпенко (Иван Нагаев 70), Дилшод Жабборов
«Металлург»: Маъмур Икромов, Ҳикмат Ҳошимов, Дилмурод Каримов (Саидкомил Акбаров 53), Дониёр Одилов, Суннатилла Мамадалиев, Шоҳзодбек Нурматов, Александр Ковалев, Ботир Қодирқулов, Руслан Вагапов (Шоҳназар Норбеков 85), Мирғиёс Сулаймонов, Сардор Расулов
Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент), Ҳ.Шодмонов (Бухоро), Р.Ғопуров (Наманган), И.Гармашов (Тошкент)

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 18:50, 12.04.2013.
Ўқилди: 5095 марта.
Фикрлар: 28 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.