ЖЧ-2014 Осиё минтақаси 4-саралаш босқичи ўйинлари якунланишига бир ойдан кўпроқ вақт қолди. 18 июнь куни Осиё қитъасидан Жаҳон чемпионатига йўлланма оладиган 4та жамоанинг номи аниқланади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилик қилаётган «А» гуруҳидан ўрин олган терма жамоаларнинг саралашнинг муҳим ўйинлари олдидан олиб бораётган тайёргарлиги ҳақида маълумот тўплашга ҳаракат қилдик.
Жанубий Корея
11 июнь куни ўз майдонида Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши кечадиган ўйин олдидан, кореяликлар 4 июнь куни Ливанга сафар уюштиради. Бу пайтгача терма жамоа аъзолари саралашнинг муҳим ўйинларига қандай тайёргарлик олиб бораётгани ҳақидаги савол очиқлигича қолмоқда. Жанубий Корея Футбол Федерацияси терма жамоанинг тайёргарлиги ва ўртоқлик учрашувлари ҳақида ахборот бермаган.
Эрон
Жанубий Корея термасидан фарқли равишда, Эрон терма жамоаси саралаш баҳслари олдидан иккита ўртоқлик учрашувини ўказишни режалаштирган. Карлуш Кейруш бош мураббийлигидаги терма жамоа Ироқ ҳамда Уммон терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари санасини тасдиқлади. 22 май куни Уммон терма жамоаси, 27 май куни эса, Ироқ миллий терма жамоаси эронликларга ўртоқлик учрашувларида рақиб бўлади. Эслатиб ўтамиз, Эрон миллий терма жамоаси «А» гуруҳида яна учта ўйин ўтказади - 4 июнь Қатарга қарши (сафарда), 11 июнь (уйида) ва 18 июнь куни Жанубий Корея (сафарда) терма жамоаларига қарши.
Қатар
терма жамоаси ҳам гуруҳдаги қолган терма жамоалар қаторида саралаш баҳсларини муваффақиятли якунлашга умид қилмоқда. 4 июнь куни Эрон термасига қарши кечадиган саралаш баҳси олдидан қатарликлар Латвия ҳамда Озарбайжон терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишади. Иккала ўйин ҳам 24 ва 29 май кунлари Қатар пойтахти Дохада бўлиб ўтади. Қатар терма жамоаси айни дамда 7очко билан «А» гуруҳида 4-ўринни эгаллаб турибди. Эронга қарши 4 июнь куни ўз майдонида тўп сурадига қатарликлар, саралаш баҳсларини 18 июнь куни Тошкентда Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши баҳс билан якунлашади.
Ливан
Гуруҳ 4 очко билан сўнгги поғонани эгаллаб турган Ливан миллий терма жамоаси ҳали назарий жиҳатдан саралаш баҳсларини кўнгилдагидек якунлашлари мумкин. Бунинг учун қолган иккита учрашувда ливанликлар ижобий натижа кўрсатишлари талаб этилади. Ливан миллий терма жамоасининг саралаш босқичидаги навбатдаги ўйинини 4 июнь куни Жанубий Кореяга қарши ўз майдонида ўтказади. 11 июнь куни эса, Ливан сафарда Эронга қарши тўп суради. Мазкур учрашувларга мукаммал тайёргарлик кўриш учун ливанликлар 30 май куни Уммон терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказишга келишиб олдилар.
Қўшимча ўрнида, гуруҳ баҳсларида 3-ўринни эгаллаган терма жамоалар саралаш босқичини давом эттирадилар. «А» ва «В» гуруҳларида 3-ўринни эгаллаган терма жамоалар 6-10 сентябрь кунлари оралиғида 5-саралаш босқичи доирасида ўзаро уйда-меҳмонда тизимида плей-офф учрашувида майдонга тушишади ва Осиёнинг бешинчи жамоаси номини аниқлайдилар. Мазкур терма жамоа эса жаҳон чемпионати йўлланмаси учун Жанубий Америка қитъасининг бешинчи жамоаси билан қўшимча йўлланма учун плей-офф босқичида беллашади. Ушбу учрашув дастлаб 15 ноябрь куни Осиё қитъаси вакили уйида бўлиб ўтади. Жавоб учрашуви эса, 19 ноябрь куни Жанубий Америка қитъаси жамоаси майдонида ўтказилади.
Ўзбекистон
Ўзбекистон миллий терма жамоаси саралаш баҳсларининг муҳим ўйини олдидан 6 июнь куни Хитой терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказади. Ушбу учрашув Хитойнинг Хахот шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ушбу учрашув якунига етгач, Миржалол Қосимов бошчилигидаги миллий терма жамоа Жанубий Корея учиб кетади. Гуруҳда 11 очко билан пешқадам бўлиб турган Ўзбекистон 11 июнь куни сафарда Жанубий Кореяга қарши майдонга тушса, саралашнинг сўнгги тури 18 июнь куни Тошкенда Қатар терма жамоасини қабул қилади.