Теннис бўйича Австралия эркаклар терма жамоаси сардор Патрик Рафтер Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйинлардаги яшаш шароитларидан нолиди. Бу ҳақда TennisWorldUSA.org интернет-нашрига таяниб Kun.uz хабар бермоқда.
5-7 апрель кунлари Намангандаги «Паҳлавон» спорт мажмуасида Дэвис Кубоги Осиё ва Океания минтақаси 1-гуруҳ 2-раунд ўйинлари доирасида Ўзбекистон теннис терма жамоаси Австралияни қабул қилган эди. Ўзбекистон теннис федерацияси матбуот хизмати маълумотларига кўра, баҳслар Ўзбекистон терма жамоаси мағлубияти билан якунига етган.
Австралия терма жамоаси сардори Патрик Рафтернинг сўзларига кўра, Намангандаги ўйинларга мухлисларнинг қизиқиши яхши, ҳатто ҳакамлик ҳам жойида бўлган, бироқ меҳмонхона шароитлари тўғрисида салбий фикрлар билдирган.
«Бу биз ўрганганимизга мос келмайдиган шароитлар бўлди. Агар Дэвис Кубогида энг яхши ижрочилар билан иштирок этишни хоҳласангиз, шунга яраша шароитлар ҳам бўлиши керак», – деди Рафтер. Унинг айтишича, улар турган меҳмонхона деразаларидан машина сигналлари, итларнинг вовуллаши мунтазам эшитилиб турган.
«Дэвис Кубогида иштирок этаётганингизда, кечаси, ўйин олдидан яхшилаб ухлаб олармикинман, деб хавотирга тушмаслигингиз керак. Таомлар масаласида ҳам хавотирларимиз бўлгани учун, ўзимиз билан ошпаз олиб келгандик», – деди Австралия терма жамоаси сардори.
Рафтернинг қўшимча қилишича, меҳмонхонанинг бир қатор хоналарида қувурлардан сув оқиб турган, ёқимсиз ҳидлар чиққан. Терма жамоа менежери кароватидан эса тахтаканалар чиққани ҳам австралияликлар эътирозига сабаб бўлган.
Шароитлардан қониқмаган Австралия терма жамоаси, норозилигини билдириши мақсадида, Ўзбекистон терма жамоаси билан бирга бўладиган расмий кечки овқатга келмаган. Бунинг учун терма жамоа Халқаро теннис федерацияси (ITF) томонидан 10 минг доллар жаримага тортилган.
«Мен Намангандаги шароитлар бўйича ITFга эътироз қилиб, «Буларнинг бари бемаънигарчилик!», деб айтдим. Улар эса бизни, тушликка бормаганимиз учун, жаримага тортишди. Йигитларимиз ўзлари хоҳламаган ишни қилишларини хоҳламайман», – деди ўз вақтида жаҳон теннис рейтингида биринчи ўринга кўтарилган Рафтер. ITF’дагилар Австралия терма жамоасига Ўзбекистонга вақтлироқ келиб, шароитлар билан танишиш керак бўлганини уқтиришган.
Шунга ўхшаш ҳолат 2012 йилда ҳам содир бўлганди. Ўшанда теннис бўйича Ҳиндистон терма жамоаси етакчиларидан бири Роҳан Бопанна Намангандаги меҳмонхона шароитларидан нолиб, умумий ресторани бўлмаган ушбу меҳмонхонанинг ишлашига ким рухсат берганига қизиққан эди.