«Қироллик клуби» - «Реал» президенти Флорентино Перес Европа суперкубоги учун баҳсдаги зафардан кейин RealmadridTV меҳмони бўлиб, қисқача интервью берди.
Унда корчалон функционер жумладан, Килиан Мбаппенинг омадли дебюти ва клуб президенти ролида ютган совринлари сони 64тага етганига алоҳида тўхталди.
Европа суперкубогига муносабат
- Албатта, навбатдаги ғалабадан бағоят хурсандман. Мана, янги мавсумга киришганимиз билан илк совринни расмийлаштирдик. Бундай старт бутун жамоани ўзгача илҳомлантириши тайин. Бинобарин, бизни олдинда жуда мураккаб ва оғир мавсум кутмоқда. Ўйлайманки, Европа суперкубоги узун йўлда бизга қўшимча куч ва энергия бағишлайди.
Мбаппенинг дебютига муносабат
- Килиан Мбаппенинг «Реал» либосидаги илк ўйиндаёқ гол ургани уни самарали мавсум кутаётганидан далолат, менимча. Ҳар ҳолда, дебют голнинг тезда келиши ҳар қандай ҳужумчини тўлқинлантириб юборади. Килиан медални қўлга олганида, унга қарадим - ғоят хурсанд эди. Зеро, «Реал»да дебютни гол билан безаш осон эмас. Муҳими, Мбаппе жуда яхши бошлади.
Ўйин сифатига муносабат
- Иккинчи бўлимда фақат ғалаба учун майдонга тушдик. 2та гол урдик, ваҳоланки, ҳисобни бемалол йириклаштиришимиз ҳам мумкин эди. Майдонга бундай катта иштиёқ ва энергия билан тушсангиз, ғалаба қозониш имкониятингиз ўз-ўзидан ошади.
Президент ролида 64та соврин ютганига муносабат
- Имкони бор ва имконсиз туюлган барча натижалар мени яхшигина руҳлантиради. Худди ўтган йилдагидек қаттиқ ишлашда давом этишимиз керак. Бунинг самарасини охирида кўрамиз, албатта. Бизда ажойиб жамоа борлигига ҳеч кимда шубҳа қолмаган бўлса керак.
«Мадридчи»ларга муносабат
- Қўшма штатлардан яқиндагина келдик, у ерда ажойиб мухлислик гувоҳига айландик. Мана, Польшада ҳам ақлга сиғмас даража... Бошқачаси мумкин эмас - «Реал» жаҳон миқёсидаги клуб! Бутун дунё бўйлаб мухлислар клубимизни қалбларида сақлайдилар ва буни ҳар сафар Испаниядан ташқарига чиққанимизда яққол кўрамиз. Жуда ёқимли, жуда-жуда.
МУҲАММАДХОН тайёрлади