Ўзбекистон кубогининг чорак финалидан ўрин олган “Сўғдиёна” – “Навбаҳор” (2:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида наманганликлар бош мураббийи Сергей Лушан иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. Сергей Иванович одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
— Жудаям ҳам қийин баҳс бўлди. Бугунги ўйинда барча асабийлашди. Жамоамга раҳмат айтаман. Ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юборганимиздан сўнг, ўзимизга келиб олдик. Яратилган вазиятларнинг ярмидан фойдалана олдик. Йигитларга берган кўрсатмаларимнинг 80 фоизи бажарилди. Афсуски, йўқ жойдан тўп ўтказиб юбордик. Таблодаги ҳисоб барчасини кўрсатиб турибди.
— Яратилган вазиятларнинг ярми, яъни, 50 фоизидан фойдаландик, дедингиз. Биринчи даврада ҳам “Навбаҳор” кўплаб хавфли вазиятлардан фойдалана олмаганди. Жамоангиз вазиятлардан фойдаланиш самарасини неча фоизга олиб чиқса, Сиз хотиржам бўласиз?
— Албатта, юз фоиз. Ягона вазиятдан ҳам фойдаланишни бошласак, мен хотиржам бўламан. Кўп вазиятлар яратяпмиз, аммо уларнинг самарадорлиги паст. Шунингдек, кераксиз вазиятларда ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юборяпмиз. Ўйинни назорат қилдик, деб ўйлайман. Биринчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларида иккита бирга-бир вазиятга эга бўлдик, аммо уларни кўкка совурдик. Сўнгги дақиқадаги вазиятдан ҳам фойдалана олмадик. Бундай хатолар кечирилмаслиги керак.
— Сардор Рашидовнинг жароҳати ҳақида гапириб ўтсангиз? У қанчалик жиддий жароҳат олди?
— Жиддий жароҳат эмас эканлигига умид қиламан. Сардор елкасидан жароҳат олди. Яқин орада ушбу саволга жавобни билиб оламиз. Айни дамда Рашидов биз учун сув ва ҳаводек зарур. Барча футболчилар биз учун ўта муҳим ҳисобланишади ҳамда барча футболчиларга ишонч билдирамиз.
— Жамоа иккинчи даврага қандай тайёргарлик кўрди? Йиғинлардан кўнглингиз тўлдими?
— Ўн икки кунлик йиғин ўтказдик. Бундай қисқа вақт биз учун етарли бўлмади. Уч ҳафталик режани 12 кунга сиғдиришга мажбур бўлдик. Йигитларга вақт камлиги ва кўп меҳнат қилишимиз кераклигини айтдим. Йигитларга раҳмат, улар меҳнат қилишди, нолишмади. Мақсадларимиз қандай эканлигидан хабарингиз бор. Футболчилар 12 кун давомида астойдил меҳнат қилишди. Кўпроқ вақтимиз бўлганида йиғин бироз осонроқ ўтиши мумкин эди.
— Жамоа ёзги трансфер “ойнаси”да бир неча футболчиларни ўз сафига қўшиб олди. Трансферлардан қанчалик кўнглингиз тўлди?
— Тажрибали футболчилар билан шартнома имзоладик. Асосий дарвозабонимиз жамоани тарк этгани туфайли, дарҳол янги посбон излашга мажбур бўлдик. Икки нафар тажрибали дарвозабонлар билан келишувга эришдик. Ушбу позицияда кучсизланиб қолганимиз йўқ. Ёш футболчиларни ҳам таркибимизга қўшиб олдик. Ёшларни ҳам кузатмоқдамиз. Ўринбосарлар жамоаси ва биринчи лигада тўп тепаётган футболчиларни ҳам кузатиб борамиз. Уларга имконият беришимиз аниқ ва бунга мажбурмиз. Намангандан жуда кўп иқтидорли футболчилар чиққан, ҳозир эса “Навбаҳор”нинг асосий таркибида бор-йўғи бир нафар маҳаллий футболчи бор. Бу уятли ҳолат. Маҳаллий футболни ҳам ривожлантиришимиз керак. Кўп маҳаллий футболчилар бошқа жамоаларда фаолият юритишмоқда.
— “Навбаҳор” ўринбосарлар жамоаси ўтган мавсум лиганинг қуйи поғоналарида эди ва салбий натижа қайд этаётганди. Жорий мавсум аввалида эса “Навбаҳор” ёшлар ҳамда ўсмир футболчилар билан ишлаш бўйича тажрибали мутахассис Дмитрий Ан билан шартнома тузди. Сиз ҳам “Бунёдкор”да ишлаган вақтингизда жуда кўп ёш ва иқтидорли футболчиларни тарбиялагансиз. Сиз “Навбаҳор”да нафақат асосий жамоа, балки ўринбосарлар жамоаси ва ёшлар жамоасида ҳам фаолият юритиб, уларни назорат қилишни режа қилганмисиз?
— Биз бир жамоа бўлиб ишлаймиз. Дмитрий асосий жамоанинг мураббийлар штабидан ҳам ўрин олган. Қисқача қилиб айтсам, биз асосий жамоа ва ўринбосарлар жамоасини ҳам бошқарамиз. Барчаси бизнинг назоратимизда бўлади.
— “Навбаҳор”да бош мураббий ўзгарганидан кейин, жамоа атрофида турли гап-сўзлар кўпайди. Жамоанинг иккинчи давра олдидан мақсадлари қандай?
— Биз ғийбатлашиб ўтирадиган аёллар эмас, мураббийлармиз. Жамоа қароргоҳидан деярли чиқмаяпмиз. Тўғрисини айтсам, мен ишлаган жамоаларда бундай таркиб бўлмаган эди. Бундай тажрибали ва маҳоратли футболчилар билан фаолият юритиш жуда ёқимли. Футболчиларга кўп гапириб ўтириш ҳам керак эмас. Улар барчасини тушунишмоқда. Бу шунчаки ажойиб. Бундай таркиб йиға олган собиқ мураббийларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.