Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Дарбадар чемпион

Баҳо:
+ | -

Сўнгги пайтларда Альваро Мората трансфер янгиликларининг қаҳрамони бўлиб қолди.

Яъни, бирон-бир жамоада узоқроқ тўп сурмаяпти. «Реал»ни тарк этгач, у битта жамоада икки мавсумдан ортиқ ўйнамаяпти. Яқинда шу одат яна такрорланди. Европа чемпионатига «Атлетико» ҳужумчиси мақомида йўл олган Альваро, турнирдан «Милан» вакили сифатида қайтди. 31 ёшли ҳужумчи иккинчи марта Италияда тўп суради. Аввалроқ у «Ювентус» таркибида ўйнаганди, энди Европа чемпиони мақомида «Милан» шарафини ҳимоя қилади.

«Россонерлар» ўтган мавсумдаёқ Оливье Жиру жамоани тарк этиши маълум бўлганидан кейин унинг ўрнини тўлдира оладиган номзод тадоригини кўра бошлагандилар. ОАВда турли футболчилар номи зикр этилган бўлсада, клуб фақат «Болонья» тўп сураётган Жошуа Зиркзега жиддий қизиқиш билдирганди. Дарҳақиқат, нидерландиялик меҳнатсевар ҳужумчи «А» сериясида ёрқин ўйин кўрсатганди. Қолаверса, Жиру ва Ибрагимовичсиз қолган «Милан» учун олдинги чизиқни нафақат кучайтириш, балки навқирон иқтидорлар билан тўлдириш зарурати турибди. 

Франциялик футболчи жамоани тарк этгач, «Россонерлар» таркибида атиги 3 нафар ҳужумчи қолди, лекин уларнинг ҳеч қайсиси асосий асосий ҳужумчи ролига муносиб эмасди, Лоренцо Коломбо билан Марко Насти бир неча йилдан бери «сургун»да юрган маҳаллий тарбияланувчилар. Учинчиси, сербиялик Лука Йович. Унга ҳам ишонч йўқ, чунки «Реал»даги омадсизликдан кейин фаолиятини қайтадан тиклашга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, «қизил-оралар»нинг иккинчи жамоасида голлар ураётган Франческо Камарда ҳам бор, лекин у жуда ёш. Яқинда илк профессионал шартномасини имзолаган 16 ёшли ҳужумчи келажакка мўлжалланган. Қисқаси, «россонерлар» савияли ҳужумчига муҳтож эканликларини клуб мутасаддилари ҳам тан олишди. Мухлислар эса янги харидларни сабрсизлик билан кутишмоқда. Маълум муддатдан кейин «Милан» Зиркзее номзодидан воз кечди ва ҳужумчи «МЮ»га йўл олди. Кейин клуб мутасаддилари мухлисларни бошқа футболчиларга қизиқтира бошладилар. Жумладан, Ромелу Лукаку ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди, лекин бирон, бир силжиш кузатилмади. Шундан кейин ниҳоят, Мората варианти юзага келди. Клуб «Атлетико» ҳужумчисини харид қилишга, Альваро эса Италия чемпионатига қайтишга тайёр эканликларини баён этишди.

Мората Мадридда яхши таассурот қолдира олмади. «Милан»га ўтишидан бир неча ҳафта аввал у «Атлетико»да қолиш ниятида эканлигини баён этганди. У «матрасчилар» билан илк совринни қўлга киритиш умидида эди. Бироқ ҳужумчи клуб раҳбарияти билан келиша олмади. Унинг фикрича, мутасаддилар уни сотиб юбориш ниятида бўлишган. 

Чиндан ҳам, Альваронинг кетиши хусусида гап-сўзлар кўпайиб кетганди. Таажжубки, ўзаро тортишувлар барҳам топган паллада, Мората кетди, жамоа эса шошилинч тарзда янги ҳужумчини излашга мажбур бўлди.

Моратанинг «Милан» таркибига ўтгани эълон қилинганидан кейин, «Атлетико» президенти Энрике Сересо футболчини жиддий танқид остига олди. Унинг айтишича, Альваронинг юриш-туриши, феъл-атворида кескин ўзгаришлар юз берган. Футболчи вазиятдан чиқиб кетишга уринди. Яъни, Евро-2024 турнирига Испания терма жамоаси таркибида «Атлетико» вакили сифатида йўл олганида, клуб вакилларига совринни қўлга киритишни ваъда қилган ва буни уддалаганини айтди. Ўзини оқлаш учун етарли далил. Ҳар ҳолда, мухлислар Альвародан Гризманн «Барселона»га ўтиб кетганидагидек қаттиқ хафа бўлмасалар керак. Лекин бу барибир, анчайин нохуш вазият.

Бир томондан, Моратанинг кетиши «Атлетико»га нисбатан ёшроқ ҳужумчини харид қилиш имкониятини беради. Тўғри, ўриндоши у каби сермаҳсул бўлишига кафолат йўқ. Охирги икки мавсумида испаниялик тўпурар Ла Лигада 28та (13 ва 15) гол урди, рисоладагидек кўрсаткич. Лекин бошқа томондан, Моратанинг сотувидан олинган даромад (13 млн. евро) савияли ўйинчини харид қилишга озлик қилади. Бюджетга мурожаат қилиш эса ноқулай - «матрасчилар» тежамкорлик режимига ўтишган.

«Милан» эса ўз вақтида сифатли ҳужумчини таркибга қўшиб олди. Трансфер қиймати Моратадек сермаҳсул ўйинчи учун ўта арзон баҳода. Ахир у Испания терма жамоасининг сардори. Еврода атиги битта гол урган бўлсада, чемпион ҳамоанинг муҳим мурвати мақомида тўп сурди. Уни бош мураббийнинг ўзи кўкларга кўтариб мақтади. Тўғри, парвозлар ва пасайишлар Альварода ҳам бўлиб туради. Лекин у чинакам ҳужумчи фазилатини йўқотмаган. Жамоага талаб даражасида манфаат келтириши учун, унга самимий муҳитнинг ўзи кифоя қилади. Мората «Милан»да ҳам ўз вазифасини аъло даражада адо этади. Чунки уни кўришни истаган мухлислар қаршисида тўп суради ва «Сан-Сиро»да энг тажрибали ўйинчиларнинг бирига айланади. «Россонерлар» учун бу жуда муҳим. Боз устига, Альваро айнан «қизил-қоралар» бош мураббийи Паулу Фонсека талабларига мос келади. Мураббий фақат узатмаларни голга айлантирадиган ҳужумчини эмас, балки дарвозадан олис ҳудудларда ҳам ростмана ўйнайдиган ўйинчини кўриш ниятида юрганди. Мората эса ҳамон ғайратли, ҳаракатчан ва тиришқоқлик билан тўп сурадиган йигит. «Милан»нинг совринларга нисбатан имкониятлари қандай бўлиши - бошқа масала. Лекин савияли ҳужумчи кўмагида янада яхшироқ ўйнашига умид бор.

Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:48, 23.08.2024.
Ўқилди: 1925 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.