Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Даврон Турсунов: «Ураётган голларимда жамоадошларимнинг хизмати беқиёс»

Баҳо:
+ | -

Бу йилги биринчи лига ўйинлари ҳам аввалги йиллардаги чемпионатларга нисбатан қизиқарлироқ ўтмоқда дейиш мумкин. ҳар иккала минтақа иштирокчиларининг пешқадамлари бўлмиш «Андижон» ва «Машъал»дан ташқари деярли қолган жамоаларнинг савияси тенг. Шу боис мухлислар ҳам бир турда бир-биридан қизиқ ўйинлар ва кутилмаган натижаларга гувоҳ бўлишмоқда. Юқорида номи тилга олиб ўтилган икки жамоа эса ҳамон мағлубиятга учрамай келмоқда.

Ўтган ҳафтада биринчи лиганинг 7-8-тур ўйинлари бўлиб ўтди.  «Андижон» таркибида хабарингиз бўлса керак, Лочин Солиев, Александр Лупашко, ҳамда Тимур Ҳакимов сингари иқтидорли ҳужумчилар ўйнашмоқда. Лекин шунга қарамай айни пайтда жамоа ҳимоячиси Даврон Турсунов ортда қолган ўйинларда жами 5та тўп киритиб, «Шарқ» минтақасида тўпурарлар рўйхатидан жой эгаллаб турибди.

Бу футболчи ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, 1987 йил Андижон шаҳрида туғилган. Биринчи мураббийлари Виталий Легай ва Озодбек Эркабоев. Андижон вилояти футбол лицей интернатини тамомлаган. «Андижон»да 2008 йилнинг иккинчи ярмидан буён тўп суриб келмоқда. Ундан олдин биринчи лига иштирокчилари бўлган «Шаҳрихон» ва «ЎзДонгЖу» жамоалари шарафини ҳимоя қилган.

— Ортда қолган ўйинларда гарчи «Андижон» барча учрашувларни ўз фойдасига ҳал этган бўлсада, қўлга киритилган ғалабалар осонликча амалга оширилмаганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Фикримизга қўшиласизми?
— Албатта, биринчи лига клубларини ҳам кучсиз деб бўлмайди. Шу боис қўлга киритаётган  ғалабаларимиз осонликча бўлмаяпти. Мисол учун шу кунгача ўтказган ўйинларимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, «Қўқон-1912» жуда яхши шаклланган жамоа эканлигини айтиб ўтишим керак. Бу жамоа Кубок баҳсида олий лига вакили «Сўғдиёна»ни мағлуб этишни уддалади. Шу боис гарчи биз Қўқондан 4:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган бўлсакда, бу баҳсда жамоамизга осон бўлмади. Қолаверса «Чуст-Пахтакор»га қарши кечган ўйин ҳам қийин кечди. Бундан ташқари «Андижон» «Шарқ» минтақасида пешқадамлик қилаётгани боис, ҳар бир рақибимизга биз билан ўйинга жиддий тайёргарлик кўришмоқда дейиш мумкин.

— Ортда қолган ўйинлардан кейин хулоса ўрнида кўпчилик «Андижон»нинг ўйини тўлиқ шаклланмаганини таъкидламоқда. Бунга нима сабаб бўляпти деб ҳисоблайсиз?
— Ҳар бир инсон ўз фикрига эга. Балки кимларгадир шундай туюлаётган бўлиши мумкин. Аммо бу йилги таркибимиз деярли 60-70 фоизга янгиланганини унутмаслик керак. Тўғри бунгача жамоа олий лигада ўйнаган пайтларда ҳам таркибда ҳаракат қилган ўйинчилар ҳам олиб қолинган. Лекин бу йил таркибимизга янги келиб қўшилган ўйинчилар кўпчиликни ташкил этади. Афзал Азизов, Темур Ҳакимов ва бошқа бир қатор ўйинчилар жумласидандир. Шу боис эҳтимол ўйинимиз бир текисда кечмаётган бўлиши мумкин. Бунга озгина вақт керак, менимча. Лекин ўйлайманки, ўйиндан ўйинга камчиликлар бартараф этилади.

— Гарчи ҳимоячи бўлишингизга қарамай шу кунгача рақиблар дарвозасига 5та тўп киритиб, тўпурарлар рўйхатидан жой эгалладингиз. Урган голларингиз ҳақида нима дейсиз?
— Деярли барча голларим стандарт вазиятлардан сўнг юз берди. «Локомотив БФК» ва «Янгиер» билан ўз майдонимизда кечган ўйинларда бурчакдан узатилган тўплардан кейин гол уришга эришдим. Шунингдек, Қўқонда урган учта голим ҳам деярли рақиб жарима майдони томон амалга оширилган стандарт тўпларидан кейин юз берди. Албатта шу кунгача урган голларимда, биринчи навбатда жамоадошларимнинг хизмати беқиёс бўлди. Айнан уларнинг ёрдами туфайли тўп киритмоқдаман. Жамоамизнинг етакчилари Расул Раҳмонов билан Афзал Азизовга мен учун қулай тўп оширишаётганлари учун бу борада аълоҳида миннатдорчилик билдираман.

— Стандарт вазиятлар амалга оширилаётган пайтда, рақиб жарима майдони ичига ўтишингиз мураббийнинг кўрсатмасими ёки…
— Албатта, бош мураббий бурчак тўплари амалга оширилаётганда рақиб жарима майдони ичига ўтишим кераклигини айтади. Лекин ўзим ҳам азалдан шу йўлни танлайман.

— Шу кунгача 5та гол урганингиздан кейин, ўз олдингизга бу борада қандайдир мақсадлар қўйган бўлсангиз керак?
— Ҳимоячиларнинг тўпурарлар рўйхатида юриши камдан-кам ҳолатларда кузатилади. Албатта мен ҳам ҳар бир ўйинда гол уришга интиламан. Тўғри ҳимоячининг тўпурар бўлиши қийин. Аммо ўз устимда астойдил ишлаб, бу борада янгилик қилмоқчиман.

— Жамоангиз ортда қолган 7та ўйиндан кейин ўз дарвозасидан 5та гол ўтказиб юборди. Ҳимоячи сифатида бунга қандай муносабатдасиз?
— Ҳа, бу жамоамиз учун салбий натижа деб ўйлайман. Нима дейишим мумкин, гол бўлган вазиятларда ўзимиз хатога йўл қўйдик. Футболда бундай хатолар бўлиб туради. Бу борада ҳали кўпроқ ишлашимиз керак.

— 2008 йилдан буён «Андижон» шарафини ҳимоя қилиб келмоқдасиз. Бу вақт оралиғида бир қатор мураббийлар билан ишлашга муваффақ бўлдингиз. Айтингчи, улардан Азамат Абдураимовнинг қайси хусусиятлари фарқ қилади?
— Ҳар бир мураббийнинг футболга нисбатан ўз қараши бўлади. Улар бир-биридан доимо нимаси биландир ажралиб туради. Азамат Биродаровичнинг ижобий хусусиятларидан бири деб эса футболчилар билан яхши тил топиша олишини айтишим мумкин.

Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.

Манба: www.burgutlar.com
Киритилди: 15:14, 07.05.2013.
Ўқилди: 3786 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.