“Локомотив”, “Краснодар” ва “Торпедо” клубларининг собиқ ҳимоячиси Алексей Бугаев 2023 йилнинг ноябрида гиёҳванд моддалар савдосига уринишда айбланиб ҳибсга олинган эди. Маълум қилинишича, у 495 грамм мефедрон моддаси билан ушланган.
“Краснодар шаҳридаги Прикубанский тумани судида Алексей Бугаев Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228.1-моддаси 5-қисми 3-бандида кўзда тутилган жиноятни содир этган деб топилди.
2023 йил октябрь ойида Бугаев наркотик моддалар “закладка”сининг жойлашуви бўйича SMS-хабар олганидан сўнг, 494,8 граммлик наркотикларни яширин жойдан олиб чиққан. Бугаев наркотикларни сотиш ниятида бўлган, лекин ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушланиши туфайли бу режасини амалга ошира олмаган.
Собиқ футболчи ўз кўрсатмаларида наркотикларни тарқатишни режалаштирмаганини, балки полицияга бу иш билан шуғулланганларни ушлашда ёрдам бермоқчи бўлганини айтди.
Бироқ кейинроқ Бугаев ўз айбини тўлиқ тан олди ва қилмишидан пушаймонлигини баён қилди.
Алексей Бугаевга 9 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини белгиланди. Футболчи жазони қатъий режимдаги колонияда ўтайди”, — дейилади Краснодар вилояти судларининг бирлашган матбуот хизматининг хабарида.
Маълумот учун, футболчи 1981 йилда туғилган. Фаолияти давомида “Локомотив”, “Химки”, “Краснодар” клубларида ўйнаган. Россия миллий жамоасида 7 бор майдонга тушган.