Жан-Филипп Матета аргентиналик футболчиларнинг шов-шувли ҳайқириқлари ҳақида гапирди.
Эслатиб ўтамиз, Америка Кубогидаги ғалабани нишонлаш чоғида Аргентина терма жамоаси футболчилари Франция терма жамоаси ўйинчилари ҳақида тажовузкор қўшиқ айтишганди: "Улар Франция терма жамоасида ўйнайди, лекин ҳамма Анголадан келади. Уларнинг оналари нигериялик, оталари камерунлик, лекин паспортида “француз” деб ёзилган", – дейилган қўшиқда.
Видеони “Альбиселесте” ва “Челси” ярим ҳимоячиси Энцо Фернандес ижтимоий тармоққа жойлаштирган, бироқ кўп ўтмай жонли эфирни тўхтатиб қўйган.
Кейинроқ Энцо ижтимоий тармоқларда омма олдида узр сўради ва ўзининг хатти-ҳаракати учун “Челси”даги жамоадошларидан ҳам узр сўради.
Футбол бўйича Олимпия ўйинларининг чорак финалида Франция ва Аргентина терма жамоалари тўқнаш келишади. Учрашув 2 август куни бўлиб ўтади.
"Аргентина – амалдаги жаҳон чемпиони, ўзи иштирок этаётган барча турнирларда ҳар доим финал босқичига чиқадиган жамоа.
Яқинда содир бўлган воқеа барча французларга таъсир қилди. Кўрамиз, чорак финалда нима бўлади", - деди "Кристал Пэлас" ва Франция олимпия терма жамоаси ҳужумчиси.