“НЕФТЧИ”ГА НИМА БЎЛДИ?
СПОРТ РИВОЖЛАНЯПТИ, ФУТБОЛЧИ?
Мамлакатимиз Президенти ёшларни чиниқтириш, баркамол авлодни тарбиялашда жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамияти беқиёс эканлигини қайта-қайта такрорлаш билан бирга спортни ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига мунтазам равишда катта эътибор бераётганлиги ўз самарасини кўрсатмоқда. Ўзбекистонлик спортчилар қитъа ва жаҳон миқёсидаги халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашмоқдалар. Бундай ютуқлар салоҳияти тобора юксалиб бораётган вилоятимизда ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Ўзбек аёллари орасида шахмат бўйича халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова Фарғонадан етишиб чиққанлиги, кенг жамоатчилик иштирокида унга Президент совғаси топширилганлиги, Ойбек Шарипов, Акмал Қосимов сингари боксчиларимиз Филиппинда ўтказилган Осиё чемпионатида олтин ва кумуш медалларни қўлга киритганликлари, 1995-1996 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида бокс бўйича мамлакат чемпионати Қўқонда ўтказилганлиги, спортнинг бошқа турлари бўйича ғолиблар сафи вилоятимизда тобора кенгайиб бораётганлиги бунга яққол далилдир.
Бироқ вилоят футболи ҳақида илиқ гапларни дадил айта олмаймиз. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, футбол мактабларининг тарбияланувчилари ўз ёшлари бўйича Республика мусобақаларида фаол қатнашиб яхши натижаларга эришмоқдалар. Аммо футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида қатнашаётган жамоалар, айниқса Олий лигада вилоятимиз шарафини ҳимоя қилиш вазифаси топширилган “Нефтчи” ҳақида афсус ва алам билан гапиришга мажбурмиз. 2012 йил мамлакат чемпионатининг биринчи лигасида мавсумни вилоятимизнинг 3 та жамоаси – Қўқоннинг “Қўқон1912”, Марғилоннинг “Атласчи”, Олтиариқдаги Тинчлик шаҳарчасининг “Нефтчи” жамоалари бошлаган эди. Турли сабабларга кўра уларнинг иккитаси чемпионат мусобақаларида иштирокини тўхтатишга мажбур бўлди. Биринчи лигада Қўқон футболчилари 2013 йилги мусобақаларни давом эттирмоқдалар.
Яқиндагина Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси ташкил топганлигининг 50 йиллиги тантанали нишонланган эди. Унда сўз олган жамоа бош мураббийи Юрий Вазгеневич Саркисян бу йил фарғоналик футболчилар совринли ўринларни эгаллаш учун курашга тайёр эканлигини оғиз кўпиртириб гапирган эди. Лекин амалда унинг ваъдалари ёлғон, мақтанишлари асоссиз эканлиги исботланмоқда. Ҳозиргача олий лигада ҳар қайси жамоа 7 тадан учрашув ўтказди. “Нефтчи” ана шу учрашувларда 21 та ўрнига бор йўғи 4 очко жамғариб, турнир жадвалининг 12-поғонасига тушиб кетди. 4 май куни фарғоналиклар Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида “Қизилқум” жамоаси билан куч синашиб, 3:1 ҳисобида яна мағлубиятга учрадилар. Мавсум бошлангандан бери бирорта ўйинда ғалаба қозона олмаган “Қизилқум” ҳам Ю.Саркисян шогирдлари елкасини ерга теккизишга эришди.
Бош мураббий билан гаплашсангиз, бизга амалий ёрдам ва маблағ етишмаяпти, ҳакамлар холис иш тутишмаяпти, асосий ўйинчиларни алмаштирадиган муносиб ўринбосарлар етишиб чиқмаяпти деган асоссиз баҳоналарни рўкач қилади.
Энди ўринбосарлар масаласига келсак. Жамоани 25 йилдан буён бошқариб келаётган Юрий Саркисян селекция ишлари билан мутлақо шуғулланмайди. Вилоят ва республика мусобақаларида қатнашиб ўз маҳоратини намойиш қилган иқтидорли ёшларни жамоага жалб этиш ҳақида ўйламайди. Бундан 2 йил илгари Мексикада бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, юртимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган Давлатбек Ёрбеков, Мухсинжон Убайдуллаев, Равшан Ҳайдаров, Нодирбек Камолов сингари вилоятимиз ёшлари билан суҳбатлашиб, уларни “Нефтчи”га таклиф қилишни ҳам ўзига эп кўрмаган. Фақат ўзим биламан, бошқаларнинг маслаҳатига муҳтож эмасман, жамоанинг тақдири фақат менинг қўлимда, деган ишонч билан иш юритадиган раҳбар, юксак маҳорати билан ўзини кўрсатган футболчиларни жамоада сақлаб қолишга ҳам бўйни ёр бермайди. Бошлиқнинг меҳнатнинг қадрига етмаслиги, ўзидан бошқани тан олмаслиги ва ортиқча манмансираганлигидан зериккан Акмал Холматов, Ислом Тўхтахўжаев, Темур Кападзе сингари ўнлаб футболчилар Фарғонадан кетиб, республика пойтахтида ва хорижий мамлакатларда муваффақиятли тўп сураётганлигининг боиси ҳам шунда.
Юрий Вазгенович “Нефтчи”ни 5 карра чемпион қилганман, кўплаб кумуш медаллар олиб берганман, қисқа бўлса ҳам мамлакат терма жамоасини бошқарганман, нуфузли мукофотлар олганман, дея мақтанишдан чарчамайди. Ўзига-ўзи: “Тўхта, вақт ўтиб боряпти, ҳамма нарса эскиради, ўз кучини йўқотади, нега мен эски бисотимга ишониб янгиликнинг йўлини тўсавераман” деган саволни асло-асло бермайди. Жамоада юзага келган инқироз, пасайиш, мухлислар назаридан қолишининг асосий сабаблари шу эмасмикан?
Дониёр ЭРГАШЕВ.
КАСАЛНИ ЯШИРСАНГ...
“Нефтчи” жамоаси анoанага кўра ҳар йили мавсумолди тайёргарлигини чет элда ўтказади. Бу йил Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида Қатарнинг “Ал-Ғарафа”, Саудия Арабистонининг “Ал-Иттифоқ”, Россиянинг “Ротор”, “Кубань”, “Краснодар” жамоалари билан куч синашиб, Фарғонага бир ғалаба ва тўрт мағлубият билан қайтиб келди. Сўнгра тайёргарликни давом эттириб Туркияга борди. У ерда ҳам бирорта ғалабага эришилмади. Ҳозирги мамлакат чемпионатидаги кетма-кет мағлубиятлар Юрий Саркисян шогирдлари чет элга бориб, пухта тайёргарлик ўрнига гап сотиб миллион-миллион пулларни кўкка совуриб келганликларининг натижасидир.
Одатда мураббийлар янги мавсум олдидан қатор турнирларда қатнашиб, лаёқатли йигитларни ўз жамоаларига таклиф қиладилар. “Нефтчи”да эса бу ишлар йўқ ҳисоби. Фақат ўз кучимизга ишонамиз деб бошқа юртлардаги иқтидорли футболчилар Фарғонага яқинлаштирилмайди. Фарғона футболининг ишқибозлари қўшни Андижон, Наманган вилоятларида ҳам анчагина. Жамоанинг бу йилги мавсумдаги мазмунсиз ўйинлари ва мағлубиятлари уларнинг ҳам ҳафсаласини пир қилмоқда. Эски машинани ўнглаш учун ҳеч бўлмаганда моторини янгилаш керак, дейишмоқда улар. Тўғри фикр.
Мутал ҚОДИР.
“Нефтчи” мухлиси. Марғилон шаҳри.
Юрий Великанов (“Нефтчи” собиқ ўйинчиси, 10 йил давомида жамоа сардори бўлган, спорт устаси, Фарғона шаҳри):
– Очиғини айтсам, жамоанинг ҳозирги аҳволига ачиниб кетяпман. Шунинг учун турнир жадвалига қарашга ҳам уяламан. Баъзан жамоа ўйинларини таҳлил қилиб тураман. Масалан, “Пахтакор”га қарши кечган учрашувда “Нефтчи” ўйинчилари 90 дақиқа мобайнида дарвоза сари атиги икки марта зарба берди. Биттасини дарвозабон тўсган бўлса, иккинчиси ноаниқ кетди. Энди ўйлаб кўринг, зарба бермасдан туриб қандай қилиб ғалаба қозониш мумкин.
Тан олиш даркор, жамоани “ботқоқлик”дан олиб чиқиш учун бутун жамоани янгилаш лозим. Мураббийдан тортиб, ўйинчиларигача, 12-ўрин “Нефтчи”га мос эмас.
Ноил Губанов (“Нефтчи” собиқ ўйинчиси, Фарғона шаҳри):
– Жамоанинг инқирозга юз тутишида Юрий Вазгеновичнинг айби катта. У ҳамон эскича тизимда ишламоқда. Машғулотлари зерикарли тарзда ўтади. Яхши билсангиз керак, айрим клубларда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий, руҳшунос мураббий ва шунга ўхшаш мутахассислар фаолият юритишади. “Нефтчи”да эса ҳамма ишни Саркисяннинг ўзи бажаради.
Менинг фикримча, Саркисянни истеъфога чиқариш даври келган. Бундай ҳолатда узоқ ишлаб бўлмайди. Ўзи шундоқ ҳам вақтдан ютқазиб бўлдик.
Ҳабибулло ҳожи Шоиров (“Нефтчи”нинг ашаддий мухлиси, Олтиариқ тумани):
– Анча йилдан бери “Нефтчи”га мухлислик қилиб келаман. Мана 26 йилдан бери жамоани Юрий Саркисян бошқариб келмоқда. Бу орада беш карра чемпион бўлди. Лекин сўнгги йилларда унинг тактикаси иш бермай қўйди.
Авлодлар алмашинуви бу табиатнинг ёзилмаган қонуни саналади. Фақат буни тўғри тушунган ҳолда ёшларга жойни бўшатиб беришни билиш даркор. Саркисян эса “Нефтчи”га отасидан қолган мерос сифатида қарайди. Матбуот анжуманларида “мен ўрнимни ҳеч кимга бериб қўймайман”, деб бонг уради. Фикри ожизимча, бунга чек қўйиш вақти келди. Саркисян ёшларга имконият бериши шарт. Акс ҳолда Фарғона футболи яна бир неча йилни йўқотиши аниқ.
Ўринбой Юсупов (“Нефтчи” мухлиси, Риштон тумани):
– Бунга қачонгача чидаш мумкин. Сабрнинг ҳам чек-чегараси бор. Тўғри Саркисяннинг Фарғона футболига қўшган ҳиссаси беқиёс. Агар у чиндан ҳам жамоага ёрдам беришни истаса, мардларча истеъфога чиқиши лозим. Акс ҳолда жамоанинг аҳволи ёмонлашиб бораверади. Биз мухлислар эса дардимизни кимга айтишни билмай сарсон юраверамиз.
“Фарғона ҳақиқати” газетасидан олинди.