Ўзбекистонлик яна бир дзюдочи ўз фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
Аввалроқ ўзининг учинчи Олимпиадасида иштирок этган Гулноза Матниязова ўз фаолияти якунига етганини эълон қилган эди.
Куни кеча яна бир тажрибали спортчи Шарофиддин Болтабоев ҳам Париждаги мусобақа фаолиятидаги энг сўнггиси бўлишини айтди.
"Париж Олимпиадасини ҳам тугатдим. Ҳозирда жуда ҳам оғир кунларни, стрессни бошимдан ўтказяпман, сабаби 25 йиллик меҳнатларим ва орзуларимдан воз кечяпман! 4 ёшимда шу спортни бошлаганман.
Ҳар бир ишимда фақат шу спорт билан бўлганман, бир кун ҳам ташлаб кетмаганман. 11 йил узлуксиз терма жамоада юртим учун татамига чиқдим. Ҳеч қачон юртимни ор номусини сотмадим! Мен учун, тўғриси жуда ҳам оғир қарорни қабул қилдим. Шу тўғри танлов деб ўйлайман ва мени қароримни ҳурмат билан, тўғри тушунасизлар деган умиддаман.
Мен ўз спорт фаолиятимни якунладим, ҳаммаси учун сизларга катта раҳмат. Сизларни бир хафа қилдим, бир хурсанд қилдим, рози бўласизлар. Олимпиада медалини олиб келаман деб ҳаракат қилдим, лекин тақдиримга ёзилмаган экан. Аллоҳ энг яхшисини билгувчи.
Мен 29 ёшга тўлдим. Ўзимга мос иш насиб қилишига ишонаман. Соғ-саломат бўлинглар", деб ёзди Болтабоев.
Шарофиддин Болтабоев бир неча бор “Катта дубулға” ва Гран-при туркумидаги мусобақаларнинг ғолиб ва совриндори, уч карра Осиё чемпионати совриндори ҳисобланади.