Хабарингиз бор, “Қизилқум” билан кечган баҳсда жамоамизнинг литвалик ҳужумчиси Артурас Фоменко иккита гол уриб дублга эришди. Футболчи ўйин борасидаги фикрларини қуйидагича изоҳлади:
— Бошида бироз руҳий томондан қийналдик, чунки биз ва “Қизилқум” турнир жадвалининг охирги ўринларида бораётгандик. Қолаверса, бунгача бўлиб ўтган тўртта учрашувда атиги битта гол ургандик. Шу боис дастлабки тўпни киритгунча анча ишлашга тўғри келди. Ўз навбатида “Қизилқум” ҳам бизга жиддий қаршилик кўрсатди. Менимча, кўрсатган ўйинимиз мухлисларга маъқул келди.
— Танаффус пайтида бош мураббий футболчиларга қандай кўрсатма берди?
— Эдгар Яковлевич ҳужумларимиздан қониқаётганини, бироқ гол йўқлигини айтди. Натижада иккинчи таймда бор эътиборни фақат тўп киритишга қаратдик. Агар биринчи бўлимда ҳисобни очганимизда рақиб дарвозасига иккитадан кўп гол уришимиз мумкин эди.
— Ўзингизга қайси гол кўпроқ ёқди?
— Бир нарса дейишим қийин. Чунки ҳар иккала гол ҳам бир-бирига ўхшаш бўлди. Муҳими, киритган икки тўпим жамоамизга ғалаба келтирди ва бундан жуда хурсандман.