Кеча жондан азиз бўлган жамоамиз — "Навбаҳор" жорий мавсумдаги дастлабки ғалабасини қўлга киритган ҳолда барча-барчамизни хурсанд этди.
Шахсан ўзим ушбу беллашувни "Прогресс" ўйингоҳида кузатиб, "Навбаҳор"нинг мезбонлардан кучли эканлигини гувоҳи бўлдим. Учрашув ёмғир остида ўтган бўлса-да, "лочинлар"нинг ўйинига об-ҳаво таъсир қилгани йўқ. Майдон ҳолати кўнгилдагидек бўлмаса ҳам вакилларимиз ғалаба учун курашишди. Ўз навбатида "Қизилқум" сўнгги дақиқаларда бор эътиборини ҳужумга қаратиб, хавфли вазиятларни содир этди. Аммо дарвозабонимиз ҳамда ҳимоячиларимиз мезбон ҳужумчиларига эркин ҳаракат қилиш имконини бермади.
Учрашув ҳаками Мурод Муҳаммедов ўйинни одилона бошқарганлигини алоҳида айтиш ўринли, деб биламан. Энди ўсиб келаётган ҳакам ҳеч қандай гап-сўзларга учмай, учрашувни ажойиб бошқарди. Албатта, Муҳаммедов шу йўналишда кетадиган бўлса келажакда савияли ҳакамлардан бири бўлишига шубҳа. Икки вазиятда мезбонлар пенальти талаб қилишди. Лекин ҳакам барчасини кўриб туриб, тўғри қарор қабул қилди.
Жамоамиз Мустафо Байрамов бошқарувида икки ўйинни ҳам яхши ўтказиб, 4 очкога эга чиқди. Албатта, бу қувонарли ҳолат. Мана энди жамоамиз ўзининг асл мураббийига эга бўлди деб айта оламиз. Шуни қўшимча қилардимки, ушбу натижаларда Расул Низомбоевнинг ҳам алоҳида ўрни бор.
Усмон Асқаралиев пайтида кўрдик, жамоа умуман ўзига ўхшамади. Асқаралиев пайтида ички муҳит ҳам яхши эмасди, келинг тан олайлик шуни! Кетма-кет мағлубиятлардан сўнг Усмон Аҳмедовичнинг соғлиги борасида муаммолар кўзга ташланиб, клубни вақтинча тарк этганди. Энди эса Асқаралиев "Навбаҳор"ни деярли тарк этди дейиш мумкин, назаримда.
Биласизми, сўнгги пайтларда мухлислар иккига бўлиниб қолганди. Айрим мухлислар Усмон Асқаралиев томонига ўтиб олганди. Ҳайронман, барчамиз бир жамоа мухлиси эканмиз нима кераги бор иккига бўлинишни? Нима, Асқаралиев жамоани бошқармаса "Навбаҳор"ни мағлуб бўлишини исташимиз керакми? Ҳеч қачон!!! Айрим ишқибозларимиз борки, Усмон Асқаралиевсиз "Навбаҳор" очко йўқотса жуда хурсанд бўлишади! Тасаввур қиляпман, кечаги учрашувдан кейин ўша "ашаддий" мухлисларимизнинг аҳволини!
Бизга "Навбаҳор"ни ким бошқариши муҳим эмас, Клименкоми, Қурбонмамедовми, Байрамовми, Асқаралиевми фарқи йўқ! Асосийси натижа қилиб берса бўлди! Мана, Мустафо Байрамов бошқарувида икки ўйинда 4 очко олдик. Менимча, бу катта натижа. Шунингдек, бир неча кун ичида клуб ички ҳаёти рисоладагидек бўлди. Албатта, ички муҳитнинг ҳолати натижага таъсир кўрсатиши бор гап. Хўш, Асқаралиев давридачи? 3 ўйинда биронта очко олишни уддалай олмадик! Рақиблар кучли бўлганди дейсизми? Унутмангки, Олий лигада кучсиз жамоанинг ўзи йўқ!
Гапнинг индаллоси шуки, барчамиз биргаликда, баҳамжиҳат севимли жамоамизни қўллаб-қуввватлайлик! Бирдамликда гап кўп! Умид қилиб қоламизки, "Навбаҳор"нинг зафарли одими кетма-кетликда давом этаверади!
Олға, "Навбаҳор"им!!!
Зоҳидхон ИКРОМОВ